Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод ЎКТАМ

20.02.2017


ЎН КУНЛИК МУЛОҚОТ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқотни янада самарали олиб бориш мақсадида Олий Мажлис палаталари фаолиятини кучайтириш бўйича зарур механизмни таклиф этганди. Бунинг учун ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, халқ билан мулоқот қилиш орқали жойлардаги ҳақиқий аҳволни, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса беришлари лозимлигини таъкидлаганди.

Хабар берганимиздек, вилоятимизда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳнинг дастлабки мулоқоти Чироқчи туманидан бошланди. Ишчи гуруҳ аъзолари билан бирга, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, туман ҳокимлиги масъул ходимлари, турли соҳалар мутасадди вакиллари жойларда кенг аҳоли қатламининг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишишди, аҳолини қийнаётган масалалар жойида ҳал қилиниб, ҳудудда ечимини кутаётган масалалар атрофлича ўрганилди.

Хусусан, Оқтўнли қишлоғида яшовчи Ҳайитгул Шовқулованинг турмуш ўртоғи бир неча йил илгари вафот этган. Беш нафар фарзандга ҳам оталик, ҳам оналик қилиш ёлғиз аёлнинг чекида. Афсуски, у иккинчи гуруҳ ногирони ҳам. Ўз-ўзидан оилавий шароитда қийинчиликлар туғилган. Шуни эътиборга олган ҳолда мазкур оилага чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Шунингдек, хонадонга ичимлик суви қувури ҳам тортилиши белгиланди.

Шу қишлоқда яшовчи Улуғбек Бекмуродовнинг эса кўзи туғма ожиз. Аммо унга белгиланган тартибда нафақа тайинланмай келган. Ўрганишлар асосида мазкур масала фуқаро фойдасига ҳал қилинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Аннаруз қишлоғида яшовчи Холиқ Диёров хонадонида ажойиб манзарага гувоҳ бўлишди. Ҳовлисида иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштираётган хонадон эгасининг режалари бир талай.

- Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлар барчани астойдил меҳнат қилишга ундаяпти, - дейди хонадон эгаси. - Беш сотих ерга лимон экканман. Озроқ ерни эса помидор ва бодринг экишга тайёрлаб қўйганман. Фаолиятимни кенгайтириш мақсадида банкдан кредит олиш ниятим бор эди. Депутатлар иштирокида режаларим ўрганиб чиқилди, банкдан имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Бундан хурсандман.

2016 йилда Чироқчи иқтисодиёт коллежини тамомлаган Дилобар Бекмуродова "Менинг бизнес-ғоям" кўрик-танловининг фаол иштирокчиларидан. У ҳам банкдан имтиёзли кредит олиб, тикувчилик цехи очишни мақсад қилган. Бироқ кредит эвазига гаровга қўйиш учун мол-мулки йўқлиги сабабли унинг иши олдинга юрмаётганди. Энди унга кафиллик асосида кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

- Илгари депутат ёки сенаторларни фақат телевизорда кўриб юрардик, - дейди Дилобар Бекмуродова. - Уларнинг ҳар бир хонадонда бўлиб, муаммоларимиз билан яқиндан танишиб, ҳал этишда ёрдам беришгани барчамизни шод этди.

Ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, Тоқчи қишлоғида яшовчи Э.Бозоровга лимон етиштириш учун, Қозоқ қишлоғилик Н.Муродовга 1 бош қорамол, 20 товуқ, 4 та эчки сотиб олиш учун кредит ажратилишида кўмаклашилди. Торжилға ва Мирзатўп қишлоқларидаги 13 та хонадон шартнома бўйича газ баллонлари билан таъминланди. 10 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 20 нафар тадбиркорлик истагидаги кишига савдо қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома расмийлаштириб берилди. Эътиборлиси, ўзаро мулоқот жараёнида аҳолини ўйлантираётган 176 та масала жойида ҳал қилинди.

- Учрашувларда аҳолининг меҳнатга, янги марраларга иштиёқи юқори экани яққол кўзга ташланди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. - Биргина ёшларни олайлик. Чиял иқтисодиёт ва Оқтўнли саноат коллежлари битирувчилари билан мулоқотда қиймати 45 миллион сўм бўлган тикувчилик цехи лойиҳаси (бизнес-режа) ишлаб чиқилди. Унга кўра, кредит маблағи ҳисобидан тикув машиналари сотиб олиниб, 36 нафар битирувчи иш билан таъминланади. Мазкур масала тегишли мутасаддиларга етказилиб, ижроси назоратга олинди.

Ўрганишлар туманда аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммолар, ечимини кутаётган долзарб масалаларни ҳам рўй-рост кўрсатиб берди. Хусусан, фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш, банк пластик карточкалари орқали тўловларни амалга оширишда камчиликлар мавжуд. Электр энергияси таъминотидаги узилишлар, суюлтирилган газ, ичимлик суви таъминоти, чиқиндиларни ташиб кетиш хизматларидан аҳоли норози.

Биргина рақам. Аҳолининг бор-йўғи 4 фоизигина "Сувоқова" корхонаси билан шартнома тузган. Қолган аҳоли ичимлик сувини ё бошқа жойдан ташиб келади, ё артезиан қудуқлардан фойдаланади.

Таълим муассасаларининг моддий-техника таъминоти, энг ёмони, ўқитиш сифати кўнгилдагидай эмас. Дарсликлар, қўлланмалар, ўқув қуроллари ва жиҳозлар етишмайди. Айрим ўқув бинолари таъмирталаб, етарли даражада иситилмайди.

Шўрқудуқ қишлоғида жойлашган, 2008 йилда қурилган 154-мактаб, "Галабек" қишлоқ врачлик пункти шу кунгача электр таъминотисиз фаолият юритган. 138- ва 169-мактаблар ҳам электр энергияси билан етарлича таъминланмаган. Янгиобод маҳалласида жойлашган 22-мактабда эса айни қиш мавсумида кўмир захираси тугаган. Ҳолбуки, барча мактабгача ва умумтаълим муассасаларига кўмир ёқилғиси етказилган, лекин иситиш тизимининг яхши ишламаслиги ва қозонхоналарнинг эскириб қолганлиги сабабли тизимда муаммолар вужудга келган. 15 та мактабни иситишда жиддий муаммолар бор. Тумандаги 32 та мактаб ичимлик суви тизимига уланган, қолган мактабларга эса сув ташиб келтирилади.

Болалар боғчаларидан фақат 1-сонли мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинган ва керакли жиҳозлар билан таъминланган. Қолган 11 та болалар боғчаси ва 2 та филиал бинолари таъмирталаб ҳолатда, баъзиларининг ҳудуди ўралмаган ва ободонлаштирилмаган. Бундан ташқари, болалар учун турли жиҳозлар ва ўйинчоқлар, ўйин майдончалари учун атрибутлар етишмайди. Аҳоли ҳудудларидан узоқ масофада жойлашган боғчаларга имтиёзли нархларда автобуслар қатнови ташкил қилинмаган. Шунинг учун ҳам туманда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси бор-йўғи 3,8 фоизни ташкил этади.

Айни пайтда умумтаълим мактабларида меҳнат қилаётган педагогларнинг 64 фоизи олий маълумотли, 2108 нафари ўрта махсус маълумотга эга. Бугун ҳудуд мактабларида 410 нафар олий маълумотли ўқитувчига эҳтиёж мавжуд.

Барча мактаблар кутубхоналарида бадиий адабиётлар етишмайди, улар охирги марта 2011 йилда олиб келинган, холос.

Мактаблар компьютер синфлари билан таъминланган бўлса-да, электр энергияси таъминотидаги узилишлар информатика дарсларининг ахборот-коммуникация технологияларисиз ўтилишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш вазифаси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Чунки коллежлардаги айрим йўналишлар кутилган самарани бермаяпти. Масалан, банк иши, молиячи, бухгалтерия, ихтисослаштирилган бошланғич таълим, мураббий-инструктор йўналишларини тамомлаган ўғил-қизлар иш топишда қийналаяпти. Ана шулар ҳисобга олиниб, касб-ҳунар таълими муассасаларида асаларичилик, ипакчилик, иссиқхона ва иссиқхона хўжалиги техник-технологи, сартарошлик ва декоратив косметика, дизайн, ошпазлик ва ресторан хизмати, пойабзалчилик каби йўналишларда мутахассислар тайёрлаш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ.

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Уйшун, Қалқама, Чиял бўлинмалари бинолари капитал таъмирлаш ва реконструкцияга муҳтож. Бўлинмаларнинг иссиқ ва совуқ сув таъминоти йўқ. Лаборатория зарур жиҳозлар билан таъминланмаган.

Туманда аҳоли сонига нисбатан 12 та тез тиббий ёрдам бригадаси етишмайди. Бу эса ҳудудда тез тиббий ёрдам хизматининг қониқарсиз аҳволда эканини кўрсатади. Туман силга қарши курашиш диспансери тўлиқ реконструкцияга муҳтож, моддий-техника базаси етарли даражада эмас. Фтизиатор шифокорларга эҳтиёж бор.

Ҳудудда ҳар 10 минг аҳолига 8 нафар врач тўғри келишининг ўзиёқ аҳоли саломатлигини сақлашдаги тизим имкониятларини кўрсатади.

Қишлоқ врачлик пунктларининг 8 таси мослаштирилган бинода жойлашган ва улар ҳам таъмирталаб. Уларнинг тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланганлик даражаси 85 фоизни ташкил этади. Электр энергияси таъминотидаги узилишлар замонавий тиббий ускуналардан фойдаланиш имкониятини йўққа чиқармоқда. "Соҳибкор" ҚВП ичимлик суви билан таъминланмаган, хизмат кўрсатиш ҳудудининг катталиги ҳисобига аҳоли 10 километр масофадан қатнашига тўғри келмоқда.

Туманда 78 нафар фуқаро (23 нафари вояга етмаган ёшлар) ОИТС вирусини орттирган. 2016 йилда болалар ўлими 61 нафарни ташкил этган ва ҳамон юқорилигича қолмоқда.

- Чироқчи тумани кўплаб жиҳатдан улкан салоҳиятга эга эканини ҳисобга оладиган бўлсак, таълим ва тиббиёт соҳасида ўтган асрнинг 80-йилларини эсга солувчи манзара ҳар қандай кишининг кўнглини хира қилади, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдимурод Бозоров. - Мазкур масалалар депутатлар, сенаторлар иштирокида ўрганиб чиқилди, аҳволни ўнглаш юзасидан қатор ишлар қилинди, чора-тадбирлар белгиланди.

Бозорлар ҳолати ўрганилганда, уларнинг 8 тасида расталар жойлашиш схемаси, жой ва хизмат ҳақи ставкалари, сотувчи, харидор ва бозор маъмуриятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган паннолар ўрнатилмагани ҳамда гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотиш учун алоҳида павильонлар қурилмагани аниқланди.

Бундан ташқари, 6 та бозорда ва "Кўкдала деҳқон бозори" МЧЖга қарашли яна шунча бозор филиалида ҳудудий ички ишлар органлари ва давлат ветеринария хизмати органларининг таянч пунктларини жойлаштириш учун хоналар ажратилмаган. Шунингдек, бозор ҳудудидан чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича ободонлаштириш бошқармаси билан шартномалар тузилмаган, буни ҳал этиш чоралари кўрилмаган.

- Ўрганишлар шуни кўрсатдики, тумандаги муаммоларни туман, вилоят ва республика миқёсида ҳал қилинадиган масалаларга бўлиш мумкин, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов. - Эътибор қиладиган бўлсак, туман пахта етиштиришда етакчи саналади, бироқ ҳудудда бирорта текстиль корхонаси йўқ. Бу ерда 20 минг гектар лалми ер бор, лекин бирорта ун заводи йўқ. Яна бир нарса. Дунё бўйича фақат Болгария давлатида тарвуз шарбати тайёрланади, нима учун буни Чироқчида йўлга қўйиб бўлмайди? Ёки туманда шиша заводи қуриб бўлмайдими? Унутмаслик керак, саноат корхонаси хомашё бор жойда қурилиши керак. Чироқчида эса хомашё бор. Булар - туман, вилоят миқёсида ҳал қилса бўладиган масалалар. Дейлик, тиббиёт ходимлари етишмаслигини инобатга олиб, Тошкент тиббиёт академиясининг ҳудудий филиалини очиш республика даражасида ҳал қилинади. Умуман, аҳоли билан ўтган ўн кунлик мулоқот ана шу каби масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш имконини берди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ички ишлар органлари жиноятларнинг олдини олиш борасида янада самарали механизмларни жорий этиши зарур. Шу билан бирга, участка инспекторлари маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўриши керак.

Туманда 2015-2016 йилларда қасддан одам ўлдириш 2 тадан 7 тага, номусга тегиш ва талончилик 1 тадан 3 тага, фирибгарлик 56 тадан 60 тага, вояга етмаганлар жинояти 10 тадан 13 тага ўсган. Шу билан бирга, ноаниқ шароитда содир этилган жиноятларнинг 65 таси фош этилмаган.

Туман ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳудудларда ўз-ўзини қўриқлаш постлари ташкил этилган, бироқ инспекторларнинг фаолияти етарли даражада яхши йўлга қўйилмаган.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг Чироқчи туманида ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан 2017 йилнинг 1-10 февраль кунлари ўтказган ўрганиш натижалари тумандаги ечимини кутаётган аксар масалаларни кўрсатиб берди.

Яна бир нарса. Ишчи гуруҳ 628 та хонадонда бўлди. Агар ҳудудда 68 мингга яқин хонадон борлигини инобатга оладиган бўлсак, бу аҳоли хонадонларининг 1 фоизи қамраб олинди дегани. Демак, ҳудудда ўнглаш зарур бўлган, ҳар бир мансабдор шахс ўз ишига ўта масъулият билан ёндашиши тақозо қилинадиган жабҳалар кўп. Ҳарҳолда халқ билан мулоқот жараёни шуни тасдиқлаб турибди.

Бекзод ЎКТАМ

Report typo