Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

МИРЖАҲОН

21.11.2017


“НАФОСАТ-2017”: РАҚОБАТ ВА ТАРҒИБОТ ЧОРЛОВИ

Унда воҳамизда самарали фаолият юритаётган 30 нафардан ортиқ дизайнер қатнашди.

Иштирокчилар 4 та асосий йўналиш - “Ишбилармон ва етакчи аёл”, “Талаба қиз”, “Ижодкор аёл” тимсоллари ҳамда “Эркин мавзу” номинациялари бўйича баҳслашди. Улар аввалдан тайёрлаб келган ўз ижод намуналари, эскизларни ҳакамлар эътиборига ҳавола этди.

Тақдим этилган аёллар либослари муайян ташкилот нуфузи ва иш услубига мос бўлиши, юксак кийиниш маданиятини, миллийлик ҳамда замонавийлик уйғунлигини акс эттириши ва ўзига хос ёндашуви билан ажралиб туриши танлов талаблари сирасига киради. Шу орқали дизайнерларнинг касбий маҳорати ва билим  даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш, улар фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини тарғиб этишга кўмаклашиш кўзда тутилган.

- Дизайнерликка ёшлигимдан қизиқаман, - дейди Қарши шаҳридаги “Фердил” хусусий корхонаси дизайнери Феруза Каримова. – Ҳар доим ўз устимда ишлаб, касбимга доир янгиликларни ўзлаштириш, шогирдларимга ҳам ўргатиш ҳаракатидаман. Айни пайтда нодавлат таълим муассасасида кўплаб ёшларга дизайнерликдан сабоқ бераяпман. Мазкур танловда ўзим яратган 15 та либосни намойиш этдим. Улар тадбиркор, ўқитувчи, раҳбар аёллар, турли ташкилот ва идораларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар, талабалар учун мўлжалланган. Кийимлар дизайнини яратишда уларнинг этикага мос, ярашиқли, хушбичим бўлишига эътибор қаратдим. Бир қанча янгиликлар киритдим. Якунда ишларим юқори баҳоланиб, 1-ўринга муносиб кўрилдим ва танловнинг республика босқичига йўлланма олдим.

Дизайнерларнинг миллий йўналишда, маросимлар учун тайёрлаган либослари ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Танлов ғолиблари ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

МИРЖАҲОН

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo