Қарши шаҳрида “Нафосат-2024” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят оила ва хотин-қизлар ҳамда маданият бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб чиққан ишбилармон хотин-қизлар ўзаро баҳс олиб боришди. Энг қувонарлиси эса барча иштирокчилар ўз ҳудудида тадбиркорлиги билан элу юртга катта фойда келтираётган, иш ўринлари ташкил этган фидойилардан иборат бўлди.
Танлов қатнашчилари 4 та асосий йўналиш - “Замонавий ишбилармон ва етакчи аёл ”, “Талаба қиз”, “Ўзбекойим миллий либоси” тимсоллари ҳамда “Ўзбек аёлининг рўмол ўраш санъати” номинациялари бўйича баҳслашди. Улар аввалдан тайёрлаб келган ўз ижод намуналари, эскизларни ҳакамлар эътиборига ҳавола этди.
Тақдим этилган аёллар либослари муайян ташкилот нуфузи ва иш услубига мос бўлиши, юксак кийиниш маданиятини, миллийлик ҳамда замонавийлик уйғунлигини акс эттириши ва ўзига хос ёндашуви билан ажралиб туриши танлов талаблари сирасига киради. Шу орқали дизайнерларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш, улар фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини тарғиб этишга кўмаклашиш кўзда тутилган.
Танлов якунига кўра олий ўрин Шаҳрисабз шаҳрилик Махлиё Манноновага насиб этди. Биринчи ўринни Қарши шаҳридан Нафиса Асланова, иккинчи ўринни мубораклик Гулзор Сафарова, учинчи ўринни касбилик Зебунисо Султонова қўлга киритишди.
- Ҳунарманд сифатида 13 йиллик фаолияти давомида Шаҳрисабз шаҳридаги минглаб хотин-қизларга ўз касбимнинг сир-асрорларини ўргатиб келяпман, - дейди “Шаҳрисабз ҳунармандлар кластери” МЧЖ раҳбари Махлиё Маннонова. – Ҳар доим ўз устимда ишлаб, соҳага оид янгиликларни ўзлаштириш, шогирдларимга ҳам ўргатиш ҳаракатидаман. Айни пайтда юздан зиёд ёшларга ироқи кашта тикиш ва дизайнерликдан сабоқ беряпман. Мазкур танловда кийимлар дизайнини яратишда уларнинг этикага мос, ярашиқли, хушбичим бўлишига эътибор қаратдим. Бир қанча янгиликлар киритдим. Якунда ишларим юқори баҳоланиб, олий ўринга муносиб кўрилдим ва танловнинг республика босқичига йўлланма олдим.
Барча иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.