Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

14.03.2024


НАФРАТ ВА УРУШ УЧУН ҲЕЧ ҚАНДАЙ САБАБ ЙЎҚ ЭДИ...

Сараланган сатрлар

Бернҳард Шлинк қаламига мансуб "Китоб ўқиб берувчи" романи кўпроқ бадиий фильми орқали машҳур бўлди, десак хато бўлмайди. Бир тарафи машҳур актёрлар ижроси, иккинчи жиҳати, фашистлар орасида ҳам виждонлилари бўлгани ва айбига иқрор бўлиб, бутун умр афсусда яшаганини акс эттиргани билан кўпчилик эътиборини тортди. Албатта, миллионлаб инсонларнинг жони ва қони эвазига бўй кўрсатган пушаймонни оқлаб бўлмайди, бироқ, муаллиф айтмоқчики, фашист жаллодларининг аксари кўр-кўрона қотилликка берилган бўлса, кимлардир бу ишни мажбурликдан бажарарди, йўқса, ўзи қурбон бўларди: бир кишининг тирик қолиши миллионлаб умрлар эвазига бўлиши уруш ва мустабид тузум шароитида юз беришини яхши биласиз.

Фашизм иштирокчиларининг жинояти, унинг тўлови, авлодлар тафаккури ўртасидаги тафовут акс этган роман 1995 йилда нашрдан чиққан ва 39 тилга таржима қилинган.

*  *  *

Хатти-ҳаракат ўз-ўзидан келиб чиқмайди, у аҳд-қарорга боғлиқ бўлиши мумкин, лекин бунга мажбур эмас. Ҳаётим давомида кўпинча шундай бўлганки, қилишга қарор қилмаган ишларни қилганман, бажаришга аҳд қилган ишларни эса қилолмаганман. Ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган: ортиқ кўришни хоҳламаган аёл олдига бориш, бошлиқ ҳузурида билдирган фикр-мулоҳазам учун бошим билан жавоб бериш, чекишни ташлашга қарор қилган бўлишимга қарамасдан, чекиш, кашанда бўлиб қолишимни тан олгач, чекишни бас қилиш ва ҳоказо. Бу билан ўй-ният ва аҳд-қарор қилишнинг хатти-ҳаракатга ҳеч қандай таъсири йўқ, демоқчи эмасман. Бироқ ҳар қандай хатти-ҳаракат олдиндан нималарни ўйлаб, қандай қарорга келганинг билан содир бўлавермайди. Унинг ўзига хос келиб чиқиш манбаи бўлади ва худди шунга ўхшаб, ўй-ниятим ҳам ўзимники ҳамда қарорим ҳам ўз қарорим бўлгани каби, хатти-ҳаракатим ҳам ана шундай ўзига хос, мустақил тарзда юзага келади.

*  *  *

Отам фалсафа профессори ва унинг ҳаёти ўқиш ва фикрлаш, ёзиш ва ўқитишдан иборат эди. Баъзан мени шундай бир ҳиссиёт чулғаб олардики, биз - оила аъзолари, унинг учун гўё уй ҳайвонлари сингари эдик. Масалан, сайрга олиб чиқиладиган ит, эркалатиб силасанг, қучоғингда ҳуриллаб кулча бўлиб ётадиган мушук каби - булар, албатта, ёқимли ва ҳатто муайян бир тарзда зарур бўлиши ҳам мумкин, лекин шунга қарамасдан, уларни боқиш, парваришлаш, керак бўлса, ветеринар шифокорга олиб бориш ва ҳоказо юмушлар гоҳо бир кишига кўплик қилади. Чунки ҳаёт қаердадир, бошқа ўзанда оқади. Биз, яъни оиласи унинг ҳаёти бўлиб қолишини хоҳлардим.

*  *  *

Нима учун бир пайтлар гўзал кўринган нарсалар, воқеалар ортга назар ташлагач, бизга омонат, бефайз, замирида эса хунук ҳақиқатлар яширингандек туялаверади?

Бордию, охири азоб-изтироб-ла кечган бўлса, баъзан хотира ҳам бундай бахтга вафо қилмайди. Чунки абадий давом этсагина, уни бахт деб аташ мумкин, аслида ҳам шундаймикин? Зотан, неки азоб-изтиробли, ғайришуурий ва номаълум тарзда кечган бўлса, унинг охири ҳам азоб-изтироб билан тугайди, шундайми? Бироқ ғайришуурий ва номаълум азоб-изтиробнинг ўзи нима?

*  *  *

Бекатда тушиб қолиш, қушларнинг чуғур-чуғурини тинглаш ва қуёшнинг чиқаётганини кўриш баайни уйқудан уйғонишдек гап. Лекин ёмон тушдан сўнгги уйғониш одамга енгиллик бахш этмайди. У тушида қўрқинчли бир нима кўргандай, ҳатто қандайдир даҳшатли ҳақиқатга дуч келгандай ҳис қилади ўзини.

*  *  *

Ота-она одатда, бошқа болаларига қараганда кўпроқ "муаммоли" фарзандига эътибор қаратади.

*  *  *

Агар ўзимга ишонсам, ҳатто энг катта қийинчиликларни ҳам бемалол енга олардим. Аммо ўзимни ночор-нотавон ҳис қилишим учун зиғирча муваффақиятсизлик кифоя қиларди.

*  *  *

Башарти самолётларнинг мотори бузилиб, ишламай қолгудек бўлса, бу ҳали уларнинг парвози ниҳоясига етди, деган гап эмас. Самолётлар осмондан худди тош сингари қулаб тушиб кетавермайди. Улар, айниқса, улкан ва тезучар йўловчи ташувчи самолётлар ярим соат ва ундан ошиқроқ, чорак кам бир соатгача бўлган вақт давомида ерга томон сирғалиб учиб бораверади. Йўловчилар эса ҳеч нарсани сезмайдилар. Ишламай қолган мотор билан учиш ишлаб тургандагидан деярли фарқ қилмайди, фақат сал секинроқ, холос: самолётнинг корпус ва қанотларига урилаётган шамол шовқини эса баралла эшитилади. Ниҳоят, деразалардан ер, қуруқлик ёки денгиз таҳликали тарзда яқин кўрина бошлайди. Салонда эса фильм намойиш қилиняпти, стюардессалар чийпардаларни туширади. Эҳтимол, йўловчиларга бундай секин, оҳиста парвоз ёқимли туюлса ҳам ажабмас. Ёз Ҳаннага бўлган муҳаббатимнинг ана шундай секин-аста пастлаб учиш фасли бўлди.

*  *  *

Семинарда қонуннинг аввалги даврга жорий этила оладиган тескари кучи асосида жазолашни тақиқлаш хусусида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтгани эсимда. Концентрацион лагернинг соқчи, қоровул ва жаллодларини жазога ҳукм қиладиган модда улар томонидан жиноятлар содир этилган ўша пайтлардаёқ жиноят кодексида мавжуд бўлганининг ўзи етарли эмасми ёки гап унинг ўша жиноятлар даврида қандай идрок қилингани ва айнан ўша жиноятчиларга нисбатан қўлланилмагани ҳақида   боряптими? Ҳуқуқ дегани нима ўзи? У фақат китобларда ёзиладиган ёки жамиятда, ҳақиқатан ҳам, амал қилинадиган ва ижро этиладиган нарсами? Ёки ҳуқуқ дегани китобга ёзилиш-ёзилмаслигидан қатъи назар, ҳамма нарса ҳалол, тўғри бўлгандагина амал қилиниб, бажариладиган нарсами?

*  *  *

Шундай ишлар борки, уларга шунчаки аралашиб қолмаслик лозим ва агарда кимнингдир бошига етиши мумкин бўлса, улардан воз кечмоқ керак.

*  *  *

Уят мужмал, рад этувчи, кибр-ҳаволи, пинҳоний ва муғамбирона ҳамда таҳқиромуз феъл-атвор ва муомалага сабаб бўлишини билар эдим.

*  *  *

Тасаввур қилинг, кимдир ўз бахтига ўзи зомин бўляпти ва сиз уни қутқара оласиз - уни қутқарармидингиз? Тасаввур қилинг, бемор ва амалиёт, бемор қабул қиладиган дори-дармон анестезия билан чиқишмаяпти, у эса бунақа дори-дармонни ичишдан уялиб, анестезиологга буни айтмоқчи эмас - шунда анестезиолог билан гаплашармидингиз? Суд муҳокамаси ва айбланувчини тасаввур қилинг, агар айбланувчи чапақай эканини айтмаса жазоланади, чунки жиноят ўнг қўл билан содир этилган, демак, у жиноятчи эмас, фақат у чапақай эканини айтишга уялади - шунда судьяга бор гапни айтган бўлармидингиз? Гап бу ерда чапақайми ё бошқами, қатъи назар, уялиш кераклиги ҳақида эмас, балки - айбланувчининг уялишини шунчаки тасаввур қилиб кўринг, демоқчи эдим, холос.

*  *  *

"Эсингдами, ёш болалик пайтингда сенга нима маъқуллигини ойинг ўзингдан яхшироқ билишига ғашинг келарди. Болалар неча ёшга киргунча шундай бўлиши керак, бу ҳақиқий муаммо, фалсафий муаммо, аммо фалсафа болалар ҳақида қайғурмайди. У болалар тарбиясини педагогикага юклаган, фалсафа болаларни унутиб қўйган".

*  *  *

Ишқибозлик, ғаразгўйлик, муҳаббат ё нафрат туфайли ёки шон-шараф, ор-номус, обрў-эътибор ёки қасос олиш учун одам ўлдиришади, буни тушунасизми? Бой ёки куч-қудратли бўлиш учун қотиллик қилишларини ҳам тушунарсиз? Урушда ёки инқилоб пайтидаги қотилликларни-чи? Бироқ... Бироқ лагерларда ўлдирилганлар уларни ўлдирганларга ҳеч нима қилмаган-ку. Нафрат ва уруш учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди...

*  *  *

Ота-онага бўлган меҳр-муҳаббат ягонадир, унга ҳеч ким масъул бўлолмайди.

*  *  *

Қандай қилиб айб, гуноҳ ва уятни ҳис этиш билан бирга, айни чоғда одам ўзининг ҳақ эканини рўкач қилиб, мақтаниши, гердайиши, кеккайиши мумкин? Ота-оналардан воз кечиш фақатгина риторика, сўзамоллик, шовқин-суронмидики, ота-онага меҳр-муҳаббат билан уларнинг айб, гуноҳларига сўзсиз аралашиб қолишни босиб кетиши лозим бўлса?

*  *  *

Қилган ишинг ҳақиқат бўлгандан кейин уни бировга гапириб ўтириш шарт эмас.

*  *  *

Тарих билан шуғулланиш ўтмиш ва ҳозирги замон ўртасига кўприк солиш ва иккала қирғоқни ҳам кузатиш, икковида ҳам фаол, ишчан бўлиш демакдир.

*  *  *

Ўшанда "Одиссея"ни яна қайта ўқиётгандим, уни илк бор мактабда мутолаа қилгандим ва у хотирамда ватанга қайтиш қиссаси сифатида сақланиб қолган эди. Аммо у ватанга қайтиш қиссаси эмас. Худди ўша дарёга икки марта тушиб бўлмаслигини билган юнонларнинг қандай қилиб ватанга қайтишга ишонишлари мумкин эди? Одиссея қолиш учун эмас, балки яна тағин йўлга отланиш учун қайтиб келади. "Одиссея" - бир вақтнинг ўзида мақсадга йўналган, ҳам мақсадсиз, муваффақиятли, ҳам беҳуда ҳаракат қиссасидир. Ҳуқуқ тарихи ундан бошқача бўлиши мумкинми?

*  *  *

Саводсизлик - вояга етмаганлик демакдир.

*  *  *

Ҳаётимиз ўзгаришлари, янгиланишлари бир-бири билан шу қадар узвий боғлиқки, бизга кейинчалик ҳар доим илгари бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар тугалланган, адо этилган бир нима сифатида эмас, балки ҳозирги ва жонли нарса сифатида дуч келади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo