Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

28.02.2020


НАФС ГИРДОБИГА ҒАРҚ БЎЛГАНЛАР

Назорат ва натижа

"Агар Худо бўлмаганда, ҳамма нарса мумкин эди", деб ёзади Достоевский ўзининг "Ака-ука Карамазовлар" асарида. Чиндан ҳам инсон табиати, нафси рухсат берилганларига эмас, тақиқ қўйилган нарсаларга мойилроқ, қизиқувчанроқ. Бу ҳақда "Ўзга боғнинг олмаси ширин бўлади" йўсинидаги мақоллар ҳам ўйлаб топилган. Агар инсонни дин, ахлоқ ва қонунлардан айро тутиб, ўз ихтиёрига қўйиб берилса, Ер юзида барча эзгуликлар паторат топиб, ҳар қадамда жоҳилликка дуч келиш мумкин бўларди.

Биргина мамлакатимизни оладиган бўлсак, турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ниятида қонунлар такомиллаштирилиб, назорат тадбирлари мунтазам олиб борилишига қарамай, қўли эгриликдан, тўқликка шўхлигу фаҳш йўлдан ўзини тийиб туролмайдиганлар камайиб ё йўқолиб қолаётгани йўқ. Сабаб сифатида яна ўша - инсон ўз нафси гирдобига ғарқ бўлганини келтириш жоиздир эҳтимол. Буни ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган профилактика тадбирлари натижалари миқёсида кўрса бўлади.

КАМБАҒАЛНИ ТУЯНИНГ УСТИДА ҲАМ ИТ ҚОПАДИМИ?

1987 йилда туғилган Р.Ҳамраев Косон туманидаги 10-сонли жазони ижро этиш муассасасига қарашли эски омборхона қоровулхонасида  яшаб келаётганди.

У учун ажойиб бўлмаган кунларнинг бирида қоронғи тушгач қоровулхона ичидаги бозор баҳоси 700 минг сўмлик велосипед, 100 минг сўмлик вентилятор, нархи 90 минг сўм атрофидаги тюнер, электр чойнак ва 800 минг сўмлик "RedMi-5" русумли телефон билан бирга 400 минг сўм пул, жами 2 миллион 120 минг сўм атрофидаги нарсалар қайгадир гум бўлиб қолади.

Унинг аризаси юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ўғриликни Косон тумани Лолазор МФЙда яшовчи фуқаролар - 1995 йилда туғилган У.М. ва 1994 йилда туғилган М.Х. содир этганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

ЎНГ КЕЛМАГАН ЎЙИН

Ҳамма бемаъни ишлар бекорчиликдан, бел оғритмай пул топиш истагидан келиб чиқади. Бундайлар учун қимор ўйнаб, йўқ жойдан мўмай даромадли бўлиш айни муддао. Жон койитмайди, омади ўнг келса, чўнтаги қаппаяди. Бироқ омади чопмаса, бутун хонумонига ўт кетиши тайин. Чунки қиморбозларнинг ёзилмаган қонун-қоидаларида фарзанд, ота-она, хотин каби тушунчаларнинг деярли аҳамиятсиз экани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун, бундай эгасизлик томир ёйиб кетишининг олдини олиш кўйида таваккалчиликка асосланган ўйинларга бош қўшганлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.

Жумладан, Косон тумани Сарипул МФЙда жойлашган автотураргоҳда, Янгиобод маҳалласида яшовчи И.Барноев ўзига тегишли "Дамас"нинг ичида бир нечта танишлари билан қимор ўйнаб тургани аниқланган. Улардан ўртага ташланган 131 минг сўм пул ва ўйин карталари расмийлаштириб олинган. Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар эса чора кўриш учун маъмурий судга юборилган.

Худди шундай, Шаҳрисабз шаҳридаги "Олчазор Азия" АЖ бозорида жойлашган автомашиналар тураргоҳида Ирғовул қишлоғида яшовчи, 1994 йилда туғилган И.Қиёмов ва 1995 йилда туғилган Ф.Хурсанов 231 минг сўм пул тикиб, карта ташлаётганда қўлга олинган.

Яккабоғ тумани Дархон МФЙ Шов қишлоғида жойлашган эски ёпиқ  автомашиналар кутиш бекатида эса шу қишлоқлик, 1992 йилда туғилган йигитлар - Б.Мусурмонов, Т.Нормуродов ва М.Узоқов 1 миллион 344 минг сўмга кўз тикиб, ўйинга киришган.

Булар-ку ёшдир, ҳали оқ-қорани тузук-қуруқ англамагандир, бироқ Нишон тумани Талимаржон шаҳарчаси Обиҳаёт маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган Ш.Наимовнинг уйида, 1967 йилда туғилган М.Чоршанбиев, 1975 йилда туғилган С.Шеров ва 1968 йилда туғилган К.Холматов 2 миллион сўм пул тикиб, қимор ўйнаётганини қандай тушуниш мумкин?

Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғида яшовчи С.Тошев, М.Элбоев, З.Мейлиев ва З.Бойназаров эса ётган, ўтирган жойида карта ташлаб, 2 миллион 832 минг сўмни топишни мақсад қилишган. Шу вақтгача бундай ўйинларда кимнингдир омади келиб, кимникидир келмай юрган бўлиши мумкин, бироқ бу сафар уларнинг ҳаммаси қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

ЁНИДА, УЙИДА, БОЛОХОНАДА, БАЛИҚХОНАДА...

Нафс гирдобига тушган тоифалардан яна бири гиёҳвандлардир. Бу қилмишнинг оқибати аянчли тугашини билиб, англаб туришса-да, инсон онгига сунъий таъсир қиладиган заҳри қотил истеъмолию савдосидан воз кеча олмайдилар.

Миришкор тумани Гулшанбоғ қишлоғида яшовчи, 1991 йилда туғилган Н.Саидқулов велосипедида кетаётганда тўхтатиб текширилганда, унинг ёнидаги 2 дона қора рангли целлофан пакетда оғирлиги 1072,6 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги албатта тасодиф эмас. Қарши шаҳар Бўстон маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган Ш.Мардонов яшаш уйининг болохонасида гиёҳвандлик воситасини сақлаган. Ғузор тумани Обод маҳалласида истиқомат қилувчи, 1963 йилда туғилган Б.Мирзаев яшаш уйининг ҳожатхонасидаги сув солиш учун мўлжалланган 200 литрлик темир идишда марихуанани целлофан пакетга ўраб, яширган.

 Ғузор тумани Жарариқ маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган О.Муродов туман марказий ўйингоҳи рўпарасида жойлашган балиқхонада Тинчлик маҳалласилик Ҳ.Норматовга 5 дона гугурт қутига жойланган марихуана гиёҳвандлик воситасининг ҳар қутисини 420 минг сўмдан сотаётган вақтида ушланди.

Шу вақтгача оғу исканжасидан қутулолмай келганлар тақдири энди қонун занжирига боғланди.

ЎША КУН У МАСТ ЭДИ...

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, аввалдан нотўғри йўлдан юришга ўрганган одам қонуний жазосини олгани билан унинг кўнгли яна эски "ҳунар"ини тусаб қолмаслигига кафолат йўқ. Шу сабаб судланган, жазо муддатини ўтаб қайтганлар маълум вақт назоратда туради.

Миришкор тумани Миришкор маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган А.Тўйчиев ҳам илгари судлангани учун маъмурий назоратда турган. Аммо у кўнглини кенг қилиб, белгиланмаган жамоат жойларида спиртли ичимлик ичиб юрган. Натижада унга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман маъмурий суди томонидан базавий ҳисоблашнинг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Деҳқонобод тумани Сарчашма МФЙ Дуоб қишлоғида яшовчи, 1983 йилда туғилган, илгари судлангани учун назоратда бўлган Ш.Равшанов эса белгиланган муддатларда туман ИИБга келиб рўйхатдан ўтмаган. Бу бўйича энди у қонуний тушунтириш беришга мажбур.

Китоб туманидаги Минжир қишлоғида яшовчи, 1982 йилда туғилган Б.Ёриев эса назоратда бўла туриб, ички ишлар идораси рухсатисиз ҳудуддан ташқарига чиқиб кетган. Энди унга нисбатан ҳам чора кўрмасдан бошқа илож йўқ. Боя айтганимиздай, шахс белгиланган тартибни писанд қилмаяптими, яна жиноят ёки ҳуқуқбузарлик юз бериши эҳтимоли юқори. Бу ерда мақсад - бир одамни қайта-қайта жавобгарликка тортиш эмас, ўзгалар тинчлигини таъминлаш, десак, тўғрироқ бўлади.

НИКОҲ ЎҚИБ 7 КУН ҚАМОҚДА ЁТДИ...

Оила ва никоҳ - халқимиз учун муҳим қадрият. Бу борадаги муносабатлар албатта муқаддас динимиз аҳкомлари асосига қурилган. Ўз навбатида ушбу масалада қонун талаблари ҳам йўқ эмас. Дейлик, динимизда шаръий ҳукмларсиз оила юзага келмайди, фақат бунинг учун аввал қонуний никоҳдан ўтиш даркор. Бордию, никоҳланувчи йигит ва қизда никоҳ гувоҳномаси бўлмасаю, кимдир уларга шаръий никоҳ ўқиб берса, тегишли жавобгарликка тортилади.

Биламизки, айрим "эркак"лар кейинги жавобгарликдан қочиб, яъни бордию ажрашгудек бўлса алимент тўлашдан қутулиш кўйида фақат шаръий никоҳдан ўтиб қўйишади. Қонуний никоҳ орқали эса бундай оталардан болалари таъминоти учун маблағ ундирса бўлади. Умуман, никоҳ шаръий ва қонуний тартибда тузилгани ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ.

Бироқ Қамаши тумани Бошдара қишлоғида яшовчи, 1974 йилда туғилган Х.Жайлавов шу қишлоқда яшовчи фуқаролар З.Бобоёров ва Д.Ғайратовага ноқонуний шаръий никоҳ ўқиб берган. Шунга асосан унга нисбатан туман маъмурий суди томонидан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Деҳқонобод тумани Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи, 1978 йилда туғилган О.Қузиева эса фолбинлик қилгани учун базавий ҳисоблашнинг икки баравари миқдорида жарима тўлашига тўғри келди.

Шу тумандаги Нодира маҳалласида яшовчи, 1967 йилда туғилган   М.Ражабова ҳам фолбинлиги сабаб маъмурий жавобгарликка тортилди.

ЮЗИ ҚОРА ҚОРОВУЛЛАР

Маълумки, Қуръон ва суннатда зинодан нафақат қайтарилган, балки унга яқин йўламасликка даъват қилинган. Аллоҳ    таоло зино ҳақида Қуръони каримда шундай дейди:   "Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир".

Кундалик ҳаётимизда бунинг аксига дуч келарканмиз, ёмон йўлнинг бошини тутганларнинг қораси бошқаларга юқишидан хавотирланамиз.

Мисол учун, Миришкор тумани Баҳористон МФЙда яшовчи, 1956 йилда туғилган Б.Хўжжиев ўзи ишлаб келаётган туман ободонлаштириш идораси қоровулхонасида Каттапой маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган О.Худойназаров ва Китоб тумани Халқлар дўстлиги маҳалласилик, 1991 йилда туғилган Г.Соатованинг зино қилиши учун шароит яратиб бериб, эвазига 50 минг сўм олган. Нақ 64 йил яшаб қўйган бу инсоннинг маънавий қиёфаси ҳақида нима дейишга ҳайрон қоласан киши.

Деҳқонобод тумани Ойдин йўл маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган А.Менглиев ҳам ўзи ишлайдиган туман марказий шифохонаси қоровулхонасини Истиқлол маҳалласилик, 1993 йилда туғилган Ж.Тошбаев ва Ойдин йўл маҳалласилик, 1992 йилда туғилган Н.Абдурасуловага 50 минг сўм эвазига "бўшатиб" берган.

Қарши шаҳар Кунчиқар маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган Д.Ражабова эса Касби тумани Хўжаҳайрон қишлоғида яшовчи, 1999 йилда туғилган Д.Нормуродов ҳамда Қарши тумани Хонобод қишлоғида яшовчи, 1991 йилда туғилган   Ф.Ҳайитовга 50 минг сўм эвазига "хизмат" кўрсатган.

Шаҳрисабз шаҳар Ғалаба маҳалласида яшовчи, 1977 йилда туғилган М.Файзуллаева эса Чироқчи тумани Боғишамол маҳалласилик Н.Усмонова ва Китоб тумани Қайчили қишлоғилик О.Мавлоновани фоҳишалик қилишлари учун уйида сақлаб келган.

Энг ёмони, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мақсадимиз - фақат жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида айтишдангина иборат эмас. Тилагимиз шуки, ҳар бир киши жиноятга жазо муқаррар эканини англасин, тўғри йўлдан адашмасин!

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo