Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жамшид КУШИЛОВ, Азамат ЧОРИЕВ

18.10.2019


НАФС ЙЎЛДАН ОЗДИРГАНЛАР

- Ўчирилган шам давлатники, ёқилгани ўзимники. Сиз билан ўз ишим бўйича гаплашаяпман, шу боис ўз шамимни ёқиб қўйдим. Давлат иши юзасидан гаплашсак, нариги шамни ёқаман.

Сўзимиз аввалида ушбу ривоятни келтиришимизнинг сабаби бор, албатта. Ҳеч ким ўзига тегишли нарсани увол қилгиси келмайди. Аммо ўша нарса давлатники ёки бошқа бир жамоаники бўлса, уни эплашни билишмайди, аксинча, талон-торож қилишга ҳаракат қиладиганлар ҳам учрайди.

"Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ ИК вилоят филиалида техник назоратчи вазифасида ишлаган Н.Муратов ҳамда "Темурбек қурувчи" хусусий корхонасида бош ҳисобчи ва иш юритувчи вазифасида фаолият юритган Н.Тошевни ҳам ана шундай кишилар сирасига киритиш мумкин.

Н.Муратов намунавий типдаги уй-жойлар қурилиши бўйича пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилган ишларни техник назоратдан ўтказиб, қурилишнинг сифатли амалга оширилгани ёки аксинча, камчиликларга йўл қўйилганини баҳолаш ваколатига эга эди. У эса иш берувчи компания томонидан ўзига билдирилган мана шу ишончдан шахсий манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу борада "Темурбек қурувчи" хусусий корхонаси масъули Н.Тошев билан тил бириктириши айни муддао бўлди.

Пинҳона келишувга кўра, Н.Муратов "Темурбек қурувчи" хусусий корхонаси томонидан Қарши тумани Батош массивида намунавий типда барпо этилган 4 та бир қаватли, 4 хонали уй-жойнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текширар экан, аслида бажарилмаган бир қанча ишларни далолатномада "бажарилган", ишлатилмаган жиҳозларни эса "ишлатилган" деб кўрсатади.

Бундан кўзланган мақсад аниқ эди: компания томонидан қурувчи ташкилот фойдасига 94 миллион сўмдан ортиқ маблағ ошиқча ўтказиб берилади, сўнг икки шерик бу пулларни ўзаро тақсимлаб, чўнтагини қаппайтириб олишади.

Аммо якун улар ўйлаганидек бўлмади. Қайта текширув давомида Н.Муратов ва Н.Тошевнинг барча қинғирликлари  фош бўлиб қолди. Энди эса пушаймондан фойда йўқ. Нафс домига тушиб, пул топишнинг осон, аммо эгри йўлига ўтган бу шоввозларга суд ҳукми билан белгиланган тартибда жазо тайинланди. Қолаверса, ҳамкасблари, яқинлари олдида йўқотган обрў-эътибори, ўзларига билдирилган ишончни оқлай олмаганлиги улар учун яна бир жазо бўлди.

Жамшид КУШИЛОВ, 

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Азамат ЧОРИЕВ,

вилоят прокуратураси бўлим прокурори

Report typo