Тадбир аввалида тинчлик-осойишталик, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларига тўхталиб ўтилди. Милиция таянч пунктлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги иш тажрибасини оммалаштириш ва рағбатлантиришда мазкур кўрик-танлов муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Шунга монанд тадбир ўтган вилоят мусиқали драма театри фойесида таянч пунктларида амалга оширилган ишлар, жиноятчилик аҳволи тўғрисидаги маълумотлар, миллий анъана ва қадриятлар тимсоли бўлган кўргазмалар ҳамда фаолиятда қўлланилаётган замонавий инновацион технологиялар ўз аксини топди.
Ғолибларни аниқлашда милиция таянч пунктларининг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги вазият, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва аҳоли билан ҳамкорлиги, билим ва тажрибаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
15 милиция таянч пункти иштирок этган танловда Китоб туманининг Шарқ юлдузи маҳалла фуқаролар йиғинидаги 447-милиция таянч пункти 1-ўринни эгаллади ва мамлакат босқичига йўлланма олди.
Кейинги ўринларга Шаҳрисабз шаҳри Кеш маҳалла фуқаролар йиғинидаги 293- ва Қамаши тумани Сарбозор маҳалла фуқаролар йиғинидаги 410-милиция таянч пунктлари сазовор бўлди.
Танловда, шунингдек, "Энг фаол профилактика инспектори", "Энг фаол маҳалла посбони", "Энг фидойи маҳалла раиси", "Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассис", "Адолатли яраштириш комиссияси", "Ички ишлар органлари бошлиқларининг энг фаол ёшлар масалалари бўйича ўринбосари" каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.
Санъаткорлар иштирокидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади. Шу куни профилактика инспекторлари ва уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари учун атоқли адиб Чингиз Айтматов асари асосида саҳналаштирилган "Оқ кема" спектакли намойиш этилди.
Н.ХЎЖАЕВ