Қувонарлиси, мазкур нуфузли танловда Қашқадарё вилоятининг икки вакили юксак эътирофга муносиб кўрилди. Хусусан, Яккабоғ туманида фаолият кўрсатаётган "Ситора Имкон плюс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наргиза Саломова "Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори" сифатида тан олинди. Касби туманидаги кўп тармоқли "Юрт ризқи-наслчилик" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Насрулла Худойбердиев эса "Энг намунали солиқ тўловчи" номинацияси бўйича рағбатлантирилди.
- Аҳолига, айниқса, ёшларга касб-ҳунар ўргатишдек масъулиятли ва камтарона ишим жуда юқори баҳоланиб тегишли йўналишда республикада энг яхши деб топилганимдан бағоят хурсандман, - дейди Наргиза Саломова. - Тўғриси, бундай бўлишини ҳеч кутмагандим. Бир неча йилдан буён хусусий ўқув марказимизда маҳаллий ўқувчиларни талаб юқори касбларга ўқитиб келаяпмиз. Бугунга қадар ушбу даргоҳни 10 мингдан ортиқ киши тамомлаб, жамиятда, ҳаётда ўз ўрнини эгаллади, кўпчилиги тадбиркорлигини йўлга қўйди. Ҳозирда давлат раҳбари илгари сурган 5 муҳим ташаббусдан илҳомланиб, ҳудудимиздаги хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни тикувчилик, сартарошлик ихтисослиги бўйича таълим олдиришга жиддий бел боғлаганмиз. Буни беғараз, ҳомийлик асосида амалга ошираяпмиз.
Кўрик-танлов мутлақ ғолибларига статуэтка, махсус диплом ҳамда Президент соврини - "Spark" автомобили тантанали топширилди. Қолаверса, 2- ва 3-ўрин соҳиблари ҳамда махсус номинациялар совриндорлари ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, шу вақтгача вилоятимиз ишбилармонлари ушбу нуфузли кўрик-танловнинг финал босқичида 5 марта ўз йўналишида тенгсиз деб топилган. Жумладан, қашқадарёликлар 3 марта "Йилнинг энг яхши фермери", 1 мартадан "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" ва "Йилнинг энг яхши тадбиркори" бўлишган. Бу йилгиси эса умумий ҳисобда олтинчисидир. Аҳамиятлиси, 2012 йилдан кейин вакилларимиз бирор марта ҳам асосий ғолибликка эриша олмаётган, фақатгина қуйи ўринлар ва рағбатлантирувчи номинациялар билан кифояланиб келаётганди.
М.ЖЎРАЕВ