Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

23.10.2020


НАРХ-НАВО ОСМОНГА САПЧИМАСЛИГИ УЧУН МАСЪУЛЛАР ОЁҒИ ЕРДАН УЗИЛМАСЛИГИ КЕРАК

Озиқ-овқат хавфсизлиги

 Жорий йилнинг 9 ойи давомида аҳоли дастурхонига 221 минг тонна гўшт, 867 минг тонна сут, 347 миллион дона тухум, 147 минг тонна картошка, 393,5 минг тонна сабзавот, 158 минг тонна полиз маҳсулотлари ва 136 минг тонна мева етказиб берилган.

Айни пайтда вилоятда 1 миллион 570 минг бош қорамол, 4 миллион 583 минг қўй ва эчки, 6 миллион 158 минг бош парранда парвариш қилинмоқда.

Бу ҳақда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида Зойир Мирзаев маълумот берди.

Хабарингиз бор, жорий йил 16 октябрь куни Президент томонидан ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Шунга мувофиқ ўтказилган сессияда қайд этилишича, кейинги 3 йилда вилоятда гўшт ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида 525 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилган. Хусусан, қорамолчилик йўналишида 393 миллиард сўм, паррандачиликка 83, балиқчиликка 44, қуёнчиликка 5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, бунинг натижасида гўшт етиштириш 8 минг тоннага кўпайган.

Ўз навбатида вилоят ҳокими чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилаётган кредитлар кутилган самарани бермаётганини ҳам қайд этди.

Чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида чорвачилик хўжаликларига 57 минг гектар ер майдонлари ажратилган. Шундан 28 минг гектарга жорий йилда янги беда, 11 минг гектарга маккажўхори, 6 минг гектарга оқ жўхори ва 900 гектарга ҳашаки лавлаги экилди. Такрорий экин сифатида макка дони учун 8 минг гектар, силос учун 9 минг гектар ер майдони ажратилди.

Чорва зотини яхшилаш мақсадида жорий йилда 2 минг 325 бош зотли қорамол, 2 минг 906 бош қўй четдан, хусусан, Украина, Австрия, Польша ва Германия давлатларидан келтирилди.

Вилоятда 600 гектар иссиқхоналар мавжуд бўлиб, жорий йилнинг 9 ойида 42 та лойиҳа асосида 93 гектар иссиқхона ташкил қилинди (30 гектари гидропоника услубида, 63 гектари оддий).

Бундан ташқари, "Бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойили асосида 30 та маҳаллада умумий қиймати 182 миллиард сўмлик 10 минг 109 та       (2-3 сотихли) 260 гектар иссиқхоналар ташкил этиш ишлари бошланган.

Албатта, бу ишлар ҳам эътиборга молик. Бироқ бозорларда нарх-наво қимматлашиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Хўш, нархларни барқарор ушлаб туриш учун вилоят раҳбарлари, халқ ноибларининг аниқ режа-дастури борми?

Сессияда айтилишича, вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ҳамда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича қатор режалар мавжуд.

Хусусан, жорий йилнинг 1 ноябридан 2021 йил 1 майига қадар бўлган муддат учун қилинган ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли эҳтиёжини қондиришга 86 минг тонна картошка, 11 минг тонна пиёз, 32 минг тонна сабзи, 16 минг тонна гуруч, 123 минг тонна ун, 46 минг тонна мол ва қўй гўшти, 24 минг тонна парранда гўшти, 17 минг тонна шакар, 12 минг тонна балиқ, 360,3 миллион дона тухум керак.

Хўш, бунча маҳсулотни қаердан ва қай йўллар билан жамғарамиз?

Айтилишича, мол ва қўй гўшти, ун, сабзи ва пиёзга бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқариш эвазига етказиб берилади.

Парранда гўштининг 8 минг тоннаси (32 фоизи) маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қопланса, 16 минг тоннаси (68 фоизи) Самарқанд вилояти парранда корхоналаридан келтирилади.

Картошканинг 70 минг тоннаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан, 14 минг тоннаси бошқа вилоятлар ва 2 минг тоннаси импортдан қопланади.

Айни пайтда вилоятда 2,6 минг тонна шакар захираси мавжуд, бошқа вилоятлардан ва импорт ҳисобидан 14,8 минг тонна шакар келтирилиши кўзда тутилган.

Вилоятдаги 2 та ёғ-экстракция корхоналари қувватини ошириш орқали ва уларга 98 минг тонна чигит етказиб бериш билан 16 минг тонна ёғ ишлаб чиқарилиб, эҳтиёж қопланиши мўлжалланмоқда.

Балиққа бўлган талабнинг 7 минг тоннаси маҳаллий ишлаб чиқаришдан, 5 минг тоннаси бошқа вилоятлардан келтириш билан қондирилади.

Шунингдек, соғлом рақобат асосида бозорни тўйинтириб туриш мақсадида 9 хил асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиб, заруратга қараб кунлик савдога чиқариш тизими ишлаб чиқилган. Унга кўра, аҳоли талабидан келиб чиқиб, ҳар куни 34 тонна мол ва қўй гўшти, 19 тонна товуқ гўшти, 320 минг дона тухум нисбатан арзон нархларда кунлик савдога чиқарилади.

Худди шундай, доимий захирада турадиган 18 минг тонна картошка, 3 минг тонна пиёз, 6 минг тонна сабзи, 7 минг тонна гуруч, 3,5 минг тонна ўсимлик ёғи, 1,5 минг тонна шакар нархларни  барқарорлаштириш учун график асосида савдога чиқариб борилади.

Маҳсулотлар савдоси учун вилоятдаги 19 та бозор, 24 та аҳоли гавжум масканларда арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркалари ташкил қилинади.

Қарши шаҳридаги 4 та деҳқон (озиқ-овқат) бозоридаги савдо ярмаркалари онлайн кузатув асосида назорат қилинмоқда.

Бундан ташқари, вилоятдаги супермаркетлар, йирик савдо нуқталари ҳамда расталарда сотилаётган гўшт, тухум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларини назорат қилиш мақсадида ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари, прокурорлар ва депутатлардан иборат гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилади.

Захира тадбирларида иштирок этаётган субъектларга туман ҳокимлари томонидан бозорлар ва аҳоли  гавжум жойлардан бепул савдо нуқталари (расталар) ажратилиши таъминланади.

Қарши шаҳрининг аҳоли гавжум масканларида енгил конструкцияли "яшил дўконлар" қурилади.

Маҳсулотлар захирасини шакллантириш ҳамда кунлик истеъмолга етказиб берилишини молиялаштиришга кўмаклашиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида "Озиқ-овқат хавфсизлиги" жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага алоҳида раҳбар тайинланади, ходим олинади, ўзининг низоми, бизнес режаси, муҳр ва штампи ҳамда ҳисоб рақамига эга бўлади.

- Жамғармага дастлаб 24 миллиард сўм, шундан 8 миллиард сўми вилоят, қолганини туман (шаҳар)лар бюджетларидан ажратишни режалаштирдик, - деди вилоят ҳокими. - Жамғарма тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича уларга фоизсиз ссудалар ажратади. Бундан ташқари, унинг ўзи ҳам тўғридан-тўғри шартнома асосида "биринчи қўл"дан маҳсулотларни олиб келиб арзон  нархларда сотишни йўлга қўяди.

Тадбирда маълумот берилишича, жорий йилда 58 минг гектарга такрорий экин экилган бўлиб, бунинг ҳисобидан 87 минг тонна сабзавот, 14 минг тонна полиз, 71 минг тонна картошка, 39 минг тонна дуккакли маҳсулотлар йиғиб олиниши кутилмоқда.

Шунингдек, инвестиция дастури бўйича қишлоқ хўжалиги йўналишидаги асосий лойиҳалар 4-чоракда ишга тушади.

Албатта, бу каби гапларни эшитгандан кейин ҳализамон бозорларимиз янада тўкин-сочин, нархлар арзон бўлиб кетса керак, деган фикр гавдаланади. Ваҳоланки бунақа тадбирлар ҳар йили ўтказилади. Аҳволни эса яхши биламиз. Шундай экан, бу йил аниқ натижага эришиш учун, нархлар осмонга сапчиб кетмаслиги учун тегишли масъулларнинг оёғи ердан узилмаслиги, зиммасидаги вазифани чуқур ҳис этмоғи даркор.

НАСРИДДИН

Report typo