Қонунчиликдаги ўзгаришлар: 1 СЕНТЯБРДАН АМАЛДА
Президентнинг “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонига асосан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қуйидагилар:
товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик учун молиявий жарималар қўлланади.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини (кўрсатилишини) ноқонуний чеклаш;
лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш;
монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.