Биринчи турда Эронда “Персеполис”дан учралган мағлубиятдан сўнг “Насаф” “Ал-Васл”га қарши учрашувга жиддий эътиборни қаратган. Ўз навбатида БАА жамоаси ҳам биринчи турда ўз майдонида мағлуб бўлган. Дубайликлар энди вазиятни ўнглаш учун Қаршидан очко билан кетишга ҳаракат қилиши аниқ.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, 1960 йилда ташкил этилган “Ал-Васл” клуби 7 карра мамлакат чемпиони, икки карра БАА кубоги соҳиби ҳамда Форс кўрфази чемпионлар кубоги соҳиби ҳисобланади.
Жамоа бу йил мамлакат ички чемпионатида 16 учрашувдан сўнг 32 очко тўплаб, турнир жадвалининг учинчи поғонасини эгаллаб турибди. Шунингдек, рақибимиз Қаршига келиши олдидан БАА кубогининг чорак финалидаги жавоб учрашувини ҳам ўтказди. Унда “Ал-Наср” билан куч синашиб, кичик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди (дастлабки учрашув-2:2) ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
“Ал-Васл” жамоасини 2011-2012 йиллардаги мавсумда жаҳон футболининг афсонаси бўлмиш Диего Марадона ҳам бошқарган. Айни пайтда эса унинг ҳамюрти Родолфа Аррауабаррена “Ал-Васл”га устозлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Насаф” – “Ал-Васл” учрашувини австралиялик ФИФА ҳаками Жиллет Жаред бошқаради. Унга қанотларда ҳамюртлари Бичем Эшли ва Раян Галлахерлар ёрдам беришади.
Учрашувда тўртинчи ҳакам сифатида таиландлик Сивакорн Пу-Дон ишлайди.
Ҳакамлар ишини Рустам Юсуф Мирзо назорат қилади. У Саудия Арабистонидан. Учрашув комиссари эса австралиялик Эрик Ву.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ