Эътироф
Кеча вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон суперлигаси ўтган мавсум вице-чемпиони Қаршининг "Насаф" футбол клуби аъзоларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда мавсумлар оралиғида жамоа таркибига қўшиб олинган янги футболчилар ҳам жамоатчиликка таништирилди.
Тан олиш керак, ўтган мавсум "аждарлар" учун анча омадли келди. Аввалига, аниқроғи 2023 йил 24 август куни Жиззахдаги "Сўғдиёна" стадионида Ўзбекистон суперкубоги учун "Пахтакор"га қарши майдонга тушган "Насаф" 2:1 ҳисобида зафар қучиб, мавсумдаги дастлабки совринини қўлга киритган эди. Орадан икки ярим ойдан кўпроқ вақт ўтиб, яъни 12 ноябрь куни вилоятимиз марказида бўлиб ўтган футбол бўйича Ўзбекистон кубоги финал ўйинида Тошкент вилоятининг ОКМК жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган "аждарлар" ўз тарихида тўртинчи бор, кетма-кет учинчи марта нуфузли соврин соҳибига айланди. Ўзбекистон суперлигасида қўлга киритилган иккинчи ўрин билан клуб мавсумдаги учинчи йирик муваффақиятга эришди.
Катта концерт дастури билан бошланган тантанали тақдирлаш маросимида "Насаф"чиларга Ўзбекистон суперлигаси кумуш медалларини Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, клуб президенти Шуҳрат Асланов топширди ва жамоага янги мавсум ҳамда халқаро майдондаги кейинги ўйинларда ҳам омад тилашди.
Шундан сўнг жамоа таркибига келиб қўшилган янги футболчилар жамоатчиликка таништирилди. Унга кўра, мавсумлар оралиғида "Насаф" "Локомотив"дан дарвозабон Зафар Сафаевни, "Нефтчи"дан ярим ҳимоячи Шароф Муҳиддиновни, "Қизилқум"дан ярим ҳимоячи Ислом Кенжабоевни, Қозоғистоннинг "Шахтёр" клубидан ярим ҳимоячи Темур Чогадзени (Грузия), Албаниянинг "Партизани" жамоасидан ярим ҳимоячи Виктор да Силвани (Бразилия), "Навбаҳор"дан ҳимоячи Игорь Голбанни, Грузиянинг "Динамо Тбилиси"сидан ҳужумчи Зоран Марушични (Сербия) ва "Ордабаси" (Қозоғистон)дан ҳужумчи Бобир Абдухолиқовни ўз сафига қўшиб олди. Аҳамиятли томони, ушбу ўйинчилардан тўрт нафари учун "Насаф" бегона эмас. Шароф Муҳиддинов, Ислом Кенжабоев, Бобир Абдухолиқов клуб тарбияланувчилари ҳисобланса, Игорь Голбан ҳам 2016-2018 йилларда "аждарлар" сафида тўп сурган.
Нафақат ўзбек футболида, балки Осиё қитъасида ҳам номдор саналган "Насаф" жамоасини ўтган мавсум якунида тарк этган асосий таркиб футболчилари ҳам бор. Сухроб Нуруллоев, Азиз Омонов, Ҳусниддин Алиқулов, Жўрабек Маннонов, Баҳром Абдураҳимов, Бекжон Раҳматов, бразилиялик Лима Круз, аргентиналик Андрес Чавес шулар жумласидан.
Қайд этиб ўтиш ўринли, олий лигадаги иштирокини 1997 йилдан бошлаган "Насаф" унда 11 бор (2000, 2001, 2005, 2006, 2009, 2010, 2013, 2014, 2015, 2016, 2022 йй.) бронза, 4 марта (2011, 2017, 2020, 2023 йй.) кумуш медалларини қўлга киритган. Жамоа ҳисобида ОФК кубоги бош соврини (2011 йил) ва иккита Ўзбекистон суперкубоги ҳам бор. "Аждарлар" мамлакат кубоги учун ўтказилган мусобақаларда жами тўққиз бор финалда ўйнаган.
Эслатиб ўтамиз, "Насаф" давом этаётган нуфузли турнир - Осиё чемпионлар лигаси баҳслари гуруҳ босқичида "Ал-Шаржа" (Бирлашган Араб Амирликлари), "Ал-Файсалий" (Иордания), "Ал-Садд" (Қатар)га қарши баҳс олиб бориб, биринчи ўрин билан плей-офф йўлланмасига эга чиққанди. 14 февраль куни "Насаф" ушбу босқич доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Айн" жамоасини Қаршида қабул қилади. Ўйин "Марказий" стадионда 19:00да бошланади. Ушбу қарама-қаршиликда ҳам муросасиз ва шиддатли ўйинлари билан нафақат қашқадарёлик, балки ўзбекистонлик жамики футбол мухлисларининг севимли жамоасига айланган "Насаф"га омад ёр бўлсин!
Ўз мухбиримиз