Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • "Насаф" - ўз тарихида тўртинчи бор, кетма-кет учинчи марта Ўзбекистон кубоги соҳиби

Ўз мухбиримиз

16.11.2023


"Насаф" - ўз тарихида тўртинчи бор, кетма-кет учинчи марта Ўзбекистон кубоги соҳиби

Нафақат ўзбек футболида, балки Осиё қитъасида ҳам унга рўбарў келган жамоалар эҳтиёткорлик билан баҳсга киришадиган Қаршининг "Насаф" клуби ўтган ҳафта якунида яна бир нуфузли совринни ўз ҳисобига расмийлаштирди.

 12 ноябрь куни вилоятимиз марказида бўлиб ўтган футбол бўйича Ўзбекистон кубоги финал ўйинида Тошкент вилоятининг ОКМК жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган "Аждарлар" ўз тарихида тўртинчи бор, кетма-кет учинчи марта (2015 йил: "Бунёдкор" - "Насаф" 1:2; 2021 йил: "Пахтакор" - "Насаф" 1:2; 2022 йил: "Навбаҳор" - "Насаф" 1:2; 2023 йил: "Насаф"- ОКМК 1:0) нуфузли соврин соҳибига айланди.

Статистикага назар ташласак, олий лигадаги иштирокини 1997 йилдан бошлаган "Насаф" унда 11 бор (2000, 2001, 2005, 2006, 2009, 2010, 2013, 2014, 2015, 2016, 2022 йй.) бронза, 3 марта (2011, 2017, 2020 йй.) кумуш медалларини қўлга киритган. Жамоа ҳисобида ОФК кубоги бош соврини (2011 йил) ва иккита Ўзбекистон суперкубоги (2016 йил: "Насаф" - "Пахтакор" 1:0; 2023 йил: "Пахтакор" - "Насаф" - 1:2) баҳси ғолиблиги ҳам бор. "Аждарлар" мамлакат кубоги учун ўтказилган мусобақаларда жами тўққиз бор финалда ўйнаган.

Жамоа мухлислари "Насаф" якунига етишига икки тур қолаётган жорий мавсум Ўзбекистон суперлигасида ҳам совриндор бўлишига ишонмоқда. Клубда турнир чемпионлиги учун назарий жиҳатдан имконият сақланиб қолаётган бўлсада, натижага эришиш учун аввало "Аждарлар" қолган икки ўйинни ("Насаф" - Суғдиёна; ОКМК - "Насаф") ўз фойдасига ҳал этишлари керак. Ўз навбатида, турнир жадвалини 50 очко тўплаган ҳолда бошқариб турган "Пахтакор" қолган ўйинларда имкониятни бой бериши ва "Насаф" билан бир хил - 46 очкога эга "Навбаҳор" эса кейинги рақибларига очко улашиши керак бўлади. Кўриниб турибдики, чемпионлик учун мўъжиза рўй бериши зарур, бироқ совриндорлар қаторида бўлиш жамоанинг ўз қўлида.

Шунингдек, "Насаф" айни пайтда яна бир нуфузли турнир - Осиё чемпионлар лигаси баҳслари гуруҳ босқичида ҳам муваффақиятли юриш қилмоқда. Ўтган тўртта тур доирасида ўтказилган ўйинларда икки ғалаба, биттадан дуранг ва мағлубият қайд этган "Аждарлар" гуруҳ пешқадами "Ал-Шаржа"дан бир очко кам жамғарган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда. Кейинги турни жамоа 27 ноябрь куни Иорданияда маҳаллий "Ал-Файсалий" клубига қарши ўтказади, "Ал-Шаржа" эса ўз майдонида "Ал-Садд" билан баҳс олиб боради.

"Насаф"га халқаро майдонда ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз!   

Ўз мухбиримиз

Report typo