Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

31.10.2022


“Насаф” – Ўзбекистон кубоги соҳиби!

Қаршининг “Насаф” футбол клуби Бухоро шаҳрида Ўзбекистон кубоги учун ўтказилган финал баҳсида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини мағлуб этиб, ўз тарихида учинчи ва қаторига иккинчи маротаба ушбу нуфузли соврин соҳибига айланди.

30 октябрь куни “Бухоро Арена” стадионида ўтказилган ҳал қилувчи ўйинда қаршилик футболчилар 29-дақиқада Акмал Мозговойнинг голи эвазига ҳисобни очишган бўлса, 58-дақиқада “Навбаҳор” ўйинчиси Дониёр Абдуманнопов уни тенглаштириб, 1:1 кўринишига олиб келди. Финал ғолиби қўшимча таймларда аниқланди – 101-дақиқада “Насаф”нинг бразилиялик легионери Матеуш Лима боши билан ўрган гол қаршиликларга ғалаба олиб келди. 2015 ва 2021 йилларда Ўзбекистон кубогини қўлга киритган “Насаф” учинчи бор бундай катта муваффақиятга эришди.

Жамоанинг бош мурабийи Рўзиқул Бердиев финалдан кейин “Спорт” телеканалига берган интервьюсида бу ютуқни навбатдаги “тарихий ғалаба” деб атади ва “Асосий мақсадимиз – олдинда” дея таъкидлаб, Ўзбекистон чемпионати турнир жадвалида биринчи ўринда бораётган “Насаф”нинг чемпионлик учун ҳам қатъий кураш олиб боришига ишора қилди.

Эслатиб ўтамиз: чемпионат охиригача уч тур қолганда, “Насаф” асосий таъқибчилари – “Пахтакор”дан бир очко, “Навбаҳор”дан эса 2 очко олдинда бормоқда. Кейинги ўйинларни қаршилик футболчилар ўз стадионида “Динамо” (Самарқанд) ва “Нефтчи” (Фарғона) ҳамда пойтахтда “Олимпик”ка қарши ўтказади.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов “Насаф” клуби ва Қашқадарё аҳлини Ўзбекистон кубоги қўлга киритилгани билан муборакбод этар экан, футбол ишқибозлари ва спортсеварлар номидан ғурур билан "Насаф" - қашқадарёликларнинг ифтихоридир!” деб айтди.

- Ҳурматли Президентимиз жорий йил вилоятимизга ташрифлари давомида Қашқадарё иқтисодиётда, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда бўлгани каби спорт соҳасида ҳам олдинда бўлиши, бунинг учун барча шароитлар яратилганини таъкидланган эдилар, - дейилади вилоят ҳокими табригида. - Бугунги ғалаба ҳам имкониятлар меваси.

Бухородан Ўзбекистон кубоги билан қайтган “Насаф” жамоасини вилоят ҳокими бошчилигидаги раҳбарлар, кенг жамоатчилик ва кўп сонли мухлислар кутиб олишди. Ғолибларни табриклаш маросими ҳақиқий байрамга айланиб кетди.

Ўз мухбиримиз

Суратлар championat.asia, "Спорт" телеканали,  sports.uz ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги расмий Telegram-каналидан олинди.

 

 

 

Report typo