Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига
Буюк мутафаккир Алишер Навоий инсон шахсининг такомилида муҳим бўлган ҳар бир масалага жуда жиддий эътибор қаратди ва уни ўзлаштириш йўлларини аниқ-равшан кўрсатиб берди. Ана шундай муҳим масалалардан бири маърифатдир.
Шоирнинг бир неча ғазалларида маърифатнинг турли қирралари зикр этилади. Жумладан:
Ишқдин кўп маърифат харж айлади Мажнун манга,
Бўлмаса Мажнун, қилурму харж, мендин ўрганиб.
Бу ўринда ишқнинг маърифат билан мукаммал бўлиши таъкидланса:
Эй Навоий, жаҳл ила ўлмак қатиқ ишдур, вале
Чун камоли маърифат касб ўлди, не нуқсон ўлум,
байтида шоир ҳаётда инсоннинг жаҳолат билан яшашидан кўра, маърифат билан ўлим топиши афзаллигини, шунингдек, нажот ҳам фақат маърифатда эканини уқтиради.
Суратда: Қарши давлат университети хорижий тиллар факультети талабаси, Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси Шахло Камолова.
Навоий ўзи учун ибрат деб билган мутафаккирларни қайси ўринда зикр этмасин, уларнинг маърифат туфайли улуғ мақомга эришганини таъкидлайди. Масалан, "Маҳбуб ул-қулуб"нинг "Назм гулистонининг хушнағма қушлари зикрида" деб номланган фаслида ёзади: "Ул неча табақадур: аввалғи жамоат - нуқуди кунузи маърифати илоҳийдин ғанийлар ва халқ таърифидин мустағнийлардур. Ишлари маоний хазоинидин маърифат жавҳарин термак ва эл файзи учун вазн силкида назм термак... Бу мазҳари ажойибқа гуруҳеким тобеъдур, баъзини арз қилолики, кимлар воқеъдур; форсий иборатда ул жумладин, нозими жавоҳири асрор Шайх Фаридуддин Аттордур. Яна қойили "Маснавийи маънавий", ғаввоси баҳри яқин Мавлоно Жалолуддин, яъни Мавлавий Румийдурки, мақсадлари назмдин асрори илоҳий адоси ва маърифати номутаноҳий имлосидин ўзга йўқтур... Яна бир жамоатдурларким, ҳақиқат асрориға мажоз тариқин аҳсал қилибдурлар ва каломлари бу услубда марбут этибдурлар. Андоқки, маоний аҳлининг нуктапардози Шайх Муслиҳуддин Саъдий Шерозий ва ишқ аҳли гуруҳининг покбози ва покрави Амир Хусрав Деҳлавий, ва тасаввуф ва диққат мушкилотнинг гириҳкушойи Шайх Заҳируддин Саноий ва фариди аҳли яқин Шайх Авҳадуддин ва маоний адосиға Ҳофиз Шамсуддин Муҳаммад ул-Ҳофиз... Яна ҳақиқат ва мажоз тарийқида комил ва илми иккаласи тариқида вофий ва шомил, назм аҳлининг муқтадо ва имоми ҳазрати шайхулислом Мавлоно нурулмиллати ва-д-дин Абдураҳмон ал-Жомий (наввараллоҳу марқадаҳу ва қуддиса сирраҳу) дурким, аввалғи табақа равиши ва каломида ҳам шарифмақол ва сўнгғи табақанинг ҳам адоси латойифида соҳибкамолдурким, оламда завқу ҳол аҳли булар латойифи била масрурдурлар ва булар маорифи била ҳузур қилурлар".
Таъкидлаш жоизки, Навоийнинг маърифат ҳақидаги чуқур мулоҳазалари унинг бошқа асарларидан кўра "Лисон ут-тайр" достонида батафсилроқ ёритилади. Мазкур достон тасаввуфий тушунчаларнинг бадиий талқинидан иборат бўлса-да, унда Навоий маърифатининг мағзи яққол сезилади. Хусусан, шоир достонидаги "Маърифат водийсининг васфи" бобида қуйидагилар баён қилинади:
Кимки бу водийға бўлди муттасиф,
Топти анда ҳолларни мухталиф.
Яъни кимки маърифат ҳақида билмоқчи бўлса, ундаги хилма-хилликни яхши англаб олиши лозим. Бунда йўл юз туман бўлиб, уларнинг бири бирига мос келмайди. "Жузв ила кул" ҳам, "тараққию таназзул" ҳам шу йўлда. Барча раҳрав бунда ўзи ихтиёр қилган йўлда беқарор, ҳар бир йўл соҳиби ўз йўлида муфтахир (фахрланувчи)дир. Шунинг учун уларнинг ҳеч бири бошқасига мусаллам (таслим бўлувчи) эмас.
Пашша онда раҳнаварду пил ҳам,
Пашша анда тойиру Жибрил ҳам.
Шунингдек, унда Мусо ва Фиръавнни, Маҳдию Дажжолни, Аҳмад (Муҳаммад алайҳиссалом) ва Абу Жаҳлни, умуман, яхшию ёмонни, кофиру мусулмонни бир-бирига яқин кўриш мумкин. Бинобарин,
Бўлди ўз ирфони ҳар кимга сифат,
Кўп тафовут қилди пайдо маърифат.
Бундай таъриф ва тавсифлар исломий қарашларга зид, номувофиқ бўлиб кўринса-да, бу орқали Навоий маърифатни кенгроқ тушунтиришга ҳаракат қилади. Тасаввуфий қарашларга кўра, оламда мавжуд бўлган барча мавжудоту махлуқот, жумладан, инсонлар ҳам Ҳаққи мутлақнинг муваққат намоён бўлиб, охир-оқибат унга қўшилиб кетувчи жузвларидир. Бу оламда ҳеч нарса ҳеч нарсага бегона эмас. Улар қайси йўлдан юрмасин оламда ўзлари тутган ўринни англаш учун интилади. Бунда зид қарашларнинг бўлиши табиий, албатта. Навоий бу мухталифотни "биззарура" (табиий зарурият) сифатида талқин қилади. Ана шу хилма хиллик маърифат илмининг тараққийсига, натижада ҳақиқатнинг тўла-тўкис ойдинлашувига хизмат қилади.
Навоийнинг маърифат тўғрисидаги тавсифлари, энг аввало, инсонни ўзлигини англаш ғоясига асосланади ва биз ҳозирда англаб турган маърифат тушунчасини азалий илдизларга эга эканини намоён қилади. Зеро, маърифат тушунчаси тарихимизнинг турли даврларида турли маъноларда тушунилган ва ишлатилган бўлса-да, у туб моҳияти билан ўқиш-ўрганиш, таълим ва тарбия олиш, сиёсий, фалсафий, диний ғоя ва мафкуралар асосида билимларни эгаллаш, маданий савияни, умуман, олам ва одам ҳақида илмий тафаккур даражасини оширишга қаратилган фаолиятни англатади.
Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий фаолиятининг мазмунини тўлалигича энг юксак умумбашарий ғоя - инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, камолини тараннум этишни ташкил этади. Буюк шоир ўзи ўрганган барча эътиқодий, назарий ва амалий билимларни ана шу мақсад йўлида хизмат қилишига йўналтирди. Зеро, инсон Халлоқи олам томонидан мукаррам зот сифатида эътироф этилган ва унинг юксак мақоми белгилаб қўйилган. Бу сифат ва мақомни инсон бу оламда фақат ўз зотидан бўлган башарий жамият муносабати орқалигина идрок этади, ҳис қилади. Бу жамиятда юқори турганлар муносабат тарзи, йўсинини белгилаб беришини англаган шоир ёзади:
Жоҳнинг зебиғаким ҳусн тилаб, билдикким,
Зийнате келмади жоҳ аҳлиға эҳсон янглиғ.
Маълумки, жоҳ - юқори мартаба. Демак, юқори мартабага зеб бермоқ учун жоҳ аҳли учун эҳсондан ортиқ зийнат йўқ. Бу ерда эҳсон ҳозирги қўлланиш маъносидан бир оз фарқли. "Маҳбуб ул-қулуб"да эҳсон "амри азим", яъни "улуғ буйруқ, вазифа" деб изоҳланади. Бунга далил қилиб улуғ каломдан "ул Ҳазрат мундоқ амр этибдурки, яхшилик еткур андоқким, тенгридин санга яхшилиқ етибдур" ("Аҳсин камо аҳсана Аллоҳу илайка"), деган сўзлар келтирилади. Изоҳ давом эттирилиб бир қитъа ёзилади:
Ажаб сифат эрур эҳсонки ҳар шариф сифат
Ки, келса жинси башардин анга эрур дохил.
Жавоҳир англа сифот они жавҳарий қафаси
Ки, бордур анда қаю бирни истасанг ҳосил.
"Эҳсон" сўзи араб тилида яхши, эзгу, севимли, гўзал бўлмоқ маъноларидаги "ҳасана" феълидан ясалади. "Ҳусн", "ҳасана", "муҳсин", "таҳсин" ва "эҳсон" сўзлари ҳам шу ўзакдан, шундай маъноларга дахлдор. Бинобарин, инсон зоти томонидан намоён этиладиган ҳар қандай шарафли сифат эҳсон - яхшилик доирасига киради. Эҳсон эзгу амалларнинг мажмуи, умумий номи сифатида талқин қилинар экан, жамиятдан ҳам, ҳар бир инсондан ҳам ана шу доирада ҳаракатда бўлиш талаб этилади.
Баҳрдин қатраға таъзим ила таҳсин кўрдум,
Меҳрдин зарраға эъзоз ила эҳсон топтим.
Денгиз қатра, томчини эъзозлаб, унга эҳсон қилади, Қуёш ҳам заррага шундай муносабатда бўлади. Ана шу фазилатлари учун ҳам Денгиз ва Қуёш шараф топадилар, улуғлик даражасига чиқадилар, акс ҳолда бу мумкин эмас. Халқнинг буюклиги ҳам ўз аъзоларининг ҳар бирини қадрлаши ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши билан белгиланади. Ўз аъзоларини ҳимоя қила олмаган, юксалишига йўл очиб бера олмаган халқ, миллат буюк бўла олмайди. Бунда, албатта, султонлар бош ролни ўйнайди. "Садди Искандарий" достонида Афлотундек улуғ ҳаким шогирди Искандарнинг Кашмирга шоҳ этиб тайинланган Ферузга ўз устозидан ўрганганларига таяниб: "Керак лутфу эҳсон шиор айласанг, Адолат йўлин ихтиёр айласанг", деган насиҳатида ана шу ҳақиқатга ишора бор.
Суратда: Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибалари - Қарши давлат университети хорижий тиллар факультети талабалари (чапдан) Шаҳноза Рўзиева ва Муниса Абдуллаева.
Лекин бирлик муқаррарлигининг муҳим шарти икки томонлама эзгу муносабатдир. Инсон Ҳақ, султон ва халқ меҳр-мурувватига ўзида фидойилик, вафо, садоқат каби чин инсоний фазилатлардан иборат эҳсонни ҳосил қилмагунча уларга муносиб бўла олмайди. Шунинг учун ҳам шоир дейди:
Тенгри эҳсониға шод ўлған қилур
Ўзни шоду меҳнатидин элни ҳам.
Айниқса, бу мавзудаги қуйидаги байт ниҳоятда гўзал топилма:
Мазраи даҳр аро соч лутф ила эҳсон тухми,
Ҳар не эксанг, ани-ўқ чунки ўрарсен охир.
"Мазраи даҳр" - дунё экинзори, яъни умр. Барчамиз дунё экинзорида насиба, ҳосил ахтармаймизми, умид қилмаймизми? Бунинг учун тухм-уруғ топиб сочмаймизми? Шу ҳақда сўз бормоқда. Инсон умри давомида бу экинзорда лутфу эҳсон уруғини сочиши лозим, чунки охирда (охиратда) нимани эккан бўлса, шуни ўриши таъкидланмоқда байтда. Бу байтни ўқиганда беихтиёр "Бадоеъ ул-бидоя" девони дебочасидаги бир маснавийда айтилган қуйидаги машҳур мисралар эсга тушади:
Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!
Тухм - уруғ ва қурт каби энг кичик ҳамда заифу нотавон хилқатларда ҳам ғайрат ва ҳиммат кўриш мумкин. Бу тушунчалар ҳам яхшилик - эҳсон доирасидаги гўзал фазилатлардан. Уларнинг мазмуни фазилатга соҳиб бўлган кишининг ўзига етадиган манфаат билан чегараланмайди, балки бошқаларга, жамиятга ҳам наф етказилишини ифодалайди. Шунинг учун ҳам улар гўзал ва олий фазилат ҳисобланади. Умуман, эҳсоннинг мезони яхши амалдан кўпчиликка наф, манфаат етиши билан белгиланади.
Бу ғояни Навоийнинг барча асарларида исталганча топиш мумкин. Айниқса, "Арбаин"даги 40 та ҳадиснинг деярли ҳаммаси шу мавзуда. Яъни асар муаллифи мингаб ҳадислар орасидан айнан шу мавзудагиларини танлаб олади ва уларни ўз она тилидаги байтларида талқин қилади. Улар орасида "Хайру-н-наси ман янфаъу ли-н-наси" - "одамларнинг яхшиси бошқа одамларга кўпроқ наф етказганидир" дейилган ҳадис марказий ўринни эгаллайди. Унинг бадиий талқини шундай:
Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин,
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Етса кўпрак улусқа нафъ андин.
Албатта, инсон феълида эзгулик, эҳсон билан ёнма-ён қабоҳат ва худбинлик ҳам туради. Шунинг учун Навоийнинг асарларида улар ҳақида, уларни тарк этиш борасида ҳам жуда кўп ўринда сўз боради. Аслида, бу ҳам "наҳйи мункар" - гуноҳ ишдан қайтариш, эҳсондир. Эҳсон - яхшилик мавзуси улуғ Навоийнинг буюк маърифати қадрини яққол намоён этади.
Нафас ШОДМОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор