Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

10.02.2018


НАВОИЙ ВА БОБУР ИЖОДИГА ЭҲТИРОМ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши, вилоят қўғирчоқ театри, Қарши маданият ва туризм коллежи ҳамда шаҳар маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастурига устоз-мураббийлар, партия фаоллари, ўқувчи ёшлар, санъат ихлосмандлари таклиф этилди.

Дастур коллежнинг созандалар ансамбли ижросидаги “Таржи наво” ва “Гардун наво” асарлари ижроси билан бошланди. Сўнг Алишер Навоий ғазаллари асосида яратилган “Насруллои”, “Қаро бўлубтур”, “Хоразм сегоҳи”, “Эй сабо”, “Қўшчинор”, “Талқини баёт”, Бобур ғазаллари куйга солинган “Мушкулдур”, “Унутмагин”, “Савти чоргоҳ” каби ашулалар ижро этилди. Айниқса, коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Гулчирой Ҳамидованинг ижроси барчани тўлқинлантирди.

- Бугун мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклашга катта аҳамият берилмоқда, - дейди коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Бобур Зоиров. – Президентимиз кўрсатмаларига биноан 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш белгиланди. Бу ишларга ҳамоҳанг равишда коллежимизда ҳам шу йўналишда таҳсил олаётган 90 нафар ёш мақомчилар ўртасида турли тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Албатта бундай концертлар уюштирилиши ёш ижодкорларда саҳна маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг миллий мумтоз санъатимизга бўлган меҳрини оширади. 

 С.АЛЛАЁРОВА

Report typo