Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

12.05.2020


НАЖОТ ФАРИШТАЛАРИ

Бугун - Халқаро ҳамширалар куни

Маълумотларга кўра, илк бор меҳр-шафқат ҳамшираларининг хизмати Қрим уруши даврида англиялик Флоренс Найтингейл томонидан ташкил қилинган бўлиб, ўзида 38 нафар доя ва ҳамшираларни бирлаштирган илк "тез ёрдам" фаолият кўрсатган. Бугунги кунга келиб 12 май - Флоренс хонимнинг туғилган кунига бағишлаб Халқаро ҳамширалар куни сифатида нишонланади.

Патронаж ҳамширасининг бир куни

Муборак тумани тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникасида 1992 йилдан буён патронаж ҳамшираси вазифасида ишлаб келаётган Ойхон Бозорова ҳар иш кунини икки қисмга бўлиб олиб боради. Куннинг биринчи қисмида поликлиникада ишласа, тушдан кейин елкасида патронаж сумкаси, қўлида кундалик фаолият журналини кўтариб кўрик учун ўзига бириктирилган Машъал маҳалласи хонадонларига боради.

Унинг бугунги биринчи манзили Шерали Азизов хонадони бўлди. Ойхон Бозорова сумкасидан танометрни олиб хафақон касаллиги бўйича назоратга олинган отахоннинг қон босимини ўлчайди ва керакли тавсиялар беради. Ҳамшира оиланинг  бошқа аъзоларини ҳам кўрикдан ўтказади. Тозаликка эътибор қаратади. Хонадон дафтарига тегишли тавсияларни ёзиб қолдиради.

Кейин ҳомиладорлик бўйича рўйхатга олинган Соҳиба Соипова хонадонига ўтади. У келинчакни обдан текширади.  Ўзига, қайнонасига керакли тавсиялар беради.

 Кейинги хонадондаги беш ойлик чақалоқ текширувдан ўтказилди. Онаси билан суҳбатлашилди. Натижа яхши, боланинг ўсиши, уйқуси меъёрида. Оиланинг шароитини яна бир карра ўрганиб, қайнона ва келинга чақалоқ парвариши бўйича маслаҳатлар берди.

- Ҳар куни 6-8 хонадонда бўламан, - дейди Ойхон Бозорова.  - Аввало, кексалар, ҳомиладор аёллар, болалар ва беморларга эътибор қаратаяпман. Белгиланган хонадонларни айланиб чиқиб, кейин бемалол поликлиникага қайтсам бўлади.

Машъал маҳалласида бу яқин йиллар ичида она ва бола ўлими кузатилмагани, юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик барқарорлик таъминланганида патронаж ҳамширасининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Аёлларга қувонч улашиб

Ҳисоб-китобларига кўра, Ер юзида ҳар сонияда икки гўдак ёруғ дунёга келар экан. Бу айтишга осон, аммо айнан ўша дамларда оналар бошдан кечирадиган ҳолатлар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ҳам ўта хатарли, ҳам жуда қувончли дақиқаларда уларнинг дардига малҳам, шодлигу қайғусига шерик - бу доя ҳамширалардир.

Китоб тумани марказий шифохонаси туғруқ бўлимининг қабулига оғир дард билан олиб келинган беморни қабул қилиб олишар экан, аёл ҳадик билан  навбатчи ҳамшира кимлигини сўрайди. Навбатчи доя Маъмура Олимова эканлигини билган беморнинг чеҳраси ёришади...

Қарши тиббиёт билим юртининг акушерлик иши бўлимини тугатган    Маъмура Олимова қарийб 20 йилдан буён туғруқ бўлимида доя вазифасида ишлаб келмоқда. Кўпчилик уни кўли енгил, ширин сухан ҳамшира сифатида ҳурмат қилади.

-  Жамоамиз жуда аҳил, - дейди Маъмура Олимова. - Устозларим Ирода Муслиддинова, Феруза Раҳимовадан олган билимларим асосида бугун ўзим ҳам устоз даражасига етдим. Бўлимимизга ҳар хил вазиятдаги аёллар келади. Айримларида туғруқ жуда қийин кечади. Мана шундай пайтда биз яқин кўмакчи, қалбдош бўлишимиз керак.

Бемор билан бирга дард чекдик

Навбатдаги қаҳрамонимиз вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси, ҳаётини хатарга қўйиб бўлса-да, коронавирус касаллигига қарши курашга киришган ҳамширалардан бири Клара Элбоевадир. 

- Тўғриси, навбатчиликнинг биринчи куни бироз қийин вазиятга тушиб қолдим. Ҳадик, қўрқув бор эди, - дейди Клара Элбоева. - Бошида касаллик юқтириб олганлар билан ишлашда, уларнинг руҳини кўтаришда қийинчиликлар бўлди. Барча шифокор, ҳамширалар куну тун ҳамжиҳатликда ишладик. Беморлар, айниқса, тўрт нафар бемор боланинг отаси жуда тушкун кайфиятда эди. Биз унга далда бўлдик. Шифокорларимиз вирус бўйича маълумотлар беришди,  тушкунликка тушмасликни, яхши даволанса соғайиб кетишини тушунтиришди. Вақт ўтиши билан барчаси ортда қолди. Бирин-кетин унинг фарзандларини, кейин эса ўзини реабилитация марказига кузатиб қўйдик.

Ташқи муҳитдан узилган ҳолда касалликка қарши курашган барча тиббиёт ходимларининг ўзи ҳам 14 кунлик навбатчиликдан сўнг шифохонада 14 кунлик карантинга олинди.

- Икки ҳафталик хизматимиз эвазига 15 миллион сўмдан пул мукофоти берилгани юртимиздаги барча ҳамширалар руҳини кўтарди, - дейди Клара Элбоева. - Карантин давридаги эътибор ҳам юқори даражада бўлди. Бундан    кейинги фаолиятимизни ҳам янада масъулият билан олиб борамиз.

Эзгулик йўлида тиним билмай меҳнат қилиб, беморлар дардига малҳам қўяётган, кўнглида умид ва қувонч уйғотаётган, атрофидагиларга ҳурмат-эътиборини аввало ўзининг ташқи кўриниши ва муомала маданияти билан қозонаётган ҳамшираларни нажот фаришталарига қиёсласак муболаға бўлмайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo