Шуниси диққатга сазоворки, Фахриддин Низомов сценарийси асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жаҳонгир Қосимов режиссёрлигида ишланган ушбу фильм сюжети реал воқеаларни акс эттирган. Фильмда бош ролни Ўзбекистонда хизмат кўр-сатган артист Муяссар Бердиқулова ижро этган. Бошқа роллар учун танланган таниқли актёрлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Фатхулла Масъудов, Абдураим Абдуваҳобов, Тоҳир Саидовнинг маҳоратли ижроси фильм муваффақиятини таъминлаган. Тасвирга олиш ишлари бир ярим йил давом этган бўлиб, асосий саҳналар вилоятимизнинг Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари, Китоб, Ғузор туманларида суратга олинган. Фильмнинг умумий бюджети 1,5 миллиард сўмни ташкил этган.
- Ушбу фильмни мароқ билан томоша қилдим, - дейди Қарши шаҳрилик Гулчеҳра Алиқулова. – Менга, айниқса, фильмдаги ҳуқуқ ҳимоячиси – адвокат роли жуда манзур бўлди. Унинг оддий бир аёлга кўрсатган катта ёрдами, ҳақиқатни юзага чиқариш йўлида барча машаққатларга бардош бериб, ўз ишини виждонан уддалагани мени таъсирлантирди.
Фильм тақдимоти вилоятимиз марказидаги кинотеатрларда давом этмоқда.
Х.ҚИЛИЧЕВА