Қўли эгрилик барча макон ва замонда қаттиқ қораланади. Тўғри-да, кимдир машаққат чекиб, даромад, мол-мулк орттирсаю, бошқа биров ими-жамида буни ўзиники қилиб олса. Мол аччиғи - жон аччиғи, деганларидек, табиийки, ўғирлатган ҳам жим қараб турмайди, бу ўз навбатида янги жиноятларга йўл очади. Бу барчага аён ҳақиқат. Бироқ ҳаётга енгил-елпи қарайдиган, бировнинг ҳаққидан тап тортмайдиган кимсалар ҳам борки, эгри йўлнинг тўқмоғи етмагунча тўғри йўлни тополмай, англамай юраверади.
85 КИЛОГРАММ ГЎШТГА ҚЎШИБ ПИЧОҚ ВА БОЛТАНИ ҲАМ ЎҒРИЛАБ КЕТИШИБДИ
Мисол учун, бир муддат аввал Муборак тумани Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Д.Жумаевга қарашли гўшт дўконига ўғри оралаб, қўлига неки илинса, ўмарган. Музлаткичдан 85 килограмм гўштни, 150 минг сўмлик тарозини, камига пичоқ ва болтани ҳам олиб кетган.
Шу бўйича олиб борилган суриштирув ишлари натижасида эса ўғриликни Косон тумани Месит маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган М.Н., 1993 йилда туғилган А.С. ва Наврўз маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Я.З. содир этгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Муборак тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Китоб тумани Гулистон маҳалласилик С.Пўлатов эса шу йилнинг 23 май кунига ўтар кечаси тумандаги Макрид озиқ-овқат деҳқон бозори МЧЖга қарашли мол бозорига қўй сотиб олиш учун борганда, елкасидаги халтачадан 1 миллион 500 минг сўмни ўғрилаб кетишган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни 1990 йилда туғилган Т.С. содир этгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди.
Ўғриларнинг эътибори кўпинча мол-ҳолга қаратилишини кўпчилик билади, шундай экан, бу борадаги эҳтиёт шарт асло зарар қилмайди. Буни Шаҳрисабз тумани Оқтош қишлоғида яшовчи Р.Чоршанбиевнинг бир муддатлик эҳтиётсизлиги ортиқча ташвиш келтирганида ҳам кўрса бўлади. Шу йилнинг 11 май куни айни туш маҳали Хўжахуросон қишлоғидаги "Хайитов Асилбек Фаррухович" фермер хўжалиги дала майдонида боғлоғлиқ турган ҳўкиз "йўқолиб" қолган. Эгасининг айтишича, ҳўкизнинг бозор баҳоси 2 миллион сўм атрофида бўлган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қўли эгри кимсалар Шаҳрисабз шаҳри Тутзор маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган П.Р. ва 2002 йилда туғилган П.Х. бўлиб чиқди. Мол тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, жиноятга яраша жазо қўллаш чоралари кўрилди.
14 МИНГ ЮТАМАН ДЕБ 202 МИНГ СЎМ ЖАРИМА ТЎЛАДИ
Қўли эгрилик жамият учун қанча зарар келтирса, қиморбозлик сабаб юзага келадиган зиддиятларнинг салбий оқибатлари ҳам ундан кам эмас. Чунки кимдир йўқ жойдан мўмай даромадли бўлиб олса, бошқаси бир лаҳзада боридан айрилиб қолади. Кейинги гал ўйинга яна бошқа нарсаларни тикади. Уйини, машинасини ва ҳатто хотинини "бой берганлар" ҳақидаги гап-сўзлар ҳам қулоққа чалинган. Охир-оқибатда боридан айрилган одам ҳеч нарсадан тап тортмайди, чунки энди унинг ютқазадигани қолмайди. Қолаверса, муқаддас динимизда ҳам меҳнатсиз топилган ҳар қандай даромад ҳалол эмаслиги айтиладики, бунга риоя этган одам кам бўлмайди.
Миришкор тумани Бўстон маҳалласилик 1986 йилда туғилган Ғ.Жанниев, 1989 йилда туғилган Қ.Хидировда шундай қараш йўқ эканки, Л.Каримовнинг уйида йиғилиб, карта ўйнаб 500 минг сўмдан ошиқ пулга эга чиқишга ҳаракат қилишибди.
Айни пайтда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яккабоғ тумани Лангар қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ж.Тошев, Қамаши тумани Лангарота қишлоғида яшовчи, 1984 йилда туғилган Н.Пардаев, Б.Мирзаев ва бошқалар Қарши шаҳар 4-миттитумандаги хонадонлардан бирида қимор ўйнаётган ҳолда ушланган. Ўйинга тикилган пул ва карталар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди ва ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 191-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун шаҳар маъмурий судига юборилди.
Шаҳрисабзлик йигитлар - М.Ҳусанов, Ш.Тошпўлатов, А.Маманов, М.Лутфуллаев қимор учун Духчи қишлоғидаги "Сайидов Акобир" фермер хўжалиги даласини танлашибди. Ўйинга эса 14 минг сўм тикилибди. Албатта, пулнинг қанча экани аҳамиятсиз, бугун оз бўлса, кун келиб кўпаяди. Ҳамма гап - қонунга зид қилмишга вақтида чек қўйишда.
Шу асосда мазкур ҳолат юзасидан туман маъмурий суди томонидан ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
МАКТАБНИ ҚЎШМАХОНАГА АЙЛАНТИРГАН
Инсоннинг безаги - ахлоқ. Ахлоқсизлик энг тараққий этган жамиятларни ҳам ҳалокатга дучор этганини тарихдан яхши биламиз. Ривожланишни истар эканмиз, хулқи бузуқликка муросасиз бўлишимиз керак. Чамаси бу борада чоралар у қадар таъсирчан бўлмаяпти шекилли, фоҳишалик ва қўшмачиликни одатий машғулотга айлантириб олганлар сони кўп.
Косон тумани Арабхона маҳалласида жойлашган 98-мактабда қоровул бўлиб ишловчи, 1975 йилда туғилган Т.Бобошарипов Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган М.А. ва 1997 йилда туғилган Ю.Ш.га ўзаро муносабатга киришишлари учун мактабдан шароит яратиб бериб, бунинг эвазига 24 минг сўм олган.
Косон тумани Арабхона махалласида яшовчи, "Косон ёғ экстракция" АЖда қоровул бўлиб ишловчи, 1959 йилда туғилган Д.Б. ҳам қоровулхонада 30 минг сўмга қўшмачилик қилган. Айни пайтда юзи қора бу кимсаларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Касби тумани Оққамиш маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган Қ.М. ўз яшаш уйида, шу маҳаллада яшовчи, 1992 йилда туғилган И.А.га 86 минг сўмга "хизмат" кўрсатган. Натижада унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 190-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида яшовчи, 1993 йилда туғилган Ҳ.Д. ҳам аёл шаънига мутлақо ярашмайдиган ишга қўл урган. Қарши шаҳар 5-миттитумандаги хонадонда Касби тумани Комилон қишлоғида яшовчи, 1993 йилда туғилган У.С. билан 44 минг сўм эвазига муносабатга киришган.
Касби тумани Қатағон маҳалласилик, 2000 йилда туғилган Н.Х. Майманоқ қишлоғидаги боғда "Нокиа" русумли қўл телефони эвазига фоҳишалик билан шуғулланганини нима билан изоҳлашга ҳайрон қоласан киши.
Миришкор тумани Айзабод қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган Л.Ҳ. эса Яккабоғ тумани Уламжи МФЙда яшовчи, 1979 йилда туғилган Б.И.га тегишли уйда кўрсатган "хизмати" учун уч йигитдан 144 минг сўм пул олибди. Шундай кимсалар ҳақида эшитаркансан, беихтиёр "Одам борки, одамларнинг нақшидир, одам борки, ҳайвон ундан яхшидир" деган нақл эсга келаверади...
737 ТУП КЎКНОР ПАРВАРИШЛАБДИ
Марио Пьюзонинг "Чўқинтирган ота" китобида шундай манзара бор: мафия қироли дон Корлеоне жуда катта жиноятларнинг бошида тургани ҳолда гиёҳвандлик савдосига аралашишдан қатъий бош тортади. Ҳатто ашаддий жиноятчи у келтирадиган кулфатларни яхши англайди.
Бугун гиёҳвандликка қарши кураш дунё миқёсида долзарблик касб этган бир чоғда мўмай даромад илинжида томорқасида "кўкат" парваришлаётганлар борлиги ачинарли.
Профилактика тадбирлари давомида аниқланишича, Қарши тумани Талликурон қишлоғида яшовчи Н.Ҳамидов таркибида морфин, тебаин ва кодеин гиёҳвандлик воситалари бўлган 737 туп опийли кўкнор ўсимлигини етиштириб келган. Эксперт-криминалистика гуруҳи хулосасида опийли кўкнорнинг қуритилмаган ҳолдаги соф оғирлиги 90 килограмм 500 грамм дея кўрсатилган. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ғузор тумани Кераит МФЙ Зангтепа қишлоғида яшовчи, 1967 йилда туғилган Ш.Қурбонов эса ҳовлида чуқур кавлаб, таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси бўлган 6 туп каннабис ўсимлигини парваришлаган.
Шаҳрисабз шаҳар Оқсарой маҳалласилик, 1951 йилда туғилган М.Умирзаков яшаш уйида таркибида фенобарбитал гиёҳвандлик моддаси бўлган 40 дона дори воситасини сақлаб келаётгани аниқланди.
Косон тумани Нурафшон МФЙда яшовчи Р.Жўраев томорқасида 12 туп ўткир ҳидли, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни, Чироқчи тумани Олмазор қишлоғида яшовчи К.Янгибоева гултувакда 11 туп кўкнор ўсимлигини етиштирган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
"ИССИҚ-СОВУҚ" ҚИЛГАНИ УЧУН...
Фолбинга бориб, уларнинг айтганига кириб бир-бирига зарар етказаётганлар ҳам йўқ эмас орамизда. Айниқса, ўзига сеҳр ёки "иссиқ-совуқ" қилишгани ҳақида сўзловчилар барча нохушлик ва кўнгилсизликларни сеҳрдан кўриб, ўзлари гумон қилган шахсни ашаддий душман санаб юришади.
Аҳамиятлиси, кейинги пайтда назорат тадбирларида фолбинлик билан шуғулланаётганларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бундай олганда, фолбинлик ҳам фирибгарликнинг бир кўринишидир.
Аниқ мисоллар келтирадиган бўлсак, Шаҳрисабз тумани Хазара МФЙ Олмазор қишлоғида яшовчи, 1964 йилда туғилган З.С. яшаш уйида фолбинлик қилиб, ноқонуний фаолият билан шуғулланаётгани аниқланган ва расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун туман маъмурий судига юборилган.
Шу тумандаги Нушкент қишлоғида яшовчи, 1966 йилда туғилган Н.Мақсудова ҳам яшаш уйида ўзича чироқ ёқиб фол кўраётгани маълум бўлган. Нишон тумани Талимаржон шаҳарчаси Обод МФЙда яшовчи, 1980 йилда туғилган Р.Мўминов эса "иссиқ-совуқ" қилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилган.
Кўриниб турибдики, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сони кўп. Уларни келтиришдан мақсад эса фуқароларни қонунга зид қилмишлардан қайтаришдир.
Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси маълумотлари асосида Б.САЙФИЕВ тайёрлади.