Бадиий сўз ихлосмандларига Неъмат Арслон номи анча таниш ва қадрли. Ёзувчи ўзининг “Аёл сувратига чизгилар”, “Олдинда яна бир тун бор”, “Бигиз”, “Қизил шиша синиқлари”, “Маҳбуснинг иккинчи ҳаёти”, “Адам водийси”, “Мавҳумот”, “Савти Сарвиноз” китоблари билан ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшди, Унинг бадиий-тарихий, публицистик руҳдаги “Савти Сарвиноз” асари ХIХ асрда Шаҳрисабз беклигида яшаб, ижод этган улуғ бастакор Абдураҳмонбекка қўйилган маънавий ҳайкал бўлди. Айни пайтда ёзувчининг Китоб беги бўлмиш Жўрабек Қаландар қори ўғли ҳақидаги “Икки қутб ораси” романи чоп этилиш арафасида.
Неъмат Арслон 1941 йил 7 июнда Китоб туманининг Такия қишлоғида туғилган ва кўп йиллар Шаҳрисабз туманида яшаб, туман газетасида ишлаган. Айни пайтда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Президент томонидан совға қилинган уйда истиқомат қилмоқда.
Китоб тумани ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Неъмат Арслон таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Туман маданият саройида ўтган тадбирда Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Лола Ўроқова, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар, ижодкор Салоҳиддин Исомиддинов Неъмат Арслон ижодининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлашди. Туман маданият бўлими қошидаги “Мозийдан садо” жамоаси томонидан ёзувчининг “Савти Сарвиноз” романига монанд Бузрук мақомининг савти сарвиноз шуъбасига оид қўшиқ ижро этилди. Неъмат Арслон ҳақида ижодкор Ғайрат Пўлатов томонидан тасвирга туширилган “Дастхат” фильми намойиш этилди.
Адиб ўзига бўлган эътибор ва эътироф учун миннатдорчилик билдирар экан, “Ўзимни Нобель мукофоти олгандай бахтиёр ҳис этдим”, дея фикрини изҳор этди.