Эътибор берганмисиз, ички ишлар ходимларини негадир кўпчилик ёқтирмайди. Балки бунга уларнинг "ижрочи" экани сабабдир. Дейлик, қарорни суд чиқаради, тартиб-қоидани тегишли идоралар белгилаб беради ва уларнинг ижроси "милиса"лар зиммасига тушади. Дейлик, машина ҳайдовчиси тезликни оширгани учун фалон миллион сўм жарима тўласа, ана шу фалон миллион жаримани ўйлаб чиқарган "қонунбоз"ларни эмас, йўл-патруль хизмати ходимини ёмон кўради, сўкади, гўрига ғишт қалайди. Аслида уям нима қилсин, ҳужжатларда шундай белгиланган, яна қандайдир "план"лар ҳам бўлса керак...
Лекин айрим ҳоллар ҳам учрайдики, ички ишлар ходимларининг ўзи одамларни ёмон кўришга мажбур қилаётгандай тасаввур уйғонади.
Биласиз, карантин кучайтирилиши муносабати билан кўп жойларда, ҳатто қишлоқларга кираверишда постлар ўрнатилган. Ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари, дезинфекцияловчилар ўтган-қайтганни назорат қилиб туришади. Бу, албатта, яхши.
Тунов куни ишдан қайтарканман, ўша постлардан бирида ғалати манзарага дуч келдим. Соат кечки саккиздан бир неча дақиқа ўтган, бир ҳайдовчи шахсий машинасида ўтиб кетмоқчи бўлаяпти. ЙПХ ходими эса табиийки бунга рухсат бермаяпти. Чунки шахсий машинада ҳаракатланишга эрталаб 7 дан 10 гача, кечга 5 дан 8 гача рухсат берилади (биз уйга қайтаётганимиз учун йўлимизни ҳеч ким тўсмади).
Бояги ҳайдовчининг иши зарил шекилли ён-атрофда бир неча машина тўпланиб, варанглатиб сигнал чалаётганига қарамай йўлни бўшатгиси келмайди. Пост гавжум бўлиб қолганидан гап тегади деб ўйладими, ЙПХ ходими бирданига "тўнини ўзгартириб", машина эшигини очиб, ҳайдовчини "суғуриб" олишга зўр бериб урина бошлади. Ижтимоий тармоқларда шундай видеоларга кўзимиз тушиб қолади-ку, айнан ўшандай ҳолат-да.
Ёмон томони, ходим на ҳайдовчини жойидан жилдира олди, на йўл бўшади, машиналар, вазиятга қизиққанлар кўпайди. Кўзойнакли бир одам нима бўлаяпти экан, деб ҳолатни телефонига "съёмка" қилишгаям тушиб кетди. ЙПХ ходими кўрдики, йўқ жойдан машмаша, ҳайдовчига куч ишлатмоқчи бўлди, кучи етмади, сўккани бекор кетди, шунинг учун ўзиям нари кетди.
Ўша дамда сал нарида турган Миллий гвардия ходими ҳайдовчининг ёнига келиб, "Барибир қўйишмайди, анави кўчадан айланиб ўтсангиз бўлади" деганди, қарангки, бунга тажанг ҳайдовчиям кўна қолди. Шу билан ҳаракат ҳам жадаллашди.
Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади-да, нега шу муомалани ички ишлар ходими қилмади? "Акалар, тўғри тушунасизлар, хизматчилик. Кечки соат 8 дан кейин ҳаракатланишга рухсат йўқ. Сизларнинг фойдаларингизни кўзлаб шундай қилинаяпти. Қийин бўлсаям озгина чидаб туринглар, кейин ҳаммаси жойига тушиб кетади" деганида олам гулистон бўлмасмиди? Бўларди, албатта. Яхши гап билан илон инидан чиқибди, дейдилар.
Тўғри, ҳозир ҳеч кимгаям осон эмас. Постларда турганларга-ку кечаю кундуз тиним йўқ. Асаббузарлик, юклама кўплиги, ҳар хил савиядаги одамлар билан мулоқот, балки ички ишлар ходимларини ҳам мувозанатдан чиқараётгандир. Лекин тўғри тушунтириш, чиройли муомалага нима етсин? Ким сўкиш, ҳақоратлаш билан яхшиликка эришибди?! Энг ёмони, жуда кўп ҳолларда "форма кийганлар" ўзларини ана шу тарзда тутишади. Шундай экан, кимнинг уларга яхши гапиргиси келарди?!
Қолаверса, шундай постларда маълум машиналар бемалол ўтиб кетишиям бошқаларда норозилик уйғотаяпти. Қоидами, барчага баробар бўлиши керак, тартибми, ҳамма риоя этиши шарт. Кимгадир ўнг, кимгадир чап кўз билан қараш, яна кимларнингдир ҳаракатига кўзни юмиб туриш ходимнинг обрўсини зинҳор оширмайди. Шуниси ҳақиқат...
НАСРИДДИН