Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • НЕГА ЙЎЛ ҚОИДАСИНИ БУЗМАСЛИККА ИНТИЛИШ БОРУ, ТИЛ ҚОИДАСИГА КЕЛГАНДА КЎПЛАР БЕПАРВО?

20.10.2020


НЕГА ЙЎЛ ҚОИДАСИНИ БУЗМАСЛИККА ИНТИЛИШ БОРУ, ТИЛ ҚОИДАСИГА КЕЛГАНДА КЎПЛАР БЕПАРВО?

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Унинг мамлакат ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари тегишли қонунлар билан белгилаб берилади. 

Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишлари билан, таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқига эга. Фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади.

Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши керак. Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида эълон қилиниши лозимлиги белгиланган. Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланади. Географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилади.

Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади. Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини, яъни фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бизда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилмаганлик ёки бузганлик учун жазо чоралари қўлланилгани ҳолати деярли учрамайди. Таққос учун: йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳайдовчиларга солинаётган жарималар хабарлари ҳар кун қулоққа чалинади. Оддий светофорнинг қизил чироғи таъсирида ҳаракатланиш ёки тақиқланган жойда уловни қолдириш ҳолати учун ҳар ерда ҳозиру нозир инспекторлар томонидан ёзиладиган жарима миқдори фуқароларга тил қоидасини бузгани учун солиниши мумкин бўлган энг баланд жарима миқдоридан ҳам анча кўп. Боз устига тил қоидаларига амал қилинишини мунтазам назорат қилиб юрадиган посбон йўқ. Шундан бўлса керак, одамларда йўл қоидасини бузмасликка интилиш бору, тил қоидасига келганда улар бепарво. Ваҳоланки, давлат тили қоидаларини, миллат тилини ҳурмат қилмаслик йўл қоидасини бузиш ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган ачинарли ҳолатлардан ҳам аянчли бўлиши мумкин.

Report typo