Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

20.02.2018


НЕГА МИРИШКОРДА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНА ЙЎҚ?

Муайян фаолият билан шуғулланаётган корхона ва ташкилотларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилсак, бу борадаги энг юқори салмоқ Тошкент шаҳрига тегишли эканини айтиш жоиз. Январь ойи ҳолатига кўра, пойтахтда бундай субъектлар миқдори 62 мингтага тенг бўлган. Энг кам кўрсаткични эса Сирдарё вилояти қайд этган – 9 минг 500 та. Вилоятимизда эса 18 минг 700 та корхона ва ташкилот доимий фаолиятда бўлган. Бу пайтга қадар воҳамизда рўйхатга олинган субъектлар сони эса 19 минг 400 та бўлган.

Тегишли маълумотномада мавжуд корхона ва ташкилотларнинг халқ хўжалиги соҳаларидаги улуши ҳам келтирилган. Жорий йил 1 февраль ҳолати бўйича мазкур субъектларнинг 22 фоизи савдо, 17,3 фоизи саноат, 8,5 фоизи қурилиш, 7,4 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, 6 фоизи яшаш ва овқатланиш хизмати, 4,2 фоизи ташиш ва сақлаш,  2,2 фоизи ахборот ва алоқа, 2,1 фоизи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳалари ҳамда қолган 30,3 фоизи мамлакатимиз иқтисодиётининг бошқа жабҳаларида  фаолият олиб бормоқда. 

Ушбу ҳисобот даврида мамлакатимиздаги хорижий сармоя иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 5 минг 608 тани ташкил этди. Бундай корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (3671), Тошкент (600) ва Самарқанд (283) вилоятларида жойлашган. Бироқ вилоятимиз хорижий инвестицияни жалб қилиш борасидаги натижалари билан мақтана олмайди. Воҳамиз бу борада энг қуйи кўрсаткичлардан бирини қайд этган. Январь ойи ҳолатида вилоятда ишлаб турган хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар 55 тага етган, холос.

Яна бир жиҳати, мамлакатимизда кичик корхона ва микрофирмалар сони аввалги йилнинг шу даври билан солиштирганда, 9 фоизга ошган. Бу рақам 232 минг 900 тага тенг. Бундай субъектларнинг кўплиги бўйича етакчи ҳудудлар рўйхатида Тошкент шаҳри (53 минг 59), Тошкент (22 минг 75), Фарғона (20 минг 563) ва Андижон (20 минг 409) вилоятлари турибди. Жорий йилнинг илк ойида юртимизда 4,4 мингдан зиёд кичик корхона ва микрофирма ўз фаолиятини янгидан бошлаган.

Ушбу даврда юридик шаклига кўра ихчам ва бошқариш осон саналган оилавий корхоналар салмоғи ҳам ортганини кўриш мумкин. Юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган бундай корхоналар сони 12 минг 592 тадан иборат. Уларнинг 95,7 фоизи январь ойида самарали фаолият кўрсатган. Аввалги йилга нисбатан оилавий корхоналар сони 36,8 фоизга ўсган.

Аҳамиятлиси, вилоят статистика бошқармаси ҳам январь ойида вилоятдаги корхона ва ташкилотлар  фаолияти бўйича маълумотларни тақдим этди. Бу маълумотнома батафсил ва кенгроқ берилгани билан муҳим. Унда айтилишича, жорий йилнинг  дастлабки ойида воҳамизда қарийб 300 га яқин янги корхона ва ташкилот ташкил этилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 20 та кўп. Шунингдек, фаолияти тугатилган корхона ва ташкилотлар анча камайган. Мазкур муддат давомида ҳудудда 61 та субъект фаолиятдан тўхтаган.

Фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг асосий улуши Қарши шаҳри (21,5 фоиз), Косон (8,8 фоиз), Чироқчи (7,8 фоиз) ва Қарши туман (7,5 фоиз)лари ҳиссасига тўғри келмоқда. Яна бир қизиқ жиҳати, Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Ғузор, Муборак, Касби, Нишон ва Миришкор туманларида  фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 1000 тага етмайди. Бу эса ушбу ҳудудларда янги ишлаб чиқариш қувватлари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этишни асосий масалага айлантиради.

Қайд этиш жоиз, айрим корхона ва ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтган бўлса-да, аммо улар маълум муддат фаолиятсиз қолаётгани кузатилмоқда. Вилоят бўйича 19 минг 428 субъект мавжуд бўлса, шундан 749 та корхона ва ташкилот баъзи сабабларга кўра умуман ишламаяпти. Бу масалага Қарши шаҳри, Ғузор ва Деҳқонобод туманларида эътибор етарли эмаслигини кўриш мумкин. Чунки ушбу ҳудудларда январь ойида мос равишда 239,77 ва 92 та корхона ва ташкилот фаолият кўрсатмаяпти.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича қарасак, жами корхона ва ташкилотларнинг 23,9 фоизи савдо, 12,8 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, 11,9 фоизи қурилиш, 11,3 фоизи саноат соҳаларига ихтисослашган.

Айтганимиздек, вилоятимизда хорижий сармоядорлар билан ишлаш даражаси у қадар қониқарли эмас. Бу жиҳат хориж капитали иштирокидаги корхоналарнинг ҳудудлар кесимида берилган рўйхатида ҳам акс этади. Энг кўп субъект Қарши шаҳри (23 та), Китоб (7 та) ва Қарши туман (4 та)ларида жойлашган. Деҳқонобод, Косон, Чироқчи, Яккабоғ туманларида биттадан шундай корхона бор. Бироқ ишлаб чиқаришга хорижий сармоя жалб қилмаган ягона ҳудуд Миришкор тумани эканини таъкидлаш ўринлидир. Ушбу ҳудудда ҳам хорижий ҳамкорлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, бунинг учун зарур чоралар кўриш талаб этилади. Зеро, мамлакатимизда чет эл инвесторлари учун кенг шароит, кўплаб имтиёзлар мавжуд.

Эътиборлиси, вилоятимизда иш юритаётган хорижий сармоядорлар ҳудуднинг саноат ишлаб чиқариш тармоқларига юқори қизиқиш билдирган. Айни пайтда 37 та корхона ушбу йўналишда ишлаётгани фикримизнинг исботидир. Қолаверса, савдо жабҳаси ҳам улар учун истиқболли йўналиш ҳисобланади. 9 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона фаолияти асосини шу соҳа ташкил этади.

2018 йил 1 февраль ҳолатига кўра, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 14 минг 506 субъект кичик корхона ва микрофирма мақомига эга. Уларнинг салмоғи аввалги даврга қараганда 3,6 фоизга ошди. Яъни 229 янги субъект ташкил этилди. Энг кўп янги кичик корхона ва микрофирма Қарши шаҳри, Чироқчи, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида иш бошлади. Бу борада энг паст натижани эса Миришкор, Ғузор ва Яккабоғ туманлари кўрсатган. Бу даврда ушбу ҳудудларда атиги 7 тадан субъект фаолияти йўлга қўйилган. Ваҳоланки, бугун кичик корхона ва микрофирмалар ҳам иқтисодиётнинг барча соҳаларида фаоллик кўрсатмоқда. Бугунги кунда улар саноат ишлаб чиқариши, хизматлар соҳаси, ташиш ва сақлаш, бошқа фаолият турлари билан шуғулланмоқда.

Фаолият самарадорлиги бўйича яхши кўрсаткичлардан бири оилавий корхоналарга тегишли. 1 февраль ҳолатида ушбу турдаги юридик шахслар сони вилоятда 550 тани ташкил этган. Уларнинг 96 фоиздан кўпи амалий фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган бир йил давомида аҳоли томонидан 100 дан ортиқ янги оилавий корхона фаолияти йўлга қўйилган ва иқтисодиётнинг барча муҳим жабҳаларини қамраб олган.

 

М.ШУҲРАТОВ тайёрлади

Report typo