Шимолий Дакота штати (АҚШ) университети психологлари ижобий ва салбий ҳиссий рағбатнинг эркаклар ва аёллар ҳолатига таъсирини ўрганди. Тадқиқот Behavior Research and Therapy журналида эълон қилинган.
Олимлар жамоаси нега кишилар кўпинча тақдирланишдан кўра турли таҳдидларга кучлироқ жавоб қайтаришини аниқлашни режалаштирган. Улар одамлар ижобий ва салбий (қўзғатувчи) рағбатни қандай қабул қилишини ўрганиш мақсадида жами 375 нафар қатнашчи билан учта эксперимент ўтказган.
Ҳар бир кўнгилли компьютер билан жиҳозланган алоҳида хоналарга жойлаштирилиб, экранда турли тасвирлар намойиш этилган. Улардан бир қисми ёқимли (бахтиёр одамлар, ўйнаётган болалар), бошқалари эса салбий ҳис-туйғу чақирувчи (автоҳалокат, айниган таомлар) бўлган.
Тадқиқотда қатнашчилар ёқимли тасвирлардан кўра жирканч кадрларга тезроқ жавоб қайтаргани ойдинлашган. Салбий ҳолат таъсирининг бундай тез пайдо бўлиши одамлар омон қолиши учун ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган потенциал хатарларни зудликда аниқлаш ва унга жавоб қайтаришга дастурлангани ҳақидаги тадрижий назарияни тасдиқлайди.
Эркаклар ва аёллар ўртасида кузатилган салбий тасвирни идрок қилиш кучи ва тезлиги борасидаги фарқ эса муҳим топилма бўлган. Иккинчи тоифа ёқимсиз кадрларга тезроқ ва кучлироқ жавоб қайтарган. Бу аёллар орасида қўрқув билан боғлиқ хавотирли ташвиш ва парокандалик анча кенг тарқалгани билан мос келади.