Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 январь, жума. 2025 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Немис ҳукумати суриялик қочқинларнинг ҳимояланган шахс мақомини бекор қилмоқчи

09.01.2025


Немис ҳукумати суриялик қочқинларнинг ҳимояланган шахс мақомини бекор қилмоқчи

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер Сурияда вазият барқарорлашган тақдирда немис ҳукуматининг суриялик қочқинларга нисбатан келгуси ҳаракатлари бўйича режасини тақдим этди. Бу ҳақда Funke медиагруппаси хабар тарқатган.

Полиция раҳбари сўзларига кўра, режа тўрт банддан иборат бўлиб, жумладан, қочқинларнинг ҳимояланган шахс мақомини бекор қилишни кўзда тутади, бу эса улардан мамлакатни тарк этишни талаб қилишга йўл очади.

"Муҳожирлар ва қочқинлар ишлари бўйича федерал идора тақдим этилган ҳимояланган шахс мақомини қайта текшириб, агар кишилар Сурияда вазият барқарорлашгани сабабли Германияда ортиқ бундай ҳимояга муҳтож бўлмаса, уни бекор қилади", деган вазир.

Айтилишича, мамлакат ички ва ташқи ишлар вазирликлари Суриядаги аҳвол юзасидан аниқроқ тасвир олиш учун ҳамкорликда иш олиб бораяпти. 

Нэнси Фезер режанинг қолган учта бандини ҳам муҳим деб атади. Яъни олмон жамиятига яхши интеграциялашган, иш фаолиятини олиб бораётган, шунингдек, немис тилини ўрганиб, "ўзининг янги ватанини топган" қочоқлар Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Бошқа банд ўз уйларига қайтишни истаган суриялик қочқинларга ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Сўнгги банд эса "жиноятчиларни тезда чиқариб юбориш" деб аталган.

Report typo