Янги қоидага кўра, Германияда 2022 йилдан умумфойдаланишда бўлган йўлларда бошқарувида ҳайдовчи иштирок этмайдиган автомобиллар оммавий пайдо бўлади. Ушбу тадбир мамлакатда робомобиллар ишлаб чиқариш ва улар хизматини жорий қилишни тезлаштиришга қаратилган.
TechCrunch хабарига кўра, ўтган ҳафтада парламент қуйи палатасида тўртинчи даражага мансуб мустақил ҳаракатланувчи автомобилларга алоқадор қонун лойиҳаси овозга қўйилган. Ушбу даража Автомобиль инженерлари жамияти (SAE) томонидан киритилган кўрсаткичларга асосан, машина фавқулодда вазиятлардан ташқари ҳамма вақт бошқарувни тўлиқ ўзи амалга оширишини англатади.
Ҳужжатда айтилишича, келгусида бундай автомобиллар бутун мамлакат бўйича, асосан ҳайдовчисиз ҳаракатланишга мўлжалланган ҳудудлардаги жамоат чизиқларида қатновларни амалга оширади. Федерал ҳукумат мазкур технология имкониятларини ўрганиш ва жамоатчилик унда иштирок қилишини таъминлаш учун ана шундай тизимни мунтазам фаолиятга жорий этиш бўйича келгуси қадамлар ташлашга қарор қилган.
Қонун лойиҳасида ҳайдовчисиз автомобиллар қўлланиладиган соҳалар ҳам белгиланган: хизмат сафарлари, йўловчи транспорти, логистика, юк ташиш, тиббиёт марказлари ва кексалар уйларига қатновлар, ишчиларни тарқатиш йўналишлари шулар жумласидан.
Ҳужжат ҳали парламентнинг юқори палатаси муҳокамасига юборилиши керак. Унинг қонуний кучга кириши 2022 йилда амалга ошиши кутилаяпти.
Маълум бўлишича, Германияда ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллар асосида фаолият кўрсатувчи компаниялар фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши, шунингдек, автопилотни масофадан туриб ўчириш имконига эга бўлиши талаб этилади.
Мамлакат канцлери Ангела Меркель ўтган йилнинг сентябрида Германияда ҳавдовчисиз бошқарилувчи автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш новаторлик ролини бажариши кераклигини уқтирганди. Унинг сўзларига кўра, давлат робомобилларни умумий фойдаланишдаги йўлларга киритган илк мамлакат бўлиши керак.