Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • "@"НИ "ЧУВАЛЧАНГ" ДЕЙДИГАНЛАР ВА ДУНЁГА "WWW" "ПАНЖАРА"СИДАН ҚАРАЙДИГАНЛАР

Нуриддин ЭГАМОВ

20.12.2018


"@"НИ "ЧУВАЛЧАНГ" ДЕЙДИГАНЛАР ВА ДУНЁГА "WWW" "ПАНЖАРА"СИДАН ҚАРАЙДИГАНЛАР

"НЕГАДИР БУВИМ КЎРИНМАДИ..."

Айтишларича, америкалик буюк фантаст ёзувчи Рэй Брэдбери машиналардан, компьютерлардан ва интернетдан нафратланишини яшириб ўтирмаган. "Улар бизнинг яшашимизга халақит беради, - деб ёзади адиб, - улар бизнинг вақтимизни олиб қўяди. Одамлар компьютерда жуда кўп ишлашади. Улар бир-бирларини тинглаш ўрнига жуда кўп вайсашади".

"Қани энди фарзандинг Гарри Поттернинг навбатдаги саргузаштларига қизиқиб, давоми чиққан-чиқмаганини билиш учун интернетни ковлаш, ўртоғига тафсилот, сафсата сотиш ўрнига бирор мумтоз асарнинг фалон жиҳати ҳақида қизиқиш билан савол берса. Ота-она сифатида сиз хурсанд бўлиб кетмайсизми?", деб ёзади ўзимизнинг адибимиз Собир Ўнар.

Ижтимоий тармоқларнинг бирида заҳарханда истеҳзога йўғрилган мана бу мазмундаги латифанамо битикка кўзим тушганди: "Бугун интернет ишламади. Оиламиздагилар билан бир дастурхон атрофида мазза қилиб гаплашдик. Яхши одамлар экан. Негадир бувим кўринмади..."

Ҳа, келтирган бу иқтибосларимиз замирида аччиқ ҳақиқат бор. Дунёга "www" "панжара"сидан қарайдиганлар виртуал оламга ўзинию ўзлигини-да унутиб шўнғиётгани бор гап.

Қадимий "Кул тигин" битигида шундай жумлалар бор: "Самимий, носамимийни ажратмайсан, ким қаттиқ гапирса, самимийни ҳам танимайсан..." ёки ..."сен душман сўзларига дарҳол ишониб қўя қолма, унинг  сўзлари ҳийла ва алдовдан иборат бўлиб, у ўз мақсадига эришиш учун ўзини ниҳоятда, мулойим қилиб кўрсатади. Ички оламини ташқи олами билан бўяб кўрсатади. Сени ғафлатда кўргач, тадбир ўқини мақсад нишонига уради. У пайтда сен учун  чора-тадбир кўриш фурсати ўтган бўлиб, ҳасрат ва надомат ёрдам бермайди", Бу ўгитлар нафақат реал, балки виртуал оламда ҳам бизни ҳушёрликка ундаб туради. Аммо...

"ҚАЙТАР"НИ ҚАЙТАРМА..."

Бундан бир неча йил муқаддам нуфузли идора матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлайдиган киши қўнғироқ қилиб, таҳририятимизнинг электрон манзилини сўраб қолди. Маълумот ташламоқчи экан. Электрон манзил газетанинг ўзида аниқ-тиниқ берилганини  айтдим. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, у яна қўнғироқ қилиб, маълумот "почта"га тушган-тушмаганини сўради. Мен қараб, ҳали тушмаганини билдирдим. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, ўзи манзилни қанақа қилиб ёзаётганини ҳижжалаб сўрадим.

- Мана, газетада қандай берилган бўлса, шундай ёздим, - деди у бамайлихотир. - "Э-майл"... кейин... хатлар... кейин "собачка"... Шундоғми?

Таажжубдан ёқа ушлаб қолдим. Қайтариб сўрадим. Афсуски, эшитганим ҳазил эмас экан. Шунча йилдан бери компьютер қаршисида ўтирадиган, интернетнинг зарари ҳақида соатлаб ваъз айтиб юрадиган акахонимиз электрон почтага "e-mail" жумласини ҳам қўшиб ёзаётган экан. Шу пайт хаёлимдан машҳур фильмдаги "улуғ Руснинг шоҳи... қайтар... ва буюк князи..." деган машҳур ибора ўтди...

Ҳа, "касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади". Афсуски, хонадонлар тугул, ҳали-ҳамон кўплаб нуфузли идораларда ҳам АКТ саводхонлиги ўзига яраша. Ҳатто иш фаолияти ёзишмалардан иборат бўлган айрим ходимлар оддийгина Word, баъзи ҳисобчилар Excelни билмаслиги сабабли ҳамон "қалам йўрғалатиб", чўт қоқиб юришибди. Табиийки, бундай киши учун компьютер ва интернет - балонинг уяси. Ўзи ҳам яқинлашмайди, боласини ҳам яқин йўлатмайди...

Ваҳоланки, интернету ижтимоий тармоқларнинг ёмонини айтган жойимизда яхшисидан ҳам гапиришимиз керак эмасми?! Ахир "тармоқлардаги қармоқлар" қабилидаги тарғиботлар сабаб интернет борасида "алиф"ни "калтак", тўғрироғи "@"ни "чувалчанг" деб юрганлар баттар юрак олдириб қўйишмоқда. Уларнинг айримлари компьютерда тинчгина дарс тайёрлаб ўтирган боласининг тепасига булутдай бостириб боришаяпти: "Ана, уйи куйсин интернетни чиқарганнинг, йиғиштир компьютерингни..." Маҳалладаги ғийбатчи хотинлар ўқимишли ва тарбия кўрган қизни "интернетга кирармиш", қабилида ғийбат қиладиган бўлишди. "Интернетда расми чиқиб кетибди" қабилидаги бемаъни гап-сўзлар оилаларнинг бузилишига, ҳатто айрим ёшларнинг ўз жонига қасд қилишига ҳам сабаб бўлаётганини эшитиб турибмиз.

"ТУШУНМАДИНГМИ? - ОБТАШЛА!"

Жаҳонда наркомания, токсикомания деган иллатлар қаторига бугун янги касалликлар - интернетомания (интернетга қарамлик) ва лудомания (виртуал ўйинларга қарамлик) сингари балои азимлар қўшилганидан хабарингиз бор.

Дунёда аквофобия (сузишдан қўрқиш), клаустрофобия (тор жойда қамалиб қолишдан қўрқиш), айхмофобия (ўткир тиғли жисмлардан қўрқиш) сингари минглаб "фобия"  хасталиклар ҳам бор. АКТ тараққиёти билан уларнинг ёнига интернетофобия ҳам қўшилди. Бу касалликка чалинганлар интернетга киришдан, унинг чексиз имкониятларидан фойдаланишдан ўлгудай чўчишади. Агар қандайдир сабаб билан бунга мажбур бўлишса, хавотирдан юрак уриши тезлашиб, қон босими кескин кўтарилиб кетиши ҳеч гапмас.

Бир пайтлар таҳририятда узоқ йиллар ишлаган кекса муҳаррирлар "таҳрирнинг олтин қоидаси" сифатида, биласизми, нимани тавсия этишарди - "Тушунмадингми, обташла!" Афсуски, бугун кўплаб хонадонларда интернетдан фойдаланиш масаласида мана шу алмисоқдан қолган қоида ишлаяпти ва интернетофобияга чалинган ота-оналар ҳамда маърифатга ташна болаларнинг баҳсларига сабаб бўлаяпти...

"ТЕГМА, КУЯСАН..."

Аммо бир нарса аниқ. Болалар, ўсмирлар ва ёшлар тақиқ қўйилган нарсага янада кўпроқ қизиқишлари айни ҳақиқат. Қолаверса, бу борада "тегма, куясан", қабилида иш тутиш калтабинликдир.

Сизнингча, ёшлигимиздан эшитганимиз, ўзимиз ҳам бошқа дурустроғини билмаганимиз учун боламизга айтиб берадиганимиз - "Бўғирсоқ" эртагининг қандай тарбиявий аҳамияти бор?! Аҳамияти шуки, "момомдан қочиб кетдим, бобомдан қочиб кетдим, сендан қочиш ҳеч гапмас", қабилида уйидагию кўчадаги катталарнинг гапига кирмаганларнинг ҳолига вой - улар тулкига ем бўлади. 

 "Суюнчи" фильмидаги бир лавҳа барчангизга яхши таниш. Анзират момо "профессор" невараси Абдуллани калтак билан қувлаганида, у дарахтга чиқиб олади. Бугун биз боламизни шўхлиги учун қаттиқроқ тергасак, у дарахтга қараб қочадими ё чордоққа беркиниб оладими? Йўқ, бундай пайтларда у дарахту нарвонга тирмашиб, овора бўлиб ўтирмайди - виртуал оламга кириб олиб, эшигини қарсиллатиб ёпади ва ичкаридан тамбалайди. Агар бу олам калитларини тополмасак, дарахтга чиқа олмаган Анзират момодан фарқимиз қолмайди...

- Ака, кап-катта одамсиз, "фейсбук"даям, "телеграм"даям, "инстаграм"даям борсиз-ей, - деб қолди ёш танишим ўрта ёшли ҳамкасбига. - Нима, қиладиган бошқа ишингиз йўқми?

- Сенингча, мен ҳамма ижтимоий тармоқлардаги профилларимни бекорчиликдан "лақиллашиш" учун очганманми? - деди унинг суҳбатдоши. - Болаларим - талаба, пойтахтда ўқишади. Адашиб, тармоқларнинг қармоқларига тушиб қолишмасин, дейман. Улардан ўша тармоқларнинг ўзида бохабар бўлиб туришга ҳаракат қиламан. "Ие, бу ерда ҳам дадам юрибдилар", деган ўй уларни ҳушёрликка чақириб туради. 

"САЛОМ, ГРУППАДАГИЛАР!"

Бундан бир неча йил муқаддам режиссёрлар Ҳилол Насимовнинг "Одноклассники.ру", Дилшод Аҳмедовнинг "Салом, группадагилар!" номли фильмлари экранларга чиқарилганди. Уларда ижтимоий тармоқлар қармоғига илиниб, алданиб қолган ёшларнинг фожеавий қисмати ёритилган эди.

Фильмлар ижодкорлари ёшларни огоҳликка ундаш сингари хайрли мақсадларни кўзлашгани аниқ. Бугун ҳамма гаплашиш ўрнига "чатлашиш"ни, ёнидаги тирик одамдан кўра виртуал оламдаги мавҳум кўланка-суҳбатдошни  афзал билаётган, "кўнглингни очиб-сочгани" бир қулоқ камёб (чунки қулоқчин билан банд) бўлган бир пайтда бундай фильмларнинг ҳам тарбиявий томонлари бордир... Лекин...

ТАРМОҚ ФАҚАТ ҚАРМОҚ ЭМАС...

"Салом, группадагилар!" - ижтимоий тармоқларда илгари ирония тарзида урф бўлган бу иборадан ҳеч қандай киноя-кесатиқсиз, оҳанжамаю жимжималарсиз, шунчаки  кўпчилик ўтирган хонага кирган одамдай ишлатадиганлар кўпчилик. Бир пайтлар беданачилик ҳақида маълумот излаб, бир "группа"га дуч келгандим. Эҳ-ҳе, "бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак" деганларидай бу жимитдай қушнинг шайдолари бунча кўп бўлмаса. Яна бир-бирларига шундай меҳрибон, тавсияларини аяшмайди: қандай парвариш қилиш керак, қандай озиқлантириш, даволаш...

Бир танишим балиқчиларнинг "группа"сида экан. Шунчаки қизиқиш билан бошланган суҳбатлар қўр олиб, у айни пайтда хонадонида кичиккина ҳавза ташкил этиш ҳаракатида юрибди. Ўзим кафтдай жойда иссиқхона қургандим, тажрибали томорқачиларнинг олтиндан қиммат маслаҳатларини ижтимоий тармоқлардан топдим.

Яна курсдошларим билан гуруҳимиз бор. Уларда адабий-бадиий, маънавий-маърифий гурунглар авжига чиқади. Яқинда янги алифбо  мавзуидаги йирик анжуманда иштирок этган олима курсдошимиз таассуротларини ёзди. Курсдошларимизнинг кўпчилиги олим, ўқитувчи, журналист эмасми, бу мавзудаги мунозара роса қизиб кетди.

Қашқадарёлик ёш ижодкор дўстларим мени ўз гуруҳларига киритиб қўйишган эди. Кимдир янги ёзган шеърини, кимдир ўқиган шоҳ сатрларини гуруҳдагиларга илинади. Яқинда асосан шу гуруҳдагиларнинг  куюнчаклиги, саъй-ҳаракати, ташаббуси билан оғир  хаста бўлган шоира қизни хорижда операция қилдириш учун кўплаб хайрия акциялари, тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, керакли маблағ жамғарилишига эришилди. Агар ижтимоий тармоқлар бўлмаганида беназир истеъдод соҳибаси бўлган, чекка қишлоқлик ўша шоира қиз мамлакат бўйлаб бу қадар шуҳрату эътибор топармиди?!

Ҳа, ижтимоий тармоқ деганлари айрим серхавотир олимлар қайд этишганидай фақат қармоққа туширадиган жой эмас. Кези келганда қўлингга фақат "балиқ" эмас, "қармоқ" ҳам тутқазадиган тарбия маскани ҳамдир. "Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё", дейдилар-ку...

Чанг киради, деб дарича ёпамизми?

Биз "интернетомания"ни ҳам,  "...фобия"ни ҳам ёқлаш ё қоралаш фикридан йироқмиз. Фақат, оддийгина қоида тарафдоримиз -  ҳар нарсада ҳам меъёр бўлганига нима етсин?!

Дарвоқе, дунёда автоҳалокатлар авиаҳалокатлардан кўра бир неча ўн баробар кўпроқ талафот келтирар экан. Шундай бўлса-да, одамлар автомобилга бемалол ўтириб, самолётга чиқишга қўрқишади. Интернетдаги ҳалокат, жаҳолат нечоғлик кўп бўлмасин, шунинг баробарида у битмас-туганмас маърифат манбаи эканини ҳам унутишга асло ҳаққимиз йўқ.

Бугун юртимизда АЭСдек мураккаб технологияли иншоотлар қуришни мўлжаллаяпмиз. Оламшумул космик дастурлар ташвишидамиз. Энг нозик ва ноёб тиббий амалиётларни ўзимизда ташкил қилиш ҳаракатидамиз... "Чанг киради, пашша киради" деб, "дунё даричаси"ни болаларимизга ёпиб қўйсак, бундай улуғвор ниятларимизга қайси авлод билан эришамиз?! 

Аслида бу "дарича"ни беркитишнинг ўзи жаҳолат эмасми?!

Абдулла Ориповнинг салкам қирқ йил аввал ёзган "Бобо ва набира" шеърида шундай сатрлар бор:

У ҳали номингни кўксига жойлаб,

Самолар қўйнида ургусидир барқ.

Уни қадамингга ташлама бойлаб,

Қўйвор набирангни, отажоним, Шарқ...

Нуриддин ЭГАМОВ

Report typo