Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.03.2024


Ниҳоят, Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюция қабул қилинди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Рамазон ойида Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат бўйича овоз беришда фақат АҚШ бетараф қолган. Бошқа 14 мамлакат, жумладан, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари саналган Россия, Хитой, Франция ва Буюк Британия уни ёқлаб овоз берган.

Қабул қилинган резолюция Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлмаган 10 мамлакат томонидан тайёрланган. У уч банддан иборат. Биринчиси, ихтилоф томонларининг барчаси амал қилиши керак бўлган Рамазон ойида ўт очишни зудлик билан тўхтатиш талабини ўз ичига олган.

Иккинчи бандда барча гаровдагиларни уларга тиббий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун ижтимоий ёрдамни таъминлаган ҳолда зудликда, ҳеч қандай шартларсиз озод қилиш ҳақида гапирилган.

Учинчисида эса Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари оқимини шошилинч кўпайтириш, уларни етказиш борасидаги тўсиқларни бартараф этиш ва бутун ҳудудда тинч аҳоли ҳимоясини кучайтириш зарурлиги қайд этилган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги резолюцияси ижро этилиши мажбурийдир. Бу ҳақда халқаро ташкилот Бош котибининг расмий вакили ўринбосари Фархан Ҳақ брифинг чоғида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча қарорлари, жумладан, Ғазо бўйича резолюция ҳам халқаро ҳуқуқ саналади. Халқаро ҳуқуқ ижроси қанчалик мажбурий бўлса, улар ҳам шундай кучга эга.

Report typo