Вилоят божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 196 та ҳолатда жами 1734 дона диний мазмундаги маҳсулот божхона чегаралари орқали ноқонуний тарзда олиб ўтилишининг олди олинди. Эътиборлиси, ўтган йилга нисбатан жорий йилда бундай материаллар сони камайгану, аммо ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар сони 91 тага кўпайган. Бу мазкур турдаги маҳсулотлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот ишларини изчил давом эттириш лозимлигини кўрсатади. Чунки бундай маҳсулотларда миллий, ирқий ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслигига қараб фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган ғоялар акс этган.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейингина амалга оширилиши белгиланган. Бундай адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан амалга оширилади. Буни фуқаролар албатта билиши керак, чунки қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.
Мисол тариқасида айтсак, жорий йилнинг июнь ойида Нишон туманидаги темир йўл разъездига келган Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поездида йўловчи сифатида келаётган қўшни давлат фуқароси Хайит Хуррамовнинг ҳаракатлари шубҳа остига олиниб, унинг ўзи ва қўл юклари йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилди. Шунда унга тегишли “Samsung” маркали компьютер хотирасида 177 дона тақиқланган диний мазмундаги маъруза борлиги аниқланди.
Яна бир қўшни давлат фуқароси Шербек Илҳомов ҳам ушбу темир йўл разъездига келиб тўхтаган Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поездининг 4-вагонида йўловчи сифатида келаётганида божхона ходимлари томонидан божхона назоратидан ўтказилди. Натижада унинг қўл телефони хотирасида транзит равишда олиб ўтилиши тақиқланган 15 дона диний мазмундаги маъруза борлиги аниқланиб, унга нисбатан божхона қонунбузарлиги юзасидан баённома расмийлаштирилди.
Аниқланган ушбу ҳолатлар бўйича диний мазмундаги материаллар йўқ қилиниб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари асосида жазо чоралари қўлланилди.
Собир ХОЛМУРОДОВ,
вилоят божхона бошқармаси катта инспектори