Динимизда никоҳланиш жинсий майл талаби сифатида баҳоланмайди, балки бунга инсоннинг ўзидан зурриёт қолдириш масаласи деб қаралади. Шу нуқтаи назарга мувофиқ пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:
"Никоҳ менинг суннатимдир, кимки суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас". (Бухорий ривояти).
Бу ҳадис моҳиятида инсоннинг никоҳланмай тоқ ўтишдан қайтариш мақсади мужассам. Яна бундан аён бўладики, оила қуриш инсон ҳаётидаги муҳим ишларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, никоҳнинг ҳам ўзига хос талаблари бўлиб, оила қурадиган жуфтлик бир-бирига муносиб келиши ва ўзаро ҳаёт йўлини боғлашга розилик асосида аҳдлашиши керак.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) таълимотларига кўра, инсон ўз фарзандларига она бўлажак аёлни суриштириб, ундан сўнг унинг ота-онасидан никоҳга розилик олишга ҳаракат қилади. Ул зот бежизга "Фарзандларингизга она бўладиган аёлни яхшилаб танлаб олинглар" деб хитоб қилмаганлар.
Ислом дини қиз билан йигитни никоҳдан олдин бир-бирлари билан кўришишига ҳам рухсат қилади. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар:
"Унга (уйланадиган қизга) назар сол. Уни кўрсанг ўрталарингда муҳаббат пайдо бўлади".
Бироқ йигит билан қизнинг бу кўришиши икки томон вакиллари назорати остида бўлиши керак. Никоҳланмаган ёшларни якка қолдириш ва алоҳида учрашишларига рухсат қилинмайди.
Яна бир кўпчилик билиб қўйиши лозим ҳақиқат шундаки, бир қизга бир йигитдан совчи келса, то улар бир иттифоққа келгунларича иккинчи томондан совчи қўйиш мумкин эмас. Бинобарин, пайғамбаримиз (с.а.в.) "Бир киши совчи бўлиб турган қизга то улар бир ёқли бўлиб ажралиб кетгунча бошқа одам совчи қўймасин", деганлар.
Уламоларимиз кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлиш ҳукмини қуйидагича тасниф этганлар: уйланиш фарз - маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, фақат уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишиларга; уйланиш вожиб - маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, уйланмаса зинога кетиш хавфи бўлган кишиларга; уйланиш суннати муаккада - маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, жинсий муносабатга лаёқатли кишиларга; уйланиш ҳаром - маҳр ва аёл нафақасига қодир бўлмаган, аёлга зулм қилиши аниқ бўлган, жинсий лаёқати йўқлиги аниқ кишиларга; уйланиш макруҳ - маҳр ва нафақадан, зулмдан ё жинсий ожизликдан хавф қилган кишиларга; уйланиш мубоҳ - уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда.
Энди никоҳнинг рукн ва шартлари ҳақида тўхталсак, динимиздаги ҳамма мазҳаблар бир овоздан "ийжоб" ва "қабул"ни биринчи ўринга қўйганлар. Никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан "ийжоб" аввал, "қабул" иккинчи ўринда содир бўлади. Мисол учун бир эркак аёл кишига, "менга хотин бўлишга розимисан", деса "ийжоб" бўлади. Аёл унга "розиман" деб жавоб берса "қабул" бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам "ийжоб- қабул" айтилиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида фақат "ийжоб" ва "қабул"гина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Бошқа мазҳабларда эса никоҳ рукни 4 та бўлади. Никоҳ маҳали унда иштирок этадиган аёл эркакка абадий ёки вақтинчалик ҳам ҳаром бўлмаслиги; "ийжоб" ва "қабул"да ишлатиладиган иборалар абадийликни ифода қилиши ҳамда мулкка эгаликни дарҳол собит қиладиган лафзлар бўлиши шартлиги шулар жумласидандир. Никоҳдаги гувоҳлик борасида барча мазҳаб уламолари якдил, яъни гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди.
Никоҳ аёл ва эркак учун хотиржамлик ва масъулият ҳамдир. Бу никоҳланиш асосида юзага келган оилани боқиш, унга бош бўлиш, оила аъзоларининг ҳақларини адо этиш, улардан етган баъзи камчиликларга сабр қилиш, у камчиликларни тузатиш, ҳалол ризқ топиш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланишдан иборат. Зеро, ушбу амалларнинг барчаси юксак ахлоқий фазилат бўлиб, инсонни юқори даражага кўтаради.
Раҳматилла УСМОНОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби