Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мунаввар БАҲРИНОВА

23.02.2017


Никоҳ шартномаси: МУЛКИЙ МУНОСАБАТЛАРНИНГ МУСТАҲКАМ АСОСИ

Албатта, никоҳ шартномасини тузиш мутлақо ихтиёрий бўлиб, эр-хотиннинг ўзаро розилиги асосида амалга оширилади.

Қайд этиш жоизки, никоҳ шартномасининг асосий мазмуни эр ва хотиннинг умумий мол-мулкка эгалик қилишдаги муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб қўйишдан иборат. Бунда нафақат улар ўртасида мавжуд бўлган мулкий ҳуқуқлар, айни пайтда эр-хотиннинг биргаликда яшаш даврида орттирадиган мол-мулки ҳисобига вужудга келиши мумкин бўлган мулкий ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилади.

Оила кодексининг 30-моддасига мувофиқ, никоҳ шартномаси никоҳ рўйхатга олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳнинг расмий қайд этилиши унда иштирок этаётган томонларнинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини юзага келтиради.

Оила кодексининг 24-моддасига кўра, никоҳланувчи шахслар ажрашган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари никоҳ шартномаси орқали белгиланади. Никоҳ шартномасининг тузилишида никоҳланувчилар қонуний никоҳда бўлишлари лозим.

Бундай шартномани тузиш учун эр ва хотин муомала лаёқатига эга бўлишлари шарт. Агар улардан бирортаси муомала лаёқатига эга бўлмаса, унинг номидан никоҳ шартномасини ишончли вакил тузишга ҳақли. Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши, бекор қилиниши мумкин. Бироқ бу ёзма шаклда, нотариал тартибда тасдиқланиши шарт. Агар никоҳ шартномаси бекор қилинмаган бўлса, никоҳ тугатилишига қадар амалда бўлади. Никоҳ шартномасига кўра, тўйда келинга бериладиган сеп, совға-салом ва ҳадялар унинг мулки ҳисобланади. Лекин ажрашиш пайтида никоҳ шартномасидан бехабар кишилар, хусусан, куёв томон ўзлари берган нарсаларнинг қайтариб берилишини талаб қилади. Никоҳ шартномасига кўра уларнинг бу талаби нотўғри.

Оила қурганда албатта никоҳ шартномаси тузиш шарт, чунки бу ёшларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини англаб турмуш кечиришини таъминлайди. Турмушда улар дуч келиши мумкин бўлган нохуш вазиятларни қонуний йўл билан ҳал этишда ёрдам беради. Ортиқча кўнгилсизликларга ўрин қолдирмайди.

Таҳлилларга кўра, фуқаролик судларида кўрилаётган ишларнинг катта қисмини эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар, никоҳни бекор қилиш билан боғлиқ мулкий низолар ташкил қилади. Хусусан, кўпинча ёш оилалар орасида никоҳдан ажралиш ҳолатлари кузатилади. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандларнинг тақдирига ҳам дахлдор бундай нохуш ҳолатларни имкон қадар камайтириш мақсадида хотин-қизлар қўмиталари, ўзини ўзи бошқариш органлари, маънавият тарғибот маркази туман (шаҳар) бўлимлари, қолаверса, бошқа жамоат ташкилотлари томонидан маънавий тарғибот, тушунтириш ишлари доимий олиб борилиши зарур.

Маълумки, Оила кодексида эр-хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби белгиланган. Аммо ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, бундай шартнома тузиш ҳали у қадар оммалашмаётир. Хусусан, шу масалага оид кўрилган айрим фуқаролик ишларида никоҳ шартномаси хусусида сўз бормайди, яъни оила қурган фуқаролар ўртасида никоҳ шартномаси тузилмаган. Ҳолбуки бир йилда юзлаб янги оилалар пайдо бўлади.

Хўш, бу тартибга кўпчилик кўника олмаслигининг сабаби нимада?

Оила кодексининг 29-моддасига мувофиқ, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажралган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви – никоҳ шартномаси, деб ҳисобланади. Бундан кўринадики, мазкур шартномада эр-хотин ўртасидаги мулкий муносабатларга эътибор қаратилиб, турли ҳолатларда уларнинг мол-мулклари, қандай, қай тартибда, қай миқдорда тақсимланишига аниқлик киритилади.

Энди мулкни бўлиш жараёнини кўз олдингизга келтиринг. Дейлик, никоҳ шартномасида уй эрнинг, машина хотиннинг эгалигига ўтиши белгиланган. Табиийки, никоҳдан ажралган тақдирда бир тарафнинг иккинчи тараф тасарруфидаги мулкни йўқотиб қўйиши, қўлдан чиқариши, ҳарҳолда ҳадик солади чоғи, бундай  шартнома тузиш, одатда куёвнинг оиласи томонидан у қадар маъқулланмайди. Аслида мулкий муносабатлардаги бу аниқлик оила девори дарз кетишининг, эр-хотин ўртасида низо чуқурлашишининг олдини олишга асос бўлади.

Шу хусусияти билан никоҳ шартномаси оиланинг мустаҳкамланишига қаратилган битим ҳамдир, десак муболаға бўлмайди. Шу билан бирга, бу халқимизнинг миллий қадриятларига уйғун, оилани муқаддас билишга ундовчи маънавий воситага айланади. Дарҳақиқат, никоҳ шартномаси оиланинг жамиятдаги ўрнини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, аёлнинг ёш болалари билан ҳеч бир манбасиз, бошпанасиз қолмаслиги мазкур муносабатнинг асосини ташкил қилади.

Шу ўринда Оила кодексининг 32-моддасига назар ташласак, унда никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмаслиги, никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

33-моддага мувофиқ эса никоҳ шартномасининг шартлари ушбу кодекс 31-моддаси бешинчи қисмининг талабларига зид келса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин.

31-моддада шу нарса ўз аксини топганки, никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.

Мухтасар айтганда, оила риштасини мустаҳкамловчи никоҳ шартномасига оиланинг умумий мулкини асраб-авайловчи, ўзаро аҳилликни ва ҳамжиҳатликни таъминловчи ҳужжат сифатида қараш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онг ва тафаккури даражасини белгилайди.

Мунаввар БАҲРИНОВА, Қарши тумани давлат нотариал идораси катта нотариуси, 1-даражали юрист.

Report typo