Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

22.10.2021


НИШОНДА ЧИГИРТКАДАН ПАРҲЕЗБОП УН, ЯНТОҚ ВА ҚАМИШДАН ЭСА ЕМ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Маълумки, Президентнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан республикадаги 13 та туман, шу жумладан вилоятимиздан Нишон тумани ҳам иновацион ҳудудга айлантирилиши белгиланган эди.

Айни вақтга қадар ҳудудда 11 та иновацион лойиҳа шакллантирилиб, уларни молиялаштиришга Иновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жами 10,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Вазирликнинг тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Санжар Бердиев муаллифлигида эълон қилинган мақолада ушбу лойиҳаларнинг айримлари хусусида маълумот берилади.

Унга кўра, туманни иновацион ривожлантириш мақсадида тақдим этилган лойиҳалардан бири “Шаҳинабону хазина баракаси” масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган бўлиб, у янтоқ ва қамишдан иновацион усулда чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик хўжаликлари учун  ем ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Натижада 58 кишининг иш билан бандлиги ҳам таъминланади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 1,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган.

“Merry-Cricket” масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган яна бир қизиқарли лойиҳа эса чигирткадан парҳезбоп ун ишлаб чиқаришни назарда тутади.

Маълумки, чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликлари -арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига, айниқса, катта зарар етказади. Биргина жорий йилда вилоятнинг Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон, Миришкор, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари ҳудудида 16,5 минг гектар майдонга бу зараркунандага қарши кимёвий ишлов берилган.

Эндиликда эса лойиҳа ташаббускорлари ушбу зараркунанда ҳашоратларни махсус қопқонлар ёрдамида тутиб, иновацион технологиялар ёрдамида ундан ун ишлаб чиқармоқчи. Мазкур маҳсулотга ҳозир жаҳон бозорида талаб катта. Унинг таркибида оқсил миқдори кўп бўлгани боис бу ундан бутун дунёда парҳезбоп озиқ-овқатлар тайёрлашда фойдаланиб келинмоқда.

Эътиборли томони, “Merry-Cricket” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган парҳезбоп унга аллақачон харидорлар ҳам бисёр.

Хусусан, жамият томонидан шу турдаги маҳсулотни етказиб бериш борасида Саудия Арабистони ишбилармонлари билан экспорт шартномаси ҳам имзоланган.

Ушбу лойиҳага Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo