Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шаҳобиддин ҲАСАНОВ

18.01.2019


НИШОНДА ЎFИРЛАНГАН ТЕЛЕФОНЛАР КОСОНДАГИ УСТАХОНАДАН ТОПИЛДИ

Бир сафар эрталаб ишга келган тадбиркор дўкон эшиги бузилиб, бир қанча буюмлар ўғирлаб кетилганини кўради. Хомаки ҳисоб-китобга кўра, ўғри 13 миллион сўмдан ортиқ нархдаги уяли телефон аппаратлари, аксессуарлар ва бошқа буюмларни ўмариб кетганди.

Ҳар дарди ичида қолган тадбиркор ички ишлар ходимларига ҳам мурожаат қилмайди. Ўзингни маҳкам тут, қўшнингни ўғри кўрма, нақлига амал қилиб, ўша куниёқ дўконга кузатув камералари ўрнатади. Қулф-калитни янгилаб, эшик-деразани мустаҳкамлаган бўлади.

1999 йилда туғилган, ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган Элбек ўзининг уддабуронлигидан шод эди. Ахир кеча тунда шунча пуллик товарни ўғирлаб чиқди. Уларни Косон тумани марказидаги савдо шохобчалари, телефон тузатиш устахоналарига олиб бориб, гўёки телефон бизнеси билан шуғулланадиган тадбиркор қиёфасида пуллаб юборишга ҳам эришди. Ҳеч ким уларни аслида қаердан олгани, нега арзон нархда сотаётгани билан қизиқиб ҳам ўтирмади. Уйга келиб қўни-қўшнининг гапини пойлади, бозор олдига бориб, ўша дўконга кўз қирини ташлаб ҳам ўтди. Ҳаммаёқ тинч, биров ўғирлик ҳақида гапирмаяпти.

Буни билган Элбек пулларни ўз билганича ишлатиб, сарфлаб юборди. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, чўнтаги кемирила бошлагач эса, яна эски касбининг хумори қўзиди.

Бу сафар ҳам ярим тунда уйдан чиқиб, атрофни айланар экан, ўғирлик қилиш учун эски дўкондан    бошқа қулай жой топа олмади. Сўнг темир буюм ёрдамида эшикни очиб, ичкаридаги нарсаларни сумкага жойлади. Чиқиб кетаётганида эса, тепада кузатув камераси турганини пайқаб қолди.

Камерага тушиб қолганини билган Элбек унинг хотирасини йўқотмоқчи бўлади. Аммо камера хотираси дўкондаги темир сейф ичида эди. Сейфни шунчаки оча олмаслигини билгач, уйидан электр болгарка олиб келди ва унинг қулфини кесиб олди. Кузатув камераси хотираси билан бирга, сейфдаги пулларни ҳам чўнтакка уриб, чиқиб кетади.

Элбек бу сафар ҳам ўмарган телефон аппаратлари ва аксессуарларни Косон туманига олиб бориб, пуллади. Аммо уйга қайтгач, бозордаги дўконлардан бирига ўғри тушгани, ИИБ ходимлари томонидан қидирув ишлари олиб борилаётганини эшитиб, хавотирга туша бошлайди.

Тадбиркор Шербек Номозовнинг аризасига асосан, ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган қидирув, суриштирув ишлари давомида ўғирланган телефонлар Косон туманидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларидан топилди. Уларни ким келтириб сотгани ҳам маълум эди. Натижада Элбек Ҳабибов қўлга олинди. Тергов ишлари давомида биринчи сафарги ўғирликни  ҳам у қилгани аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг очиқ суд мажлисида Элбек Ҳабибов томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Шаҳобиддин ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди раиси

Report typo