Президентнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари қурилиши белгиланиб, 2021-2023 йилларда барпо этиладиган масканлар манзилли рўйхати тасдиқланган эди.
Шунга мувофиқ, Нишон туманида ҳам замонавий ва барча қулайликларга эга бино барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Кенг жамоатчилик, сектор раҳбарлари, нуронийлар ва ёшлар, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тантанали маросимда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова сўзга чиқиб, ушбу маскан ўзига хос ижодий “ақл марказ”ига айланиши, ранг-баранг тадбирлар, лойиҳалар амалга ошириладиган, зиёли инсонлар қадами аримайдиган жой бўлиши лозимлигини билдирди.
Қайд этиш жоиз, маънавият масканида бўлинма раҳбари ҳамда мутахассис учун хоналар, кутубхона, тадбирлар учун зал, фотокўргазмалар зали ўрин олган. Тез орада бу ерга радиоузел ҳам ўрнатилиб, маънавий-маърифий эшиттиришлар, 42 та мактабда фаолият юритадиган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолияти, ўқувчиларнинг ижодий ишларидан намуналар узатиб борилади.
Нишондаги маънавият масканида шу куннинг ўзидаёқ маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий мулоқотлар бошлаб юборилди.
Фахрий журналистлар, ижодкорлар ёш ўғил-қизларга ижод сирларидан сабоқ беришди, ёш қаламкашлар ишларини кўриб чиқиб, йўл-йўриқлар кўрсатишди. Ватанни, дориломон кунларни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар жаранг сочди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Нишон тумани бўлинмаси ҳамда ҳудудда жойлашган ҳарбий қисм ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди.
Ушбу меморандумга асосан “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирлар янада кенг қамровда давом эттирилади.
НАСРИДДИН