Ушбу истиқболли ташаббус янги фаолият бошлаган "Nishon textile" масъулияти чекланган жамияти томонидан илгари сурилган. Текстиль фабрикасини ишга туширишга 21 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция сарф этилади. Шунинг ўзи ҳам лойиҳанинг туман ижтимоий-иқтисодий ривожи учун қай даражада самарадорлик касб этишидан дарак бериб турибди.
- Бу бизнес-режани 2018 йил бошида Президентимизнинг вилоятимизга қилган ташрифи чоғида тақдим этганмиз, - дейди жамият бош мутахассиси Карим Жўраев. - Лойиҳамиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. Шундан сўнг бултур апрель ойидаёқ корхона пойдеворини қуришни бошлаб юбордик. Бунинг учун туман ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилди. Қамровни кенгроқ олганимиз бежиз эмас. Негаки шунга монанд қувват ҳам катта. Бир йилда 10 минг тоннадан ошиқ ип-калава ишлаб чиқариш имконига эга бўламиз. Яъниким, туманда етиштирилган пахта хом ашёси деярли тўлиғича шу ерда қайта ишланади. Мажмуамиз 2019 йил 4 чоракда ишга тушиши мўлжалланган. Умумий ҳисобда 400 кишини иш билан таъминлаймиз.
Корхона масъулининг айтишича, ишлаб чиқаришни ташкил этишда тўлиқ юқори технологияларга таянилади. Албатта, аввалдан бунинг чораси ҳам кўрилган. Жумладан, зарур дастгоҳлар Германиянинг "Schlafhorst", "Saurer" ва "Trutzschler" бренди остида фаолият кўрсатувчи йирик компаниялари томонидан етказиб берилади. Асбоб-ускуналарни харид қилиш учун маблағ аллақачон ўтказиб берилган. Ишлаб чиқариш блоки тайёр ҳолга келиши билан дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилади.
Мутахассисларнинг таъкидича, мажмуа қурилишининг ўзига хослиги шундан иборатки, у бир вақтнинг ўзида ҳам халқали, ҳам пневматик йигириш цехларини ўз ичига олади. Яъни бирида қўл меҳнатига нисбатан кўпроқ асосланилса, галдаги цех фаолияти тўлиқ автоматлашган ҳолда юритилади. Айни пайтда фабрика бош ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари, муҳим инфратузилма объектларини барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда.
- Ҳозиргача 18 миллиард сўмликдан кўп ҳажмдаги қурилиш ишлари бажарилди, - дейди лойиҳа бош пудратчиси - "Олмос махсус ихтисослаштирилган қурилиш таъмир" МЧЖ раҳбари Сардор Муҳиддинов. - Жараёнга 10 дан ортиқ техника, 100 нафарга яқин қурувчи жалб қилинган. Объектни бунёд этишда асосан энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлатилмоқда. Шу вақтгача режада кўрсатилган ишларнинг 30 фоизи тугалланди. Фабрикани жорий йил сентябрь ойигача қуриб фойдаланишга топшириш мақсад қилинган.
Ушбу йирик замонавий қувватни барпо этиш учун жуда қулай жой танлангани эътиборга молик. Корхона қад ростлаётган майдон илгари умуман бўш ётган ер бўлиб, Нишон МФЙга қарашли. Ҳудудга тумандаги Гулзор, Ойдин ва Самарқанд аҳоли яшаш манзиллари ҳам яқин. Айтмоқчи бўлганимиз, текстиль корхонаси муваффақиятли ишга тушиши натижасида фақатгина туман иқтисодиёти юксалиб қолмай, ана шу маҳаллалар аҳолисининг ҳам фойдали меҳнат билан бандлиги даражаси ошишига эришилади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир Нарзиев олган сурат.