Мустақиллик иншоотлари
Мустақилликнинг 32 йиллиги шодиёналари арафасида Нишон тумани тиббиёт бирлашмасининг янгиланган биноси очилди.
Тиббиёт бирлашмасининг 5 қаватли, 290 ўринли биноси 1985 йилда ишга туширилган эди. Инвестиция дастури асосида бинони капитал таъмирлаш мақсадида давлат бюджетидан 11 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, муассаса хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган, замонавий 630 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Бу ерда ҳозирги кунга қадар мавжуд бўлган 80 ўринли туғруқ мажмуаси ўрнида 110 ўринли туманлараро перинатал маркази ҳам ташкил этилгани Нишон ва қўшни ҳудудлар аҳолиси учун янги қулайликлар яратди.
Бинонинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, нишонликлар ва тиббиёт ходимларини мазкур шодиёна билан табриклади.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.