Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.01.2023


НИШОНДАГИ МАКТАБНИ ҚОҒОЗДА ИСИТИШДИ, АММО...

Қиш келтирган ташвиш

Албатта, қиш қиличини яланғочлади, деган гапни эшитгансиз. Ўша ҳолат шу йил юз берди, десак айни ҳақиқат. Билгичлар аномал совуқ, деди. Яъники ғайритабиий, ҳар қачон ҳам юз беравермайдиган қаҳратон.

Демак, тутумлар, кўриладиган чора-тадбирлар ҳам шунга яраша бўлиши керак - дейлик, аввалги совуқларда таълим муассасаларида печкани гуриллатиб, дарс ўтилган бўлса, бу йилги совуқ унча-мунча печкаю бошқа иситиш воситаларини "кўрдим" демади.

Шу боис қишки таътил муддати узайтирилди, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг кўрсатмасига биноан иссиқлик таъминотида муаммоси бўлган мактаблар ҳолат яхшилангунига қадар ўқишни вақтинча масофадан олиб боришларига рухсат этилди. Шароити бор мактабларда эса 23 январдан 3-чорак дарслари оффлайн, яъни анъанавий шаклда бошланди.

Эътибор беринг: "шароити бор мактаблар", дейилмоқда. Яъни маҳаллий ҳокимликлар вакиллари таълим муассасаларини ўрганиб, етарли шароит ҳозирлаб, кейин дарсларга рухсат бериши даркор. Халқ таълими бошқармаси томонидан вилоятдаги 18 та мактабда иситиш тизимида муаммо борлиги туфайли ўқув машғулотлари масофавий шаклда ташкил этилгани маълум қилинди. Тасаввур қилаяпсизми, 1200 дан зиёд мактабдан бор-йўғи 18 тасида!

Аммо жуда кўплаб, ҳатто шаҳар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар, уларнинг ота-оналари томонидан синф хоналари совуқлиги, давомат, дарслар ўзига яраша экани, 2-3 соат дарс ўтиб жавоб бериб юборилаётгани ҳақида эътирозлар билдирилмоқда.

Савол туғилади: шароит йўқ, синф хонаси совуқ, ўқувчи кам бўлса, анъанавий дарсларга рухсат беришдан кимга фойда? Болаларни совуқда музлатиб, яхлатиб нимага эришишмоқчи?

Жумладан, Нишон туманидаги Каптарли маҳалласида жойлашган 23-мактабда иситиш тизими ишламаётган бўлса-да, ўқувчилар дарсга жалб этилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу ҳолатга техник носозлик сабаб экани, камчилик бартараф этилганини маълум қилди. Яна денг, ҳомийлар томонидан 15 та электр печь олиб берилибди ва бемалол дарс ўтса бўларкан.

Эшитган қулоққа яхши, аммо кўз манзаранинг бутунлай тескарисини кўрса... Хоналар совуқлиги боис аксарият ўқувчилар дарсда бўлмаса... Борлариям қунишиб-қалтираб турса... Совуқдан дилдираб дарс тинглаётган мурғак болаларга қараб бир ачинсанг, бир жаҳлинг чиқса...

- Иситиш тизимларини қўшамизу, ишлаб кетади, деб ўйлагандик, лекин қувурда сув музлаб, батареяга иссиқлик етиб келмаяпти, - дейди мактаб директори Чори Ражабов. - Совуқ бу даражада бўлишини, тўғриси, тасаввур қилмагандик.

Эскида бир мақол бор: қишнинг куни қирқ турли, қирқови ҳам қилиқли. Наҳотки мактаб директори оддий ҳақиқатни билмаса?! Биласиз, 11 январда бошланиши керак бўлган ўқиш бир ҳафта кейинга сурилди, ундан яна 5 кун узайтирилди. Хўш, нега шу орада иситиш тармоқлари текшириб кўрилмади, синовдан ўтказилмади? Барибир қачондир ўқиш бошланиши аниқ эди-ку?! Бундай совуқда қувурда сув музлаб қолиши эҳтимоли ҳам бор эди-ку. Нега икки оёқ бир этикка тиқилганида ҳаракат бошлаб қолишди? Яхшиям шу совуқ бор экан - кўп масъулларга баҳона топиб берди...

Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Равшан Алибоевнинг маълум қилишича, мактаб 2021 йилда реконструкцияга тушиб, еттита янги котёл ўрнатиб берилган. Иситиш учун 2,1 тонна сув сарф бўлади. "Завхоз"нинг фикрича, ҳаво исиб, қувурдаги музлар эригач, муаммо бартараф бўлади.

Бу гапни эшитиб, кулишниям,     куйишниям билмайсан. Албатта, ҳаво исигач, муз ҳам эрийди, хонаям илиқлашади, демакки, "завхоз"нинг жон койитишига ҳожат ҳам қолмайди.

Хўш, шароит йўқ экан, нега ўқишга рухсат берилди ўзи?

- Тўрт кундан бери штаб аъзолари билан бирга мактаблардаги тайёргарликни ўрганиб юрибмиз, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Алишер Давронов. - Ота-оналар, ўқувчилардан мактабни очиш бўйича кўплаб талаб ва таклифлар бўлди. Туманда 42 та мактаб бўлса, ҳаммасида ўқиш бошланди. 23-мактабдаги ҳолатни ҳам ўргандик, техник носозлик натижасида муаммо бўлган.

Мудир ўринбосарининг айтишича, туманда айни пайтда 2 та мактабда иситиш билан боғлиқ муаммо мавжуд.

Албатта, бу гап жудаям ишонарли эмас ва тайёргарлик қандайлиги  яқин кунларда маълум бўлади.

Масъулнинг юқоридаги фикрига келсак, ҳаво шундай совуқ бўлса, мактаб яхлаб, қувурдан сув сизиб ётган бўлса, қайси ота-она, қайси ўқувчи тезроқ мактабни очинглар, деб ТАЛАБ қилиши мумкин?

Энди бир мисол. 24 январь куни 11-Б синфда дарсга 5 ўқувчи келган, уларгаям 2-3 соатдан кейин совуқ бўлгани учун жавоб берилган. Маълум бўлишича, ҳаво иссиқ бўлган пайтлардаям дарсга бундан кўп ўқувчи келмас экан. Демак, ушбу таълим муассасасида иситиш тизими билан бирга, ўқитишда ҳам муаммолар етарли...

Нима бўлганда ҳам, биз масъулларнинг ҳисобот учун, кимларнинг қош-қовоғига қараб ишлаши эмас, мавжуд вазиятга кўзни каттароқ очиб қараши тарафдоримиз. Шароит йўқми, ўқишни онлайн қилса, осмон узилиб тушмайди. Ҳар ҳолда гап болалар саломатлиги, инсон қадри ҳақида бораяпти...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo