Қатралар
У ҳар дуо қилганида бир хил ният қилди: топганимиз тўйларга буюрсин!
Унинг нияти ижобат бўлди: тўйларга буюрди топгани. Уч ўғлини уйлантириб, икки қизини чиқарди. Уч марта бешик олиб, икки марта бешик берди. Суннат тўй, чарлар тўй, тўққиз тўй, нон қўйди ва ҳоказо, ва ҳоказо... Тўйларга буюрди топгани...
Болалаб кетди орзу-ҳаваслари. Сарпо қилмаса ўзининг, ароқ қўймаса эрининг кўнгли тўлмади...
Кўнгилларини тўлдиришди ҳар иккиси...
Ўғил-қизларини энди бошларидан ошириб бўлишганида набира тўйлар бошланди. Яна ўша сценарий...
Саксонга яқинлашганда эрининг қулоғига бир армонини шипшиди:
"Наҳот самолётга учиб кўрмай ўлсам-а, дадаси?.."
Қоғоз
Қоғознинг тили йўқ, аммо гапиради.
Коррупция
Манзилга борар равон йўлларни ёпиб ташлади у ва очиб қўйди ўзидан ўтар йўлни...
Очлик
Унинг қорни оч-у, кўзи тўқ...
Бунинг қорни тўқ-у, кўзи оч...
Кун келиб униси тўйди...
Буниси эса тўймади, тўйдириб бўлмади уни...
Лифт
Йўлакдаги иккита лифтнинг олди тўла одам - қайтишини кутишяпти. Ҳар гал лифт очилиб, ичидагилар тушар-тушмас ҳамма ўзини ичкарига уради худди қолиб кетадигандай.
Бир четда аравачада ногирон аёлни судраб келган қиз ҳам кутиб турибди лифтга чиқишни. Фақат ўзини лифтга ургани, олдинроқ чиқай, дегани йўқ, шунчаки кузатяпти одамларни.
Унга йўл бериш эса хаёлига келмади бирор кишининг.
Умрага боришган эди лифт олдида турганлар...
Чавандоз
Уни отга миндиришди, аммо отнинг тилини тушунмай бошқага бериб қўйди жиловни...
Пиёда қолди оқибат...
Лола ЎРОҚОВА