Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.БЕКНАЗАРОВА

01.03.2019


НОҚОНУНИЙ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ

1989 йилда туғилган Хуршиджон Худойбердиев 2014 йилда ноқонуний йўл билан Қозоғистон Республикасига ишлаш учун боради. Икки йил давомида Чимкент шаҳрида ишлаб, топган пули эвазига ҳаминқадар  кун кечириб юради. Ўзга юртларда сарсон-саргардон юришдан фойда йўқлигини англаб, ниҳоят, Ватанга   қайтмоқчи бўлади.

Х.Худойбердиев Қозоғистон Республикасининг "Майский" божхона чегара постига борган вақтида пост ходимлари унинг фуқаролик паспорти амал қилиш муддати ўтиб кетганини важ қилиб постдан ўтказишмайди. Нима қилишни билмаган Хуршиджон Худойбердиев ўша ҳудуддаги Қорағач қишлоғига келади ва у ерда бир қариянинг уйидан қўним топади. 20 кундан сўнг яна Ватанга қайтиш тараддудини кўради. Қария унга йўлкира сифатида 20 минг тенге беради. У яна чегарагача келади, аммо ундан ўтолмайди. Шунда унга қозоқ миллатига мансуб бир киши Ўзбекистонга Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳри яқинидаги жойдан чегара орқали ўтиш мумкинлигини айтади.

Х.Худойбердиев "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикасига кириши тартибига зид равишда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини қонунга хилоф равишда бузади.  Яъни чегара ёнидан оқиб ўтадиган каналдан яширинча  сузиб ўтади.

Хуршиджон Худойбердиев Қозоғистонда ишлаб топган пули эвазига Тошкентгача етиб кела олади, холос. Сариқ чақаси қолмагач,  Қашқадарёга қайтиш учун  бир неча кун пойтахтда ишлашга мажбур бўлади.

Афсуски, ноқонуний йўл билан чет давлатларга иш излаб борганлар орасида у каби пушаймонлик азобини тортаётганлар оз эмас. Оғир иш шароитлари, антисанитария ҳолатидаги турмуш тарзи ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Мигрантлар одам савдоси қурбонига айланмаган тақдирда ҳам уларнинг она юртдан йироқда, минг машаққат билан топган даромадлари буюрмаётган ҳолатлари кўп учрамоқда.

Бир нарса аниқки, бугун барчамиз тўкин ва фаровон турмуш кечиришни истаймиз. Юртимиздаги ўзгаришу имкониятлардан фойдаланган минглаб элдошларимиз бунёдкорлик борасида жонбозлик кўрсатмоқда. Уларнинг ғайрати туфайли бунёд этилган иморатлардан кўз қувнайди. Бирон тадбиркорликка қўл урган борки, рўзғори бутланиб, меҳнату лаёқатига яраша мулк эгаси бўлмоқда. Уддабурон кишилар касбидан барака топмоқда. Қишлоқ аҳли эса муқим иш ўрнига эга бўлиш баробарида томорқаларидан самарали фойдаланиб, қўшимча даромад қилиш, оиланинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга муваффақ бўлмоқдалар. Х.Худойбердиев ҳам томорқасида меҳнат қилиб, борига қаноат қилиб яшаганида эди, бу каби кўнгилсизликларнинг олди олинган бўларди. У суд олдида жавоб беришдан, судланган деган  тамғани олишдан халос бўларди. 

Насибасини чет давлатлардан норасмий равишда излаб кетган кўплаб юртдошларимиз турмуш тарзини таҳлил қилиб, бир нарсани англадикки, уларнинг ҳеч бири бахтли эмас, ҳеч бирининг кўнгли хотиржам ҳам эмас. Зеро, бахт, толе она Ватанда эканлигини асло унутмаслик керак.

Ш.БЕКНАЗАРОВА

Report typo