Афсуски, ана шундай қулайликларга қарамай, айрим шахслар томонидан ноқонуний тадбиркорликка қўл уриш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Улар ушбу фаолият ортидан даромад топишаяпти, ишлаб чиқарган маҳсулотини мунтазам реализация қилиб келишмоқда. Мазкур хатти-ҳаракати билан ушбу шахслар қонунга хилоф иш тутиб, кўрилган фойда солиққа тортилмасдан қолмоқда. Муҳими, бугун ана шундай ҳуқуқбузарликни содир этган тадбиркорни жазолаш эмас, балки у билан профилактика ишларини олиб бориш, содда қилиб айтганда, унинг фаолиятига қонуний тус бериш устувор аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу мақсадни рўёбга чиқариш кўзда тутилган.
Мазкур фармонга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидагича тартиб жорий этилди. Яъни ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади.
Бу талабдан келиб чиқиб, жойларда солиқ идоралари ходимлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилди. Ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахсларга зарур тушунтиришлар берилди.
Мисол учун, назорат тадбири чоғида Китоб туманида яшовчи Раҳматжон Қyрбонов томонидан яширин цех ташкил қилингани аён бўлди. Демак, фуқаро ишнинг кўзини билади, тадбиркорлик кўникмасига эга, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, нон маҳсулотлари ишлаб чиқараяпти. Аммо у бу фаолият билан тегишли ҳужжат ва рухсатга эга бўлмагани ҳолда шуғулланган ва давлат бюджетига зарар етказилишига йўл қўйган. Далилий ашё сифатида ундан 450 минг сўмлик ун маҳсулотлари олиб қўйилди.
Шу туманда истиқомат қилувчи Жўрабек Баратов ҳам ишбилармонлиги билан ажралиб туради. Бироқ у мавжуд тартибни четлаб ўтган ҳолда ўз хонадонида ноқонуний тадбиркорликни амалга ошириб келган. Ўрганиш натижасида ушбу оила аъзолари турли миллий ширинликлар пишириб сотаётганлиги аниқланди ва далилий ашё сифатида 450 минг сўмлик ун маҳсулотлари олиб қўйилди.
Шаҳрисабз туманида ўтказилган тадбирларда ҳам шундай ҳолатлар кўзга ташланди. Мисол учун, шу туманнинг Писанди маҳалласида яшовчи фуқаро Асад Пўлатов ўз уйида ҳужжатсиз ва рухсатсиз равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган. Нон маҳсулотлари тайёрлаб сотиш унинг ноқонуний даромад манбаи бўлиб келган. Аниқланган заҳоти ушбу фаолиятга чек қўйилди, фуқародан 360 минг сўмлик ун маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
Таъкидлаш жоиз, амалдаги қонун-ҳужжатларида ушбу қоидабузилиш ҳолатлари юзасидан жавобгарлик чоралари белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 176-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишнинг белгиланган тартибини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, дея қайд этилган.
Маълумки, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда жавобгарликдан озод этилади. Назорат тадбирлари давомида мазкур тартиб-таомил қоидабузарларга тушунтирилди, улар қонуний фаолият юритишнинг афзалликлари, бу борада мавжуд бўлган имтиёзлар ва имкониятлардан бохабар этилди. Аҳамиятлиси, профилактика ишлари самарасида ноқонуний бизнес билан шуғулланган тадбиркорларнинг аксарияти етказилган зарарни қоплаш истагини билдирди ва ўз ихтиёри билан давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний асосда фаолият юритишга киришди.
Унутмаслик керакки, юртимизда ўз қонуний бизнесини йўлга қўйиб, муваффақиятли фаолият бошламоқчи бўлган ишбилармон бунинг учун ҳеч қанча вақт сарфламайди. Барча ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи тегишли муассаса ишлаб турибди. Зарур ҳужжатларни топшириб, қисқа муддатда тадбиркорлик гувоҳномасига эга бўлаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Айни шу фурсатдан бошлаб тадбиркорнинг ишига асоссиз аралашишга рухсат берилмайди, негаки у бевосита давлат муҳофазасида бўлади. Ишбилармондан талаб қилинадиган нарса рисоладагидек фаолият юритишдир. Натижада у ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Қонуний тадбиркорлиги ортидан ҳам ўзи наф кўради, у тўлаётган солиқ ҳисобидан эса юрт равнақ топади, жамият обод бўлади.
Толиб БОЙМИРОВ,
Шаҳрисабз туман ДСИ масъул ходими