Нодир командир 1895 йилда Қамашининг Катта Дўстберди қишлоғида туғилган. Ўн уч ёшида ота-онасидан етим қолиб, одамларнинг турли юмушларини бажариб кун кечирган.
У 1923 йилдан бошлаб шўролар хизматига киради ва отряд командири, қишлоқ кенгаши раиси, Чироқчи тумани ижроия қўмитаси раиси бўлиб фаолият юритади. 1937 йилда қатағон қурбони бўлган.
Нодир командир ҳақида Ғафур Ғуломдан сўнг ҳам кўпчилик ижодкорлар очерк ва мақолалар, китоблар ёзишган. Уларда оддий қишлоқ йигитининг матонати, шижоати ва инсоний фазилатлари қаламга олинади.
Аммо биз бугун Нодир командир эмас, балки у билан бирга ишлаган ва кейинчалик "Нодир командирнинг "думи" деган айблов билан қамоққа олиниб, қатағон қилинган яна бир қамашилик инсон - Маҳматқобил Авазов ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Маҳматқобил Авазов асли Қамаши туманининг Дўнгсанчиқул қишлоғидан бўлиб, кўп йиллар мобайнида Қоратепа қишлоқ кенгаши раиси бўлиб ишлаган. У Нодир командир билан ҳам иш юзасидан танишган ва дўстона муносабатда бўлиб келган.
Шу боис Нодир командир ҳибсга олингач, Маҳматқобил Авазовнинг бошида ҳам қора булутлар айлана бошлайди. Бу ҳақда ўз вақтида Маҳматқобил бобонинг қизи Бибисора Маҳматқобилова шундан хотирлаганди:
- Ўша куни отам уйга жуда ташвишли қиёфада кириб келганди. Бунинг боисини кейинроқ, унинг онам билан суҳбатидан англаб қолдим. "Онаси, бу дунёнинг ишларига тушунмай қолдим. Кеча Нодир командирни ҳам қамашибди. Шўрлик, шу юрт учун, халқ учун жонини жабборга бериб, елиб-югуриб ишлаб юрганди. Шўро ҳукумати учун ундан ортиқ жон куйдирган киши бор эканми?! Билмадим, уларга Нодир командирнинг қайси иши ёқмаган бўлса? Нима гуноҳи бор экан шўрликнинг?.. Шунча талончи, ўғриларни тугатган, жиноятчиларнинг додини бергани учунми..."
Отам оғир уҳ тортар экан, маъюс бош чайқаб, алам билан гапирганди: "Аттанг, ёмон ишлар бўлаяпти-да... Эрта-индин, балки мени ҳам..."
- Отам бу гапларни бекорга айтмаган экан. Қишлоқда у ҳақида "қамалармиш", "Нодирнинг "думи" экан" каби гап-сўзлар пайдо бўлганини ўша куни тундаёқ уйимизга қариндошлар йиғилганида билдик. Ҳамманинг кўзида маъюслик, уйдагилар худди кимдир эшитиб қоладигандек паст овоз билан куюниб гапирар, улар афтидан отамни Тожикистонга кетишга ундарди. Боиси, ўша йиллари тазйиққа учраган биригина Нодир командир билан отам эмасди. Қишлоқнинг ўзида ҳам кўп эди бундайлар. Хусусан, Мулла Иброҳим Шерназар ўғли, Мамат Юсупов ва бошқалар ана шундай хавф-хатар исканжасида оилалари билан яширинишга мажбур бўлганди.
Маҳматқобил Авазов қариндошларининг бу ундовларига қулоқ солмайди. У ўзининг ҳалол ишлаганини, давлатга садоқат билан хизмат қилганини билар, шу боис бошида қора булутлар айланаётган бир пайтда ҳам ҳукуматга, адолатга ишонарди. "Бу қама-қамаларни Сталин билмайди, мен эса унга ишонаман. Бир кун бу адолатсизликлар тугайди", дейди у "Қишлоқдан қочиб кет" дея жон койитиб гапираётган қариндошларига қарата қатъий оҳангда.
Аммо Маҳматқобил Авазов ишонган ҳақиқат юзага чиқмайди. Орадан кўп ўтмай қама-қама талотўплари ичида у ҳам ҳибсга олинади ва миллатнинг бир гуруҳ илмли, ўз Ватани, халқи келажаги, фаровон турмуши учун ёниб яшаган, фикри, тафаккури уйғоқ фарзандлари сафида қатағон қилинади. Яқинлари Маҳматқобил Авазовни у олиб кетилганидан сўнг қайта кўрмаган. Лекин нафақат яқинлари, балки уни кўрган, билган, ҳатто у ҳақда катталардан эшитганлар ҳам фақат яхши хотиралар билан ёдга олишади. Айниқса, у кишининг элу халққа, бирор нарсага муҳтожлик сезиб турган қишлоқдошларига кўрсатган ёрдамлари ҳали-ҳамон тилдан тушмай келмоқда. Бу ҳақда қишлоқ кишиларидан бири - Худоёр муаллим шундай ҳикоя қилганди.
“Бир куни эрталаб отам тез тайёр бўл, бир жойга маъракага борамиз деб қолди. Апил-тапил кийиниб чиқсам, мотоцикл кажавасига бир қўйини жойлаб турган экан. Манзилга етиб бордик, дуо ўқилди. Шу ерлик ёшлардан бири қўйни тушириб олди.
Афтидан хонадон эгаси бизни унчалик яхши танимагани боис, қўй олиб борганимиздан бироз таажжубланиб турарди.
Шунда отам у кишига тушунтирди:
- Раҳматли қайнотангиз Маҳматқобил Авазов билан отам қалин ошна бўлишган экан. Отамиз бизларга тўй қилганида, қайнотангиз тўёнага катта сарка етаклаб борган. Афсуски, бобога элга тўй бериш насиб этмади, у киши қатағон йилларининг бегуноҳ қурбони бўлиб кетди. Отам ўлим олдидан шу қарзни бажаришни менга тайинлаганди. Мен Маҳматқобил бобонинг тўёнасини қайтардим, қабул қилинг, домла...”
Халқ ҳеч қачон ўзининг фидойи фарзандларини унутмайди, дейишади-ку. Маҳматқобил Авазов ҳақидаги гаплар ҳам у кишининг невара-чеваралари, қишлоқдошлари орасида тилдан-тилга, авлоддан-авлодга ўтиб, яшаб келмоқда.
Ўролбой ҚОБИЛ