Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САМАДОВ

23.02.2017


НОГИРОН ФАРЗАНДИМНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРМОҚЧИМАН

Б.САМАДОВ,  Қарши тумани.

Ушбу саволга Қарши шаҳар бандликка кўмаклашиш марказининг инспектори Х.ОМОНОВ жавоб беради:

- Мамлакатимизда ижтимоий муҳофазага муҳтож тоифадаги фуқаролар  сифатида ногиронларга қонун йўли билан бир қатор имтиёзлар берилган. Хусусан, меҳнат қонунчилиги асосида давлат ва хўжалик органларида ишлаб келаётган ногирон ходимларга бериладиган имтиёзларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори талаблари бўйича ҳар йили туман (шаҳар)лар ҳокимлари қарорлари асосида корхоналарда жами ишловчиларнинг сонидан келиб чиқиб, ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари банд қилиб қўйилади. Мазкур иш ўринларига фуқаролар жойлардаги маҳаллий меҳнат органи йўлланмаси асосида ишга жойлаштирилади.

Жумладан, жорий йилда вилоятимизда ногиронларни ишга жойлаштириш учун 106 та иш ўрни банд қилиб қўйилган эди. Ҳозирги кунга қадар иш сўраб мурожаат қилган 106 нафар ногирон ушбу иш ўринларига жойлаштирилди.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 220-моддасида I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланиши, ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилиши, ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилиши белгилаб қўйилган.

Ногиронлар учун Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларни бажариш ҳар бир иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади, иш берувчилар томонидан ушбу қонун талабларига риоя этмаслик, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилишига сабаб бўлади.

Report typo