Яқинда Қарши шаҳридаги Кат маҳалласи ҳудудида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 20 хонадондан иборат икки қаватли турар жой биноси таъмирланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга топширилиши ҳам бу ишларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Эътиборлиси, мазкур бинонинг биринчи қаватидаги хонадонлар ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган бўлиб, уларнинг яшаши, кириб чиқиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Ушбу ҳудуд Қарши шаҳар прокурори сектори таркибига кирган бўлиб, айни пайтда прокуратура томонидан бу ердаги аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича яна бир қатор ишлар режалаштирилган.
Жумладан, айни пайтда мазкур турар жой яқинидаги "JM-DOORS" масъулияти чекланган жамиятига тегишли бинода иккита йирик ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилмоқда.
Биринчи лойиҳа доирасида, қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмлик тикув-тўқимачилик корхонаси ташкил этилиб, бу ерда турли хил кийим-кечаклар тайёрланади. Иккинчи лойиҳа эса замонавий эшик ва ромлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона қурилишидир. Қиймати 3 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этадиган ушбу мажмуада ишлаб чиқарилган эшик ва ромларнинг ички бозорга етказиб берилиши ҳамда экспортга чиқарилиши мўлжалланган.
Мазкур лойиҳалар 2019-2020 йилларда ишга туширилиб, натижада 150 та янги иш ўрни яратилади. Эътиборли томони, ушбу корхоналарда биринчи навбатда ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланилиши режалаштирилган.
Айни пайтда шаҳар прокуратураси томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
С.МУҲАММАДИЕВ,
Қарши шаҳар прокурори ўринбосари