Мазкур ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобидан ишга ёлланган ҳар бир ишчи учун-бир ойда энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрнатилди. Бу тадбир эса ушбу тоифадаги кишиларнинг бизнесда фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат. Албатта, бу қулайлик амалда ўз самарасини ҳам бермоқда.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, бугунги кунда вилоятимизда 133 нафар ногиронлиги бўлган шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаяпти. Соҳа ривожига қаратилган юқори эътибор уларга маъқул. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур ишбилармонларга қатъий белгиланган солиқдан 241 миллион сўм, суғурта бадалидан 46 миллион сўмга яқин имтиёзлар берилгани фикримизни тасдиқлайди. Бошқача тушунтирсак, имтиёз сабаб шунча пул уларнинг ихтиёрида қолди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга бошқа солиқ турларидан ҳам енгилликлар мавжуд. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275-моддасига асосан, қуйидагилар ўз тасарруфида бўлган мол-мулкка жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўламайди.
Жумладан, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади.
Шунингдек, бу имтиёз I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам қўлланади. Бунинг учун пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси тақдим этилса етарли. Собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ота-оналарининг ва бева хотинларининг (бева эрларининг) номида мол-мулк бўлса, улар ҳам мазкур имкониятдан фойдаланишади.
Айни жиҳатларни эътиборга олиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 16 минг 356 нафар жисмоний шахсга 416 миллион сўм миқдорида солиқ имтиёзлари берилди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 290-моддасига асосан ногиронлиги бўлган шахслар ер солиғидан ҳам озод қилинади. Ёлғиз пенсионерларга ҳам бу имтиёз татбиқ этилади. Ёлғиз пенсионер деганда эса ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногиронлиги бўлган боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади.
Жорий йилнинг ўтган даврини қарайдиган бўлсак, вилоятимизда 14 минг 475 нафар жисмоний шахсга ер солиғидан 1 миллиард 574 миллион сўм миқдорида имтиёз тақдим этилганини кўрамиз.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 358-моддасига асосан, ягона солиқ тўловини тўлашдан ногиронлиги бор шахсларнинг жамоат бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси ва “Ўзбекистон чернобилчилари” ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ташкил этадиган юридик шахслар озод қилинади. Бундан савдо, воситачилик, таъминот-сотиш ва тайёрлов фаолияти ҳамда лотереялар ташкил этиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мустасно. Ушбу имтиёзни олиш ҳуқуқи белгиланаётганда ходимларнинг умумий сонига штатда бўлган ходимлар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддасига асосан, қуйидаги жисмоний шахслар солиқ солишдан қисман (даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод қилинади. Болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар шулар жумласидандир. Имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Фирдавсий ЖАББОРОВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи