Айтиш жоизки, бугунги кунда мазкур амалиёт ҳар томонлама ўзини оқламоқда, юқори самарадорлик касб этаяпти. Аввал "Темир йўл транспорти ва қурилиш бирлашмаси" давлат унитар корхонаси балансида бўлган, Қарши шаҳридаги умумий майдони қарийб 1 гектарни ташкил этувчи "КамАЗ Цент" иншооти негизида шу кунга қадар қилинган ишлар бунга мисол бўла олади. Икки йил аввал бу объектни "Акмал қурилиш моллари сифат савдо" масъулияти чекланган жамияти қабул қилиб олганди. Ундан мақсадли фойдаланиш бўйича инвестор зиммасига 1 миллиард 700 миллион сўм сармоя йўналтириш, 30 нафар кишини иш билан таъминлаш юклатилган.
- Ушбу объектда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида амалга оширган харажатларимиз 3 миллиард сўмдан ошди, - дейди корхона раҳбари Эркин Жумаев. - Маблағнинг бир қисмини қурилиш-таъмирлаш ишларига сарфладик. Яна сармоямиз ҳисобидан чет элдан замонавий технологияларни олиб келтирдик. Ҳозирги кунда бу ерда темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш линиясини ишга туширганмиз. Тайёрланаётган маҳсулот тури 30 га яқинлашади. Улар қурилиш, муҳандислик-коммуникация, қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида ишлатилмоқда. Аҳамиятлиси, яқинда маҳсулотимизни экспорт қилишга ҳам киришдик. Хорижий фирма билан бу борада йирик суммали шартномага эгамиз.
Ишбилармоннинг сўзларига кўра, корхонада хизмат кўрсатиш ва сервис тармоғи ривожига ҳам эътибор қаратилаяпти. Мулк қилиб олинган объектда бироз аввал юк ташувчи машиналарга техник ва сервис хизмати кўрсатиш бошланганди. Шу мақсадда чет элдан қиймати 240 минг долларлик зарур асбоб-ускуналар комплекти сотиб олиб келтирилган. Корхонада 40 нафардан зиёд ишчи меҳнат қилаётгани ташаббускор ўз мажбуриятларини ортиғи билан уддалаётганидан далолат беради.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат