Маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини, ахборот олишни таъминлашда ахборот хизматларининг ўрни катта. Бу қонунда ҳам кўрсатиб қўйилди. Яъни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизмати деб аталиши қайд этилди. Яъники ахборот хизмати ҳар қандай идоранинг юзи, шу сабаб ривожланган давлатларда унинг мавқеи юқори баҳоланиши бежиз эмас.
Шундай экан, табиийки, ҳар бир журналист аввало ахборот хизматига мурожаат қилади. Аммо ўша ахборот хизматининг ўзи бўлмаса-чи?! Ёки у сиз талаб қилаётган ахборотни тушунмаса-чи? Унда кимга мурожаат қиласиз? Кимдан маълумот сўрайсиз? Отангга бор, онангга бор, қабилидаги муносабат шундан бошланмайдими?
Бугун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ ходимларини қийнаётган муҳим масалалардан бири ҳам шу - ахборот хизматлари фаолиятининг кўнгилдагидек эмаслиги. Аслида ахборот хизматлари ўзи фаолият юритаётган идорани тарғибу ташвиқ қилиш учун журналистларни тинч қўймаслиги зарур. Чунки қилинган ишни кўрсата билиш ҳам керак-да. Аммо бизда тескариси - ОАВ ходимлари ахборот хизматини излаб, айрим идораларда унинг қачон ташкил қилинишини кутиб юришади.
Вилоятимизда ахборот хизматлари фаолияти кўнгилдагидек йўлга қўйилмаётганининг бир қанча сабаблари бор. Хусусан,
1-сабаб - давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг вилоятимиздаги бўғинларида ахборот хизматларини ташкил этишга рағбат, эътиборнинг сустлиги. Агар рағбат бўлганида қонун қабул қилинганидан бери ўтаётган 3 йил ичида ҳар томонлама ўрнак бўлишга арзигулик ахборот хизматлари ташкил қилинган бўларди. Тан олиш керак, бугун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг вилоятимиздаги бўғинларида фалон ахборот хизматининг фаолияти намунали йўлга қўйилган, замонавий талабга тўла жавоб бера олади, дейиш бирмунча қийин.
Узоққа бормайлик. Туман ҳокимликлари ахборот хизматларини олиб кўрайлик. Номи бўлса бордир, амалда йўқ улар. Чунки уларнинг ўрни, бирор воқеа-ҳодисага таъсирига ҳали дуч келганимизча йўқ.
Дейлик, Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, божхона, давлат солиқ бошқармаларининг ахборот хизматлари илгари ҳам оммавий ахборот воситалари билан яхши алоқани йўлга қўйган, озми-кўпми чиқишлар қилиб туриларди. Улар бугун ҳам фаол.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, мазкур идоралар ахборот хизматлари ОАВга ўз материалларини тақдим қилишса, вилоятимиз туман ва шаҳар ҳокимликлари ахборот хизматлари ўз веб-сайтларини асосан таҳририятлардан олинган маълумотлар билан тўлдириб боришади. Ғалати-а. Аслида ҳокимият ёки бошқа ташкилотлар сайти таҳририятлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши керак-ку. Бироқ улар доим кечикиб юришади. Ҳатто ўзлари ўтказган тадбирни ҳам газетадан кўчириб босишади. Масалан, Деҳқонобод тумани ҳокимлиги "Деҳқонобод овози"дан, Қарши тумани ҳокимлиги "Нахшаб" газетаси материалларидан фойдаланиб, ўз веб-сайтини юритади. Қани бу ерда мантиқ? Аслида ўша тадбирлар пресс-релизи бир муддат аввал ҳокимиятлар веб-сайтида берилиши керак эмасми? Газетадан кўчириб босаркан, уларнинг сайт ташкил қилишидан нима мантиқ бор?
Бундан ташқари, вилоят маданият ва спорт ишлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, молия, соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ақалли веб-сайти ва айрим раҳбарларнинг ҳатто электрон почтаси йўқлиги ҳар қандай одамни ҳайрон қолдиради.
2-сабаб - давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг вилоятимиздаги айрим бўғинларида ахборот хизматининг у қадар ҳам кераги йўқ, деб ҳисобланиши. Шунинг учун бутун бошли туман ёки шаҳарда қилинаётган ёхуд қилинажак ишларни кўрсатиб берадиган манбанинг ўзи йўқ. Масалан, Қамаши тумани тарихи, аҳолиси, географик жойлашуви, урф-одатлари, таомлари, халқ ўйинлари ҳақида билишни истаган одам қайси манбага мурожаат қилади? Туман ахборот хизматига, унинг веб-сайтига эмасми? У бўлмаса нима қиласиз? Ана шу саволга жавоб йўқ.
Агар материал тайёрлаш учун бирор туман ҳокимлигига йўлингиз тушса, аввал хизмату хизмат сафари гувоҳномаларини сўрашади. Кейин "катта"нинг олдидан ўтишингизга тўғри келади. "Катта" сизни бир одамга бириктириб қўяди. Энг қизиғи, у соҳани, журналистикани мутлақо тушунмайди. Фақат унинг иши бошқаларникидан сал енгилроқ, залвори камроқ, янаям аниқроғи, иши камроқ. Шу сабаб уни сизга йўналтириб қўйишади. Табиийки, у кутилган натижани, ахборотни бера олмайди. Демак,
3-сабаб - турли идораларда ахборот хизматларида ишлашга лойиқ малакали мутахассисларнинг йўқлиги. Одатда шеър-пер ёзиб юрган ёки баъзи-баъзида қоғоз қоралаб турадиган мутахассис ахборот хизматига тайинланишига кўп идораларда кўникиб қолинган. Бу ўз-ўзидан ҳеч қандай самара бермайди. Шеър машқ қилиш бошқа, ахборот хизмати бошқа. Чунки ахборот хизмати ходими, аввало, ўзи фаолият юритаётган даргоҳнинг вазифаю функцияларидан етарли бохабар бўлиши, оммавий ахборот воситаларига бўлган бугунги талабни билиши даркор. Бундан ташқари, ОАВда фаолият кўрсатган ёки материаллари билан фаол иштирок этган бўлиши ҳам зарур.
Аммо деярли барча ташкилотларда ахборот хизматига ўша соҳанинг бирорта вакилини тайинлашади. Тўғри, у соҳани яхши билиши, тушуниши мумкин, аммо унинг ахборотни етказиб бера олиш даражаси қандай? У бугунги кундан келиб чиқиб, ахборот хизматига бўлган талабни нечоғлик қондира олаяпти? Улар журналист дипломига эга бўлиши шарт, демаймиз, аммо бирорта оммавий ахборот воситасида ишламай, иштирок этмай туриб, унинг ахборотга бўлган талабни аввало тушуниши ва қондира олишига ишониш қийин. Чунки соҳадан нарига ўтмаган ходим ахборотларни муттасил янгилаб бориш, мурожаат этувчиларни қизиқтираётган сабабларни ҳисобга олишга қийналади. Бундан ташқари, бугун ахборот хизмати журналистиканинг муҳим тармоғи сифатида ривожланаётганини ҳам инобатга олиш даркор.
Масалан, вилоят меҳнат бошқармасининг расмий веб-сайти - qvmehnat.uzда "Sarlahfa", "sungi proektimiz", "murojaatlar etish imkoi", "kompiyuterlashtirish markazi", "Saytimizda tur hil yangiliklar borligi", "Saytiizning turli hil qurilmalardan ko'rish imkoni" каби сўзларни ўқиб, бу сайтнинг-ку имкони кўп экану, имлони тўғрилаб қўядиган ходим йўқ экан-да, деган ўй ўтади кўнгилдан.
Яъни худди ана шу жойда бирор ОАВда тажриба орттирган мутахассисга эҳтиёж туғилади. Чунки унинг саводи яхшироқ бўлади. Агар буни вилоят статистика бошқармаси мутасаддилари ҳам тўла англаб етганларида эди, ўзларининг qashstat.uz сайтида келтирилган давлат раҳбарининг хато ёзилган фамилиясини тўғрилаб қўйишган бўларди.
Деҳқонобод туман ҳокимлигининг dehqonobodt.uz сайтидаги маълумотлар эса ўтган йил 15 апрелда жойлаштирилган "Biz buyuk yurt farzabdlarimiz" сарлавҳали материал билан "юрмай қолган". Сайт саҳифасини очаркансиз, "2016 йил - Соғлом она ва бола йили" деган лавҳага дуч келасиз. Бошқа маълумотларни кузатиб, уларнинг замондан орқада қолиб кетганига ҳеч ҳайрон бўлмайсиз. Энг ёмони шундаки, туманнинг юзини ифодалайдиган мазкур сайт орқали шу кеча-кундузда туманда нима бўлаётганини билолмайсиз. Боз устига "Perezident sovg`alari" сарлавҳасини ўқиб ҳафсалангиз пир бўлади.
Чироқчи туман ҳокимлигининг chiroqchit.uz сайтига кирар-кирмасингиз, "Внимание! Обнаружена ошибка" қабилидаги огоҳлантиришга дуч келиб, бир сергак тортиб оласиз. Янгиликлар бўлимида "Чироқчи тумани Ҳокимлиги ҳўзуридаги тадбиркорлик субьектларига давлат хизматларини кўрсатувчи "Ягона дарча" маркази" ҳақида маълумот, ўтган йил 30 сентябрда жойлаштирилган "Давлатов Нуриддин бизнинг фахримиз" отлиқ видео. Бори шу.
Яккабоғ туман ҳокимлигининг эса онлайн қабулхонасига кириб бўлмайди, яъни унга ҳавола берилган бўлса-да, ишламайди.
Қарши шаҳар ҳокимлигининг qarshish.uz сайти эса ўтган йил октябрь ойидаги маълумотлар билан тўхтаб қолган.
Барча туман ва шаҳар ҳокимликлари веб-сайтларининг энг асосий бўлими - "Мурожаат этиш" қисми худди атайин қилгандай умуман ишламайди. Раҳбарият, боғланиш, туман ҳақидаги маълумотлар, аҳолиси, географик жойлашуви, миллий байрамлар, тарихий маълумотлар, таҳлилий мақолалар, текширувлар деган турфа бўлимлар борлиги ҳамма сайтда кўрсатилган бўлса-да, керакли маълумотлар билан таъминланмаган. Борлари эса кўпга маълум гаплар.
4-сабаб - ахборот хизматига тайинланган ходимнинг бошлиқнинг рухсатисиз ҳеч қандай маълумот бера олмаслиги, яъни шахсий фикр, ёндашувнинг йўқлиги. Амал-тақал қилиб ташкил қилинган аксарият ахборот хизматларига бошлиқнинг рухсатисиз маълумот бера олмайдиган кишиларнинг тайинланиши улар номига фаолият кўрсатаётганини билдиради. Аслида ахборот хизмати фақат бошлиқнинг айтганига эргашиши эмас, раҳбарни, идора ходимларини ОАВ, жамоатчилик билан кенг алоқа боғлашга чорлаши керак. Бу - ахборот хизматининг муҳим вазифаларидан бири. Рухсатсиз ахборот бера олмаса, қайси ахборотни беришни билмаса, ахборот хизмати деган ном бўлади-ю унинг ўзидан дарак бўлмайди, ўрни кўринмайди, жамиятда ҳеч қандай таъсири сезилмайди. Бошлиқнинг рухсатига кўз тикиб кун ўтказаётган ходимга ўз-ўзидан ҳеч ким мурожаат қилмай қўяди.
5-сабаб - ҳисоботларда келтирилаётган маълумотлар ишончли бўлмагани, далилланмагани, уни кенг оммага ҳавола қилганда, "хом"и чиқиб қолишидан қўрқиш. Шунинг учун ҳам аксарият туман ва шаҳар ҳокимликлари, бошқарув идоралари ахборот хизмати ташкил қилишни пайсалга солиб келишади. Сабаби, улар бугун ахборот тақдим қилиб, кейин "бошоғриқ" кўпайтиришни исташмайди. Оч қорним, тинч қулоғим, қабилида иш тутади улар.
Хуллас, ана шу каби омиллар бугун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг вилоятимиздаги бўғинларида ахборот хизматларини самарали йўлга қўйишга халал бераяпти. Бундан эса фақат уларнинг ўзи ютқазаяпти. Яъни қилинган иш аҳоли кенг қатламларига етиб бормаяпти, қозонда бўлса-да, чўмичда ҳеч нарса кўринмаяпти.
Эътибор берган бўлсангиз, биз фикрларимизни фақат бир тарафдан туриб, журналист нуқтаи назаридан баён этишга ҳаракат қилдик. Кўриб турганингиздек, бу идоралардан маълумот олишнинг ўзи бўлмаяпти. Қонун билан белгилаб қўйилган бўлишига қарамай, кичик бир ахборотга эга бўлиш ҳам қийин кечаяпти.
Энди ахборот олиш эркинлиги ҳар томонлама кафолатлаб, муҳофазалаб қўйилган журналистлар-ки шунчалик қийналаркан, оддий одамларни тасаввур қилаверинг. Улар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти хусусидаги ахборотни на электрон тарзда, на ўша даргоҳнинг ўзига бориб олади. Агар бора олишса, ахборот хизматининг йўқлигини, бўлса, бошлиқдан сўраш кераклигини айтишади. Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга экани Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, бошлиқ бу ахборот уларга нимага керак бўлиб қолганига қизиқади...
Б.ЎКТАМ