- Коммунал хизмат кўрсатиш, хусусан, тўловлар билан боғлиқ чалкашликлар аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани, истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилот орасида турли мунозараларни келтириб чиқараётгани сир эмас, - дейди вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ижрочи директори Алишер Муҳаммадиев. - Мисол учун, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатида вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари туман (шаҳар) бўлимларига 814 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Шуларнинг 236 таси табиий газ, 238 таси эса электр энергияси таъминоти билан боғлиқ.
Таҳлилларга кўра, илгари газ ёки электр энергияси етказиб берувчи таъминотчи корхоналар томонидан тайинланган назоратчилар истеъмолчи хонадонига бормасдан туриб ҳам у ишлатган газ ёки электр энергияси миқдорини тахминан ёзиб, тегишли базага киритиб қўяверган. Назоратчиларнинг ўз ишига нисбатан масъулиятсизлиги, бефарқлиги натижасида ана шундай ҳолат юзага келган. Президентимизнинг жорий йил 29 майдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиб, бюро бу борадаги муаммоли вазиятларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Эътиборлиси, Мажбурий ижро бюроси ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Тадбирда ҳар иккала ташкилот томонидан коммунал соҳадаги тўлов маданиятини юксалтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар муҳокама этилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ