Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

01.03.2017


НОТЎҒРИ ТАЛҚИНДАГИ СЎЗ

Албатта, бу тоифа ва гуруҳлар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини ҳам суиистeъмол қилиб, уларни ўзларининг ғояларига xизмат қилдиришдан тап тортмайди. Шунингдек, улар салафи солиҳларимиз ва ўтган азиз уламоларимизнинг айтган сўзларини нотўғри талқин қилишаётгани ҳам рост.

Мана шундай нотўғри мақсадлар йўлида фойдаланилаётган сўзлардан бири - “шаҳидлик” сўзидир. “Шаҳидлик” аслида муқаддас мақсадларни амалга ошириш йўлида жонни фидо қилишдир. Албатта, муқаддас мақсадлар шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши шарт. Мазкур тоифа эса ўзларининг жирканч ниятларини содир этиш учун ушбу муқаддас тушунчадан қурол сифатида фойдаланмоқда.

Бу борада расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким молини ҳимоя қилиш жараёнида қатл этилса, шаҳиддир. Ким қонини ҳимоя қилиш жараёнида қатл этилса, шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қилиш жараёнида қатл этилса, шаҳиддир. Ким аҳли-оиласини ҳимоя қилиш жараёнида қатл этилса, шаҳиддир”, деб айтадилар.

Адашган гуруҳлар эса мазкур ҳадиси шарифга мутлақо хилоф ишларни амалга оширишмоқда, яъни хорижда туриб, уларни қўллаб-қувватлаётган, ҳар хил режаларни бериб, уни амалга ошириш учун маблағ ва қурол-яроғ билан таъминлаётган кишиларнинг истаги, манфаати ўлароқ, қарши чиққан ҳар қандай киши - ота-она, диндош, миллатдош бўладими, уларни ҳалок этаяпти. Ажабланарлиси, мазкур ҳаракатларини “жиҳод” ва шу йўлда ўлишни эса “шаҳидлик” деб даъво қилмоқда.

Ушбу сўз аслида “ҳозир, гувоҳ, ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи зот” деган маъноларни англатади.

Уламолар шаҳидликни ҳақиқий ва ҳукмий шаҳидга ажратган. “Ҳақиқий шаҳид” Аллоҳ йўлида ҳалок бўлиб, унга кўра, бу шахснинг жаннатга тушиши кафолатланган, шунинг учун ҳам у дафн этилишидан олдин ювилмайди. Ушбу тоифадаги шахснинг ҳаётлик вақтидаги қилган барча гуноҳлари кечирилади, Аллоҳ ҳузурида баланд мартабага эришади.

“Ҳукмий шаҳид” эса ҳадисларда таъкидланишича, ғайритабиий ўлим топган (инсон, ҳайвон томонидан ўлдирилган, табиий офат, оғир юқумли ва ички касалликлар, заҳарланиш ёки Ҳаж вақтида вафот этган, сувда чўккан, том босган ва бошқалар) кишилардир.

Ҳанафий уламолар боғий, йўлтўсар ёки қотиллар томонидан бирор оғир ёки тиғли асбоб билан ўлдирилган мусулмонларни ҳам унинг таркибига киритганлар.

Ҳақиқий дунё ва охират шаҳидлигига – душман билан бўлган жангда Ватани, эътиқоди, миллати ва аҳли оиласининг ҳимояси учун ҳалок бўлган шахслар киритилган.

Юқорида таъкидланганидек, шаҳид – бир шахс томонидан ўлдирилган мусулмонга нисбатан ишлатилади. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон қилинса-да, барча ўринларда шаҳидлик ҳисобланмай, аксинча  ўз жонига суиқасд деб баҳоланади. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланиб, парвардигор томонидан берилган ҳаётга тажовуз қилишдек гуноҳи кабира ҳисобланади.

Дарҳақиқат, ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

Ҳозирда “ўз-ўзини ўлдириш”, яъни ҳудкушлик тушунчаси баъзи гуруҳ ёки шахслар томонидан шаҳидлик билан қориштирилган ҳолда талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатлар ҳам шахснинг ўз ҳаётига тажовуз қилиши бўлиб, динимиз таълимотига кўра ўз жонига суиқасд саналади.

Манфур гуруҳлар томонидан ўз жиноий ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирилган барча далиллар ислом уламолари томонидан қораланган ва асоссиз деб топилган.

Имом Қуртубий Қуръони карим “Нисо” сурасидаги: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!” ояти ҳақида фикр билдириб, унда инсонлар бир-бирини ўлдиришдан қайтарилган бўлса, бу шахснинг ўз жонига қасд қилишини ҳам ўз ичига олади”, дейди.

Бугунги кунда мавжуд замонавий фатволарда ҳам “Нисо” сурасининг мазкур 29-ояти асос қилиниб, ўзи ёки бошқа шахсни ўлдириш исломда қатъий ман этилгани таъкидланади. Унга кўра, бир кимса оломон ичида ўзини портлатса, биринчи навбатда, ўзи ўлади, қилган иши очиқдан-очиқ ўзини ўлдириш ҳисобланади. Қолаверса, бегуноҳ инсонлар қони тўкилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, манфур гуруҳлар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлаши ёки бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган баъзи атамалар билан номланиши ўзларининг қабиҳ жиноятларини ниқоблашга уринишдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Муҳаммади ҚОРАЕВ, Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудири ўринбосари.    

Report typo