Бир неча йиллардан буён жангари тўдалар, мамлакат ичидаги гуруҳлар ва ҳукумат кучлари ўртасида кечаётган жангларга майдон бўлиб қолаётган Суриянинг турли ҳудудларида вабо тарқалиши бошланди, уч киши касалликдан вафот этган.
Расмий Дамашқ томонидан тан олинмаган Курд автоном мухторияти Раққа ва Дайр-аз-Зор минтақаларида вабо билан касалланган уч киши вафот этгани ҳақида маълум қилган. Мухторият соғлиқни сақлаш департаменти халқаро ташкилотларни вабога қарши курашиш учун ҳудудларга ёрдам кўрсатишга чақирди, дея хабар тарқатган Rudaw телеканали.
Курдлар назоратидаги ҳудудда камида 15 та касалланиш ҳолати қайд этилган. Ўз навбатида, Сурия соғлиқни сақлаш вазирлиги Алеппо вилоятида ҳам худди шунча вабо билан оғриганлар борлигини хабар қилган.
Биринчи бемор ҳисобланган тўққиз ёшли болага тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин аллақачон уйига жавоб берилган.
Текширувлар доирасида оқова сувлар ва муз бўлаклари ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводдан вабо намуналари топилган, шундан сўнг субъект дарҳол ёпилди, дея хабар беради SANA агентлиги.
Мазкур вабо тарқалиши кўп йиллардан буён биринчи марта рўй бераяпти.