- Туман аҳолисининг ижтимоий-маиший аҳволини ўрганиш жараёнида тўй ўтказиш масаласида жуда жиддий муаммолар борлиги аниқланди, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Муборак тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аллаёров. - Айниқса, Қорақум қишлоғи ва унинг атрофидаги тўйларда хаддан зиёд дабдабабозликка йўл қўйилмоқда. Бу ҳолат дафн маросимларида ҳам кузатилаяпти. Шунга кўра, тўй ва маросимларни ташкил этиш бўйича ягона йўриқнома ишлаб чиқилди. Барча ҳудудда бир хил - камтарона тўй қилиш белгилаб олинди. Акс ҳолда маҳалла раисидан тортиб тўй эгаларигача чора кўрилади.
Йўриқнома ишлаб чиқилгани билан ҳамон дабдабанинг ортидан қуваётганлар жуда кўпчилик. Биз уларни айблаш фикридан йироқмиз. Улар ҳам йиллар давомида тўплаган давлатини ўзи истаганидек сарфлагиси келади. Гўё орзу-ҳаваслари тўй куни ушалишини хоҳлайди. Лекин...
- Қорақум қишлоғида ўғил уйлантириш жуда қийин, - дейди шу қишлоқлик Раъно Саимова. – Масалан, фотиҳа тўйидан ташқари никоҳ тўйида 35-40 килограммдан ортиқ вазндаги 6 та қўй, 6 қоп ун, ҳар бири 15-20 килограммдан конфет, парварда, новвот берилади... Раҳматли қайнотам Ўта Бозоров бир неча йил шу қишлоқда “селсовет” раиси бўлиб ишлади. У киши тўй ва дафн маросимларини ихчамлаштириш учун жуда кўп елиб-югурди. Лекин қишлоқ аҳли унга қулоқ солишмади. “Раиснинг 9 та ўғли бор. Шу сабабли у тўйларни қисқартириш учун ҳаракат қилаяпти. Бизнинг ҳам орзу-ҳавасимиз бор. Ўзимиз хоҳлагандек тўй қиламиз”, деб у кишининг йўлини тўсишди. Яна бир гап. Келинникига тўй маросими учун куёв томонидан келтирилган қўйлар ориқ ёки бошқа масаллиқларнинг чўғи салгина кам бўлса, маслаҳатга ўтирган кайвонилар олиб келинган нарсаларни қайтариб юборишгача боради. Табиийки, ҳеч ким буни хоҳламайди ва айтилган нарсаларни ортиқча олиб келса келадики, кам қилмайди. Бу ҳам тўйларимизнинг ўз-ўзидан исрофгарчилик билан ўтишига олиб келаяпти.
- Маълумки, маҳалла йиғинлари қошида тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимларни тартибга солиш бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилган, - дейди Қорақум маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сувон Келдиёров. - Комиссия аъзолари, катта тажрибага эга ёши улуғ нуронийлар, маҳалла фаоллари билан бирга тўйларни ихчам, тартибли ва камчиқим тарзда ўтказиш борасида мунтазам иш олиб бораяпмиз. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, аҳоли ўртасида ўзини кўз-кўз қилиш ёки мен ҳеч кимдан кам эмасман, қабилида иш тутиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Энди бунга чек қўйилади. Маслаҳат, кенгаш билан икки қуда келишиб, қиз ва куёвнинг оқшом базмини битта ва ихчам қилиб ўтказишади.
Айни кунларда тўй ҳақида, тўйлардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳақида кўп ва хўп ёзилиб, кўрсатувлар қилинмоқда. Тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Лекин айтган билан, ёзган билан бу муаммони осонликча ҳал қилиб бўлмас экан. Бунинг учун энг аввало ҳар бир инсон ўзини бошқара билиши лозим. Чунки бу каби ҳолатларни ўзгартириш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Кўпчиликнинг онгига буни сингдириш жуда кўп вақт талаб қилади. Қачонки инсон барча нарсаларнинг ҳисоб-китоби борлигини, исрофнинг натижаси яхшилик билан тугамаслигини англаб етмас экан, тўйларни ихчамлаштириш мушкуллигича қолаверади.
- Тўй маросимларини ихчамлаштириш бўйича олиб борган саъй-ҳаракатларимиз эвазига қўй ва унни 2 тадан қисқартиришга эришдик, - дейди тумандаги Чорвадор маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Тўрасулув Ойназарова. – Яъни 4 қўй, 4 қоп унга ҳозирча келин томон рози. Бироқ буни яна қисқартирамиз. Агар бир оилада 4-5 ўғил бўлса, кетадиган харажатни тасаввур қилиб кўринг. Энди куёв томонга ҳеч қандай “солиқ” солинмайди. Ихчам, файзли тўй ўтказамиз. Тушунтириш ишларида қиз чиқарадиган хонадонга бориб, зиёфат, йўқловлар қилманг, деб айтаяпмиз. Дафн маросимларидаги 50 килолаб ош дамлаш маросимлари ҳам қисқартирилди.
Назаримизда, кишиларга насиҳат қилиш, кўрсатма бериш осон. Аммо насиҳатни қулоққа олиш учун насиҳатчининг ўзи айтганларига амал қилиши керак. Акс ҳолда сўз ва амал бирлигига путур етади.
Халқимиз, айниқса, кексаларимиз ҳар гал дуога қўл очганида “Ҳар кимни тўйларга етказсин, хонадонимиз, юртимизда тўю томошалар кўп бўлсин…”, дея дуо қилади. Ҳақиқатан ҳам, осойишта, фаровон элга тўйлар ярашади. Яхши ният билан элга дастурхон ёзиб, икки ёшнинг никоҳ базмини ёру дўстлар даврасида нишонлашнинг гашти ҳам ўзгача. Аммо бор давлатимизни кўз-кўз қилиб, ҳаддан ташқари дабдабали тўй қилиш одатидан воз кечайлик. Ахир бу каби урф-одатларни одамлар яратади-ку, урф-одатлар одамларни эмас.
Шоҳиста БОЗОРОВА